Ўзбекистон – Европа Иттифоқи мамлакатлари ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлигининг янги босқичи.
2025-йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия ва Словенияга амалга оширган расмий ташрифи мамлакатимизнинг ташқи сиёсатдаги очиқлик ва прагматизмга асосланган янги босқичини намоён этди. Бу ташрифлар Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатлари билан стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 19–21 май кунлари Венгрияга амалга оширган расмий ташрифи давомида икки давлат ўртасидаги муносабатлар "кенгайтирилган стратегик шериклик" даражасига кўтарилди. Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 16 та муҳим ҳужжат, жумладан, саноат кооперацияси, илм-фан ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни назарда тутувчи келишувлар имзоланди .
Шунингдек, Президентимиз Венгриянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Ушбу учрашувларда, жумладан, OTP Bank, MOL Group, Wizz Air каби компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу келишувлар ҳар иккала мамлакат тадбиркорлари учун муҳим инвестиция манбалари йўналтирувчиси бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
21-май куни Президент Мирзиёев Будапештда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиб, кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Венгриядаги расмий ташрифни якунлаб, Президентимиз 22 май куни Словенияга расмий ташриф билан борди. Любляна шаҳрида Словения Президенти Наташа Пирц Мусар хоним билан бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, саноат, фармацевтика, электротехника, "яшил" энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида, жумладан, Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион еврога етказиш, Словениянинг "Копер" порти орқали Европа бозорига чиқиш имкониятларини ўрганиш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни локализация қилиш ва меҳнат миграцияси соҳасида келишувлар тайёрлашга келишилди.
Таълим соҳасида эса, Тошкентда 2026 йилда икки мамлакат университетлари ва илмий марказлари иштирокида ёшлар учун инновацион лойиҳалар форумини ўтказиш, Любляна ва Марибор университетлари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, дипломларни ўзаро тан олиш бўйича келишувларга эришилди.
Бухоро давлат университети жамоаси сифатида, мазкур расмий ташрифларнинг натижалари таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз. Хусусан, Венгрия ва Словениянинг етакчи университетлари билан қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувлар орқали талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимиз учун янги имкониятлар яратилади.
Шунингдек, мазкур ташрифлар доирасида имзоланган келишувлар асосида, Бухоро давлат университети Венгрия ва Словения университетлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, қўшма конференциялар ташкил этиш ва ўқув дастурларини янгилаш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия ва Словенияга амалга оширган расмий ташрифлари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди, Европа давлатлари билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлади ва таълим, илм-фан, маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга катта туртки берди.
Юқорида таъкидланган чора-тадбирларни қатъий ва самарали амалга ошириш, мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш hamда ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашда Биринчи проректор сифатида мен ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашимни тасдиқлайман. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат нафақат юртимизнинг халқаро обрӯ-эътиборини оширади, балки таълим ва илмий фаолият соҳаларида янги имкониятлар очади. Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан биргаликда мазкур икки мамлакат билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун зарур барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрмиз.