July 1, 2025

“ДОЛЗАРБ 90 КУН”НИ АНГЛАШ ёхуд ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг бунёдкоридир!

Бугунги глобаллашган дунёда ён-атрофимизда бир қанча давлатларда қуролли тўқнашувлар, ғоявий, мафкуравий, иқтисодий, геосиёсий урушлар, ахборот хуружлари, кибер хавфлар авж олиб бораётгани асло сир эмас. Ўз навбатида бундай инсоният бугуни ва келажагига катта таҳдид солаётган вайронкор вазиятларнинг қурбони минг афсуски аксарият ҳолларда оддий фуқаролар айниқса, ақли ва зеҳни ўткир, билагида куч-ғайрати бор, навқурон ёшлардир. Буни англаган давлатларгина ҳар қандай хавфни олдини олиш, мамлакат фаровонлиги йўлида узоқни ўйлаган стратегик ҳаракатлар, мақсаду ташаббусларни ҳаракатга келтириш чора-тадбирларини ўйлайди, амалга оширади.

Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёйэв Президентлик лавозимига киришган кунлариданоқ энг аввало “Инсон қадри”ни улуғлаш, мамлакатни бугуни ва келажаги ҳақида чуқур қайғурган ҳолда ҳар бир фуқаронинг тинч ва осуда фаровон ҳаёт тарзини таъминлаш масаласини ўта муҳим, стратегик устувор масала сифатида ёндашиб, изчил ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, ёшлар масаласини ҳеч бир давлатда кузатилмайдиган даражада юксак эътибор ва эътироф билан “Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларга таянаман”, “Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг бунёдкордир!” дея улкан ишонч билан кенг шароит ва имкониятлар яратиб бермоқдалар. Айтиш жойизки, Президентимиз лавозимга киришган кунданоқ илк имзоланган Қонун ҳам айнан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги ҳужжат бўлди. Ва қандай давлатимизни узоқ ва қисқа муддатларда ривожлантиришга мўлжаллаган стратегик давлат дастурлари, чора-тадбирлар бўлмасин, барида ёшлар сиёсати ва масаласи асосий даражага олиб чиқилмоқда.

2017-йилдан буён 30-июн куни – “Ёшлар куни” дея Ўзбекистонда нишонлаш анъанаси ёшларнинг унутилмас тарихий санасига айланди дейишга тўлиқ асослар бор. Хусусан, жорий йил 30-июн куни юртимиз раҳбарини ёшлар билан учрашуви ва уларга анъанавий тарзда кўплаб имтиёз ва қулай шароитлар яратилиши ҳақидаги хабарлар минглаб ёшларни бирдек хурсанд қилди.

Ёшлар юксак ишончни оқламоқда

Бугунги кунда “Янги Ўзбекистон – бахтиёр ёшлар мамлакати” эканлигини нафақат юртимизда, балки бошқа давлатлар томонидан ҳам коъп эътироф этилмоқда. Мамлакат раҳбарининг “Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз”, дея ёшларга билдирган юксак ишончлари фикримизнинг ёрқин намунаси. Ва ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг келажаги бўлган ёшларга улкан масъулиятни зиммасига юклайди, улуғвор мақсадлар сари чорлайди.

Бугун барча имкониятлар ёшлар учун. Булардан айримларига нигоҳингизни қаратамиз. Барча ҳудудларда Президент мактаблари ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасида 325 минг ёш ИТ соҳасига ўқитилди. “Гарвардчилар” мактаби Беруний номидаги халқаро мактаб сифатида иш бошлади. Ҳар йили 3 000 салоҳиятли ўқувчи дунёнинг нуфузли университетларига тайёрланади. СТЕМ соҳалари учун “Эл-юрт умиди” квоталари бир неча баробар оширилмоқда. Топ-300 олийгоҳга кирган ёшларга банклар томонидан 20 000 доллар имтиёзли кредит берилмоқда. “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури жорий этилди (АИ студй – 100 000 ёш). “Рақамли авлод қизлари” дастури орқали 50 000 қиз қамраб олинди. Ёшлар стартапларига 145 млн доллар венчур сармоя ажратилди (1 млрд долларгача етади). “Менинг касбим” танлови ва “моҳирлик ва бизнес соати” орқали касб танлашга кўмаклашилмоқда. “Келажак лидерлари” дастурига ҳар йили 100 нафар ёш жалб этилмоқда ва хорижий стажировкадан ўтказилмоқда. 300 миллион долларлик “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 240 минг ёшни банд этиш режалаштирилмоқда.

Давлат Раҳбарининг ёшларга бўлган бундай ғамхўрлиги ва юксак эътибори ўз натижасини, мевасини сўнгги йилларда ҳар жабҳада намоён этаётир. Ўзбекистон ёшлари топ-500 олийгоҳларга киришда Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. 30 нафар ёш дунёнинг топ-10, 500 нафар топ-100, 1 500 нафар топ-300 университетларда ўқияпти. Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. 261 та ёшлар ташкил қилган корхонанинг йиллик айланмаси 100 млрд сўмдан ошди. Сурхондарё ёшлар олийгоҳга кириш кўрсаткичида 11-ўриндан 4-ўринга чиқди. Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. Ўз олдига келажагини ўзи белгилайдиган, аниқ мақсадларини қўядиган янги авлод ёшлари юзага келмоқда.

Таълим – келажак сармояси

Бугун барча соҳалар сингари таълимга эътибор юксалди. Мактабгача таълим ва мактаб таълимининг йиллар давомида тўпланиб қолган масалалар ўз ечимини топа бошлади. Бу соҳага хусусий боғча ва мактабларнинг кириб келиши давлат ва нодавлат сектор ўртасидаги яхши маънодаги рақобат муҳитини яратди. Самараси шуки, бугун ёш авлод замонавий таълим-тарбия олмоқда. Ота-оналар фарзандини рақобатда етакчи бўлган замонавий боғча ва мактабга адолатли, рақамлаштирилган тизимлар орқали жойлаштириш имконига эга бўлди. Тошкент шаҳри ва вилоятларда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар очилиши янги авлод жадидлари, янги Ўзбекистонни барпо этадиган ёшлар тарбияланишига катта майдон бўляпти.

Жорий йилнинг январ ойида “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” доирасида юртимиз таълим тизими ютуқлари халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилиши барчамизга қувонч бағишлади. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг “Глобал ўрта мактаблар” номинациясида ғолиб топилди. Мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритди. Танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушгани айтилди. Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди. Энг қувонарли яна бир жиҳати шундаки, бизнинг ўқувчи ва бир вақтнинг ўзида ёш олимимиз ортида дунё пошоҳлари сафланди. Давлатимиз раҳбарининг ёнига туриш учун БАА президентининг шахсан ўзи ўқувчимизни қўлидан ушлаб кузатиб қўйди. Бу эса, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкори бўлган ёшимиз, мамлакатимиз қолаверса, юртимиз раҳбарининг кучига, қудратига бўлган яна бир юксак эътироф бўлди.

Ёшларимизнинг бу ажойиб муваффақияти барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, шунингдек, биз танлаган барқарор ва “яшил” ривожланиш йўли нақадар тўғри эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Юртимизда олий таълим ҳам янги даврга юз тутди. Бугун ёшларни талабаликка қабул қилинишидан тортиб олийгоҳни битириб, ишга жойлашиш, касб-ҳунар эгаллашига қадар ижтимоий назоратга олинди. Яъни, тил, касб-ҳунар билишни қўллаш ва молиявий кўмак тизими яратилди. Бу ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим жиҳатига айланди. Натижада мактабларни битирган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида дунёнинг энг нуфузли 10, 15, 20 тагача “олийгоҳига қабул қилингани ҳақида хабарлар чиқаётир. Бунга ўрганиб ҳам қолдик. Бугунги давр ёшлари ўқишини, касб-ҳунар эгаллашини, асосийси, келажакда ким бўлишини фақатгина ота-она эмас, балки иқтидори, қизиқишидан келиб чиққан ҳолда ўзлари оилавий бамаслаҳат қарор чиқарадиган бўлди. Яна бир жиҳат шундаки, ёшларимизда 10 йил олдин кам учрайдиган мустақил тан ҳуқуқи, келажак мақсадлари, орзуларини ўзлари режалаштириш каби фазилатлар шаклланиб, юксалиб боряпти.

Бугун кузатсак, Янги Ўзбекистон ёшларининг эртанги кунга ишончи баланд. Юрт корига яраш, унга муносиб фарзанд, етук кадр бўлиш, ўзи яшаб турган жамиятни барқарор ривожланадиган, фаровон ҳаёт кафолатланган давлатга айлантириш учун ўзини сафарбар этиш иштиёқи баланд. Улар дунё илмларини, тараққиётини эгалламоққа шайланган.

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат олийгоҳлар ёшлари жамиятимизнинг турли бўғинларида етакчи кадр ёки раҳбар лавозимларига кириб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Мана, мен янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!” деган минглаб ёшлар жамиятимизнинг асосий драйверига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон олий таълимининг барча йўналишлари қаторида биргина соғлиқни сақлаш соҳасида таълим бераётган олийгоҳларда нафақат ўзбек ёшлари, балки хорижий мамлакатлардан келиб таҳсил олаётган минглаб талабалар, илмий изланувчи, тадқиқотчилар бор. Бу эса тарихий анъананинг такрорланиши, яъни буюк сиймоларимиз меросини ўқитиш, ўрганиш яна ўзимизга қайтганини англатади. Бу ютуқларининг барчаси мамлакатимиздаги узоқни кўзлаб юритилаётган ислоҳотлари натижасидир.

“Долзарб 90 кун”ни англаш

Эслаймиз, 2019-йил Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларни маънавиятини юксалтириш ва уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадидаги илгари сурилган беш муҳим ташаббусни айримлар моҳиятини чуқур англай олмади. Кейинчалик Республика миқёсида 5 муҳим ташаббус йўналишларидаги вазифалар мақсадли, тизимли равишда корхона, ташкилот айниқса, таълим муассасаларида кенг йўлга қўйилиши натижасида Ўзбекистон ёшларини ҳар жабҳада қайта кашф қилдик. Айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини оммавий ҳаракатга айланиши, миллий меросимизни кенг жамоатчилик орасида қайтада жадал оммалашиши, ёшларни рақамли технологияларини жаҳон стандартларидан кам бўлмаган даражада ўрганиб бориши, чет тилларини ўрганиб дунёни забт этиши, энг асосийси, спорт соҳасида ютуқларни мислсиз даражада ошганини кундалик ҳаётимизда кўрдик, гувоҳи бўлиб келяпмиз. Биргина,
34 йиллик орзу рўёби, яъни Ўзбекистон терма жамоасини Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритишига ҳам айнан Президентимиз илгари сурган 5 муҳим ташаббуснинг 2-йўналиши: спортга бўлган эътибор ва маҳаллалардаги ёшлардан адолатли равишда футбол жамоаларини, футболчи ёшларни саралаш орқали юзага чиқди.

Муҳтарам Президентимиз юртимиздаги ҳар бир ёшни ҳар сониясини улуғвор мақсадлар, бунёдкор ишларга сафарбар этиш ва ҳар қандай радикал, вайронкор, ёт ғоялардан асраш ҳамда маънан ва жисмонан баркамол авлод бўлиб шаклланишини таъминлаш Янги Ўзбекистоннинг бош мақсадларидан бири сифатида белгилаб берганлар.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025-йил 15-май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Долзарб 90 кун” ташаббусини илгари сурдилар.

Ёшлар таълим-тарбияси худди соат механизмлари каби тўхтовсиз ҳаракат талаб қилади. Буни ҳамма замонларнинг йирик алломалари, тадқиқотлардаги таҳлиллар кўрсатади. Социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, ёшлар томонидан содир этилаётган кўплаб ҳуқуқбазарликлар, жиноятчилик ва жамиятда у ёки бу кўринишдаги тартиб бузарлик ҳолатларининг 40-50 фоизигача айнан ўқувчи, талабаларнинг ёзги таътил вақти тўғри келар экан. Таълим ташкилотларида устозлар томонидан сентябр ойидан токи май ойи охирига қадар ўқувчи, талабаларга билим, таълим улашиш билан бирга узлуксиз, тизимли равишда тарбия замонавий, ёшларбоп, интерактив услубларда бериб келинади. Минг афсуски, ёшларнинг таътил даври яъни июн, июл, август ойлари бўш вақтларини мақсадли сарфлашга қаратилган аниқ манзилли ишлар бўлмаганлиги учун ўтган йилларда кўплаб муаммолар юзага келди. Ачирнали томони шундаки, ҳар бир ҳудудда замонавий шароитларга эга йирик бино ва иншоотлар ҳам бўш турарди. Ёшлар таълим-тарбиясини кечиктирмаслик, бир сония қаровсиз қолдирмаслик даркор. Бежизга, Юртбошимиз “Ёшларнинг бўш вақти, душманнинг иш вақти”, деган огоҳлантирувчи шиорни ўртага ташламадилар. Бу ҳар бир ёшимизни турли ёд ғоялар тўғридан тўғри ёки ижтимоий тармоқлар орқали таҳдид солаётган бугунги таҳликали замонда масъулликни ошириб, уйғоқликка чақиради. Ёшлар тарбиясини эса, қаровсиз қолдирмасликка ундайди.

“Долзарб 90 кун”да ҳудудлардаги таълим муассасалари айниқса, олий таълим ташкилотларининг очиқ ва ёпиқ спорт бинолари, иншоотлари, ўқув, маданият бинолари ёшлар мактаб, лицей, техникум ўқувчиларини маънавий юксалиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш объэктлари қилиб белгиланди. Энди ўқувчилар ёз мавсумида олийгоҳлар базасидаги клублар, тўгаракларда ўз билими, иқтидорини янада ривожлантириш, юксалтириш имконига эга бўлади. Шу билан бирга, олийгоҳларга ўқишга кириш хоҳиш-истагини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги дунёнинг глобаллашув, ахборот ва мафкуравий хуружлар авж олган бир даврида Ўзбекистон тараққиёт йўлида юксак марралар сари одимлаб бормоқда. Бу борада мақсад ва вазифалар аниқ. Ҳар бир ватандошимиз, айниқса, аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ташкил қиладиган ёшларимиз янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш каби улуғвор мақсадларни рўёбга чиқаришга шайланмоғи даркор. Айниқса, “Ўзбекистон менга нима қилди”, деб эмас, балки “Мен юртим учун нима қилдим?” каби ғоялар ҳаётимизнинг шиорига айлантиришимиз керак.

Азизбек Амонов,

Бухоро давлат университети доценти