February 27, 2023

Энг асосий талаб бу —  натижадорлик!

Жадаллик билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда ҳар қандай ресурсларнинг аҳамияти ошиб бормоқда. Жумладан, инсон ресурсларига бўлган талаб ва уни ривожлантириш барча ресурсларга қараганда энг аҳамиятлиси ҳисобланади. Инсон ресурслари авваламбор, унинг замон билан ҳамнафас бўлиши, замон талабларига жавоб берадиган компетенцияларни эгаллаши ва доимий ривожланишга интилувчан бўлишини талаб этади.

Давлат фуқаролик хизматчилари эгалланган билим ва кўникмаларини амалий фаолиятда самарали қўллай олиши ҳозирги замон хизматчиларига қўйиладиган асосий талаблардан ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизмати тизимида фаолият самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, уни баҳолаш тизими йўлга қўйилмоқда. Энг асосий талаб натижадорлик эканлиги белгилаб берилди.

Фаолият самарадорлигини баҳолаш тизими халқаро тажрибада қўлланилиб келинаётган метод ҳисобланиб, Ўзбекистонда ҳам ушбу тизим давлат фуқаролик хизмати тизимига босқичма-босқич жорий этиб келинмоқда.

Давлат фуқаролик хизмати тизимида ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) ёки халқаро атама KPI (Key Performance Indicator) тизими орқали баҳоланиб борилмоқда. KPI - муайян иш доирасидаги самарадорлик (муваффақият) кўрсаткичи ёки муайян вазифани ҳал қилиш кўрсаткичи. Агар KPIдан амалда фойдаланишни кўриб чиқсак, унда кўпинча бу кўрсаткич маълум бир ишнинг умумий самарадорлигини иложи борича содда ва қулай тарзда ўлчаш учун турли корхоналарда қўлланилади. Умуман ташкилот ва унинг бўлинмалари ва ходимларини KPIдан фойдаланиб ўз ишларини тезроқ, самарали ва масъулият билан бажаришга ундаш мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида KPI (асосий ишлаш кўрсаткичи ёки муҳим самарадорлик кўрсаткичи) тизимига асосланган баҳолаш ва ҳисобдорлик тизимини жорий этиш ташкилотларнинг маҳсулдорлиги ва самарадорлигини ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

KPI – бу ташкилот ва ходимнинг стратегик мақсадларига эришишда самарадорлигини белгиловчи коэффициент яъни, эришилган натижаларнинг миқдорий жиҳатдан ўлчанадиган кўрсаткичи ҳисобланади. KPIдан фойдаланиш корхонага фаолиятнинг ички механизмларини кўриб чиқиш ва уларни такомиллаштириш имконини беради.

KPI - ходимлар, бўлимлар ва бутун муассасада ишчанлик фаоллигини назорат қилиш шароитини яратади. Бошқача айтганда, бу тизим ютуқлар даражаси ва унга эришиш учун қилинган харажатлар даражасини ўзида акс эттирувчи фаолият натижадорлигининг муҳим кўрсаткичидир.

Давлат ташкилотининг меҳнат унумдорлиги самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичи бўлиб, самарадорлик эришилган натижалар ва сарфланган ресурслар ўртасидаги нисбат, режалаштирилган натижаларга эришиш даражасидир.

Давлат бошқаруви фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги омилларга боғлиқ:

– ҳар бир давлат органининг аниқ мақсади (вазифаси), таркибий бўлимлар ўртасида вазифалар, функциялар ва жавобгарликнинг аниқ тақсимланганлиги;

– функцияларнинг бажариш механизмлари мавжудлиги;

– фаолиятнинг аниқ режалаштирилганлиги;

– меҳнат шароитларининг яратилганлиги;

– малакали мутахассислардан иборат персонал билан тизимли ишлаш, самарали ва адолатли рағбатлантириш (иш ҳақи, мукофотлар ва бошқалар);

– давлат фуқаролик хизматчиларининг меҳнат унумдорлигини баҳолаш мезонлари мавжудлиги;

– баҳолаш натижаларига кўра таклифларни ишлаб чиқиш билан давлат органлари фаолияти самарадорлигини пасайтирадиган муаммоларни аниқлаш имконияти мавжудлиги бу тизимнинг энг аҳамиятли томонларидан ҳисобланади.

Халқаро тажрибага назар солсак, бу борада Америка Қўшма Штатлари KPI усулининг аждоди ҳисобланади.

Шундай қилиб, 1960-1970 йилларда Қўшма Штатларда "Мақсадлар Бўйича Бошқариш" методологияси яратилди ва кейинчалик жуда машҳур бўлди. Унинг ёрдами билан ҳар бир ходимнинг шахсий ютуқлари баҳоланиб, асосий эътибор ходимнинг маълум вақт давомида, одатда бир йил давомида бажарган ишининг натижаларига қаратилди. 1970-йилларда ушбу методология ходимларни баҳолаш ва рағбатлантиришнинг универсал усули ҳисобланар эди.

1980 йилларда “Ишлаш Менежменти” деб номланган техника яратилди. Шу билан бир қаторда, у "Ишлаш Бошқаруви" ёки бизга маълум бўлган KPI тизими деб таржима қилинади. Ушбу услуб нафақат натижани, балки унга қандай эришилганлигини ҳам баҳолашга қаратилган, яъни ходимнинг шахсий фазилатлари баҳоланган. KPI тизими ходимнинг кенг кўламли самарасини баҳолашни англатган.

Шунингдек, Австралия давлат бошқаруви тизими вертикал бўйсуниш тизимига бўлинган бўлиб, улар республика, вилоятлар (штатлар) ва туманлар таркибидан иборат. Ушбу тизимнинг қуйи бўғинида 560 га яқин маҳаллий ҳокимиятлар ўз фаолиятини олиб боради. Австралияда давлат бошқаруви тузилмалари фаолиятини баҳолаш ва мониторинг қилиш бўйича ислоҳотлар жараёнлари 1980 йиллардан бошланган. Бунда асосий эътибор аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатиш, маҳаллий бюджет харажатларидан самарали фойдаланиш(тежаш), давлат хизматчиларининг ўз функция ва вазифаларига муносиб равишда фаолият олиб боришлари, бир сўз билан айтганда, маҳаллий ҳокимият фаолиятига оид барча ресурслар (input) ва уларнинг натижалари (output) бўйича асосий фаолият кўрсаткичларини баҳолаш ва ҳисобот юритиш тизимларига қаратилган. Мазкур ислоҳотлар тизими бошқарувнинг жараёнли ҳисобдорлик тизимидан фаолият бўйича ҳисобдорлик тизимига ўтиш босқичини бошлаб бериб, бу борада тадқиқотлар олиб борилишига жуда катта таъсир кўрсатди. Айниқса, фаолият самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш, баҳолаш ва ҳисобдорлик тизимлари бўйича тадқиқотлар олиб бориш муҳим амалий аҳамият касб этди. Мазкур йўналишда давлат ва хусусий сектор фаолиятларининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари, молиявий ва номолиявий ўлчов мезонлари орқали аниқлаш, белгилаш, баҳолаш ва ҳисоботини юритиш борасида турли хил ёндашувлар, усул ва воситалар ҳамда механизмлар илгари сурилди. Мана шундай ёндашув, усул ва воситалардан бири давлат бошқаруви органлари фаолиятида маъмурий буйруқбозликка асосланган фаолият ёндашувидан бозор механизмларига асосланган давлат хизматларини кўрсатиш фаолият ёндашувига ўтилганлигидир. Австралия маҳаллий ҳокимликлар тажрибасида қуйидаги KPI кўрсаткичларидан кенг фойдаланилади: жамоатчиликнинг ҳокимлик маслаҳат хизматларидан қониқиши ва уларнинг кенг жалб қилиниши; Жамоатчилик кенгаши вакилининг(раисининг) ҳокимлик кенгашларида иштироки; Жамоатчиликнинг кенгаш қабул қилган қарорларидан қониқиши; маҳаллий аҳамиятдаги йўллар фойдалилигини стандартлаштириш; йўл қурилиш харажатларининг самарадорлиги; йўллардан фойдаланувчиларнинг қониқишлари; аҳолининг маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича эътирозлари; аҳоли пункларининг маиший чиқиндилар солинадиган контейнерлар билан таъминланганлиги; маиший чиқиндиларга хизмат кўрсатиш харажатларининг самарадорлиги; мол-мулкни баҳолаш харажатларининг самарадорлиги; маҳаллий бюджет профицити ёки тақчиллиги кўрсаткичлари ва ҳоказо.

Ривожланган хорижий мамлакатларда бундай тизимнинг қўлланиши ижобий натижалар бермоқда. Ходимларнинг фаолиятини KPI кўрсаткичлари асосида баҳоланиши тизим ва ходимнинг ривожланиши учун замин яратяпти. Мазкур мамлакатлар давлат органларининг фаолият тузилмаси самарадорлигини оширишнинг жуда муваффақиятли усулларини ўзлаштирган ва ҳаракатларнинг янги моделларини яратган. Хусусан, мутахассисларимизнинг ўрганиш ва хулосаларига кўра Австралия, Буюк Британия, Бельгия, Янги Зеландия, Франция, Германия, Нидерландия, Канада каби давлатлар тажрибасида KPI тизими ўзига хос муваффақиятли қўлланилган бўлиб, Ўзбекистонда ҳам мана шундай ривожланган давлатлар тажрибалари чуқур ўрганилган ҳолда ушбу тажрибалардан келиб чиққан моделларни давлатимизда ўзига хос қўллаш бўйича тадбирлар давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, халқаро тажрибада кўрилгани каби самарадорликнинг KPI тизимида корхона менежменти ва ходимлари фаолияти сонлар орқали ўлчанади. Индикаторлар бўйича ҳисобот тайёрлангач, режалаштирилган мақсадга қанчалик даражада эришилгани, режалар қай даражада аниқ ва тўғри қўйилганини баҳолаш мумкин. Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари натижаси стратегик ва тактик мақсадларга тузатишлар киритишга кўмак беради.

KPI корхона, ташкилот, муассаса ва ходимларга нисбатан қўлланилади ва корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг мотивацияли ва самарали тизимини кўрсаткичлар орқали кўриш имконини беради, бироқ бунда кўрсаткичларни ҳисоблашнинг имкони бўлиши зарур. Бу жараённинг бошқа тизимлардан афзаллиги шундаки, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини кўтариш мақсадида ўрнатилган тартибга кўра, моддий рағбатлантириш ходимлар фаолиятининг самарадорлигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлиши керак бўлади.

Ташкилот томонидан ходимларнинг KPI натижалари таҳлили кўриб чиқилиб, улар натижаларининг қанчаси юқори, етарли, етарли эмас, ўрта, паст ва қониқарсиз даражада эканлиги аниқланади. Раҳбар самарадорлиги юқори бўлган ходимларни рағбатлантириб, “паст” ёки “қониқарсиз” даражада эканлиги аниқланган ходимларига тегишли таъсир чоралар кўриши мумкин бўлади.

Ҳозирда, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан туман(шаҳар) ҳокимлари ўринбосарларни энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлар ҳамда сектор раҳбарлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, ушбу йўналишда samaradorlik.uz тизими жорий қилинган. Мазкур тизим орқали барча давлат фуқаролик хизматчиларини самарадорлик кўрсатгичларини баҳолаш ишларини амалга ошириш мақсадида тизимда доимий такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Вилоят миқёсида туман(шаҳар) ҳокими ўринбосарлари ва секторлар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг 2022 йил якунлари бўйича ҳосил бўлган таҳлилий ҳисоботлари жорий йил 22 февраль куни Бухоро вилояти ҳокими ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинди. Йиғилиш якунлари билан юқори натижадорликка эришган туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарларини белгиланган тартибда қимматбаҳо совғалар ва пул мукофотлари билан тақдирлаш, самарадорлиги паст бўлган туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари ва ҳоким ўринбосарлари огоҳлантирилиб, уларнинг жорий йил биринчи чорак якунлари бўйича фаолияти самарадорлиги паст бўлган тақдирда уларга нисбатан қатъий таъсир чоралари қўлланилиши бўйича қарор қабул қилинди.

Мизробжон Самадов, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали Кадрлар маъмуриятчилиги бўлими етакчи инспектори