Бухорода илк бор мураккаб аритмологик операция ўтказилди
Бирмунча мураккаб жарроҳлик операцияси деганда, албатта, наркоз, анестезия, чуқур тиғ кесиш ва яна шу каби кишини беихтиёр қўрқувга соладиган жиҳатлар эсланади. Аммо куни кеча республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ўтказилган юқори технологияли мураккаб операция айтиш мумкинки, наркозсиз, жароҳатларсиз ва бор-йўғи 30 дақиқада бажарилгани билан аҳамиятлидир. Бир неча йилдирки, юрак қон-томир касаллиги билан оғриб, турли даво муолажаларини олиб келаётган 64 ёшли Ғофур Шарипов атиги икки сантиметрли кесма билан оғир хаталикдан халос бўлди.
— Очиғи, бундан беш-олти йил олдин Бухорода болалар ёки катталарда юрак, жигар, буйрак, ўпка операциялари амалга оширилади, дейилса ким ишонарди ?! Бор-будини сотиб ёки қариндош-уруғидан қарз-ҳавола қилиб беморини Россия, Ҳиндистон, Исроил ва бошқа давлатларга олиб югурган юртдошларимиз каммиди?! Бунга имконияти бўлмаганлар-чи, Яратгандан нажот кутишдан бошқа қўлидан нима келарди?! Ихтисослашган ёрдамдан фойдаланиш учун пойтахтга қатнаганлар, ордер учун навбатда турганлар қанча эди ?! Энди бундай овворагарчиликларга барҳам берилмоқда. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда ўзимизда малакали маҳаллий шифокорлар томонидан барча замонавий талабларга жавоб берадиган, юқори технологияга асосланган ускуналар ёрдамида бажарилмоқда, – дейди республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали директори Тоҳир Мусоев. — Филиалимизда вилоятда илк маротаба юракка уч камерали кардиоресинхронловчи терапияли кардиовертер-дефибриллятор (CRT) аппарати ўрнатилди.
Бу аппарат юрак етишмовчилигини даволаш ва ҳаёт учун хавфли аритмиялар, қоринча тахикардияси ёки қоринча фибрилациясини бостириш учун мўлжалланган комбинацияланган қурилма ҳисобланади. Бундан CRT функциясига эга юрак стимуляторлари беморларда юракнинг синхрон қисқаришини тиклашга ва натижада юрак етишмовчилиги билан боғлиқ аломатларни йўқотишга хизмат қилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, CRT имплантациясидан сўнг беморларнинг умумий аҳволи ва ҳаёт сифати яхшиланади, жисмоний зўриқишларга чидамлиликни оширади.
Айтиш жоизки, мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган бемор Ғофур Шарипов бир неча йил ҳаво–нафас етишмаслик ҳисси, тез чарчаш, ҳансираш, кучли умумий ҳолсизлик каби шикоятлар билан пойтахт ва хорижий клиникаларда шифо истаб, овора бўлган, иқтисодий қийинчилик туфайли охир–оқибат РШТЁИМ Бухоро филиалига мурожаат қилишга мажбур бўлган ва бу ҳаракати туфайли эндиликда у дардидан фориғ бўлиб, тузалиш йўлига ўтди. Операциядан сўнг бемор ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда ва тиббиёт ходимларидан миннатдор.
Умуман, бу янгилик ва эришилаётган ютуқлар юртимизда шифокорлар меҳнатини қадрлаш ва улар учун муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш, аҳоли саломатлигини асрашда соҳага илғор ва замонавий технологияларни кенг тадбиқ этишга доимий равишда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани туфайлидир. Хусусан, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг барча босқичлари, хоҳ у олис бир қишлоқ ҳудуди, хоҳ шаҳар маркази бўлсин, барча учун бирдек шарт-шароит яратилаётгани, олиб борилаётган ислоҳотлар РШТЁИМ Бухоро филиалида ҳам мураккаб ва ноёб кардиологик, нейрохирургик ва бошқа жарроҳлик амалиётлари юқори даражада амалга ошириш имконини бермоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати