Бухорода қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади
Фотоэлектр станцияси қурилиши лойиҳаси Хитойнинг China Gezhouba Group Oversias Investment Company LTD., компанияси томонидан амалга оширилади ва 400 млн доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинади.
Бугун, 28 февраль куни вилоят ҳокими Ботир Зарипов Хитой компаниясининг инвестиция бўлими бошлиғи жаноб Чан иштирокида ўтказилган учрашувда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар кенг муҳокама қилинди. Жаноб Чаннинг қайд этишича, мазкур фотоэлектр станцияси лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Дастлаб босқичда жорий йил якунига қадар 200 МВтли станция қуриб, ишга туширилади. Навбатдаги босқич эса 2024 йилнинг 2-ярмига қадар якунланиши ва 300 МВтли станция ишга туширилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари жараёнида 1-босқичда 500-700 нафар, 2-босқичда 1200-1500 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланади.
Билдирилишича, компания вакиллари бундан бир муддат аввал вилоятимизда бўлиб, станция қурилиши учун қулай ҳудудлар билан танишган. Шунга кўра жаноб Чан лойиҳани амалга ошириш учун Қоровулбозор туманидан ер ажратилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидлади.
Ботир Зарипов ташаббус учун жаноб Чанга миннатдорлик билдиргани ҳолда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ қонунчилик талаблари ҳақида тўхталди. Давлатимиз раҳбари томонидан бевосита энергия тежамкорлигини ошириш ҳамда экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш борасида мамлакатимизда яратиб берилган имконият ва имтиёзларни батафсил тушунтирди. Айниқса, Президентимизнинг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш йўлидаги муҳим тарихий ҳужжат эканлиги қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, томонлар амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳанинг истиқболлари ҳақида фикрлашиб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати