February 24, 2023

Давлат фуқаролик хизматчилари сиёсий–маърифат соатида

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида ҳафтанинг ҳар жума куни, вилоятлар ва шунингдек, барча шаҳар ва туманлар ҳокимликлари масъул ходимлари учун мунтазам ташкил этиб келинаётган сиёсий маърифат соатининг бугун, навбатдаги сабоғида давлат фуқаролик хизматчиларига якунланаётган ҳафтада юртимиз сиёсий–ижтимоий ҳаётида рўй берган воқеа-ҳодисалар, Президент ҳамда ҳукумат қарорлари, хорижда юз бераётган муҳим янгиликлар мазмун–моҳияти ҳақида атрофлича ахборот берилди.

Ўтган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошланган ташриф давомида давлатимиз раҳбари Бухоро туманидаги "Работиқалмоқ" маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.

Бу ерда 9 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қуйи тизимдаги манзилли ишлар натижаси бу маҳаллада ҳам намоён–тадбиркорлик ривожланиб, иш ўринлари кўпаймоқда. Хусусан, илгари фойдаланилмай ётган майдонда тикувчилик корхонаси барпо этилди. 30 дан ортиқ хотин-қиз ўз маҳалласида ишли бўлди. Яқинда иш бошлаганига қарамай, корхона 100 мингта трикотаж маҳсулотлари учун буюртма олган. Давлатимиз раҳбари мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ишчилар билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллада яратилган шарт-шароитни кўздан кечирди ва шу ерлик Бахтиёр Пўлатов хонадонида меҳмон бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида саноатни ривожлантириш ва энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилиш аввалида 6 та янги корхонани ишга тушириш маросими бўлди. Улар–– Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон ипак тола”, Бухоро шаҳридаги “Лайхтер Камалак Текстайлен”, Жондор туманидаги “Аржумандбону чорваси”, Ғиждувон туманидаги “Усмон Шер Шамшод”, Ромитан туманидаги “ВБМ Ромитекс” корхоналари ва Бухоро шаҳридаги тўрт юлдузли меҳмонхонадир. Ипакчилик, тўқимачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва туризм тармоқларига ихтисослашган бу мажмуаларда 3 минг 500 та янги иш ўрни очилмоқда. Умуман, буларнинг натижасида вилоят ишлаб чиқаришига 850 миллиард сўм қўшилади.

Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни расман ишга туширди. Йиғилишда Бухорода энергия таъминотини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Туманлардаги янги захираларни ишга солиб, саноатни ривожлантириш кераклиги қайд этилди. Сўнгги беш йилда Бухорода 31 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 3 мингдан зиёд корхона ишга тушган. Ишлаб чиқариш 4,3 бараварга кўпайган. Бу кўрсаткич 2022 йилда 27 триллион сўм бўлган. Саноат экспорти 200 миллион долларга етган.

Жорий йилда Бухорода 880 миллион долларлик 703 та корхонани ишга тушириб, 15 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларга 220 миллион доллар кредит ва инфратузилмасига 100 миллиард сўм ажратилмоқда. Президент ҳар бир туман ҳокимига қўшимча захира топиб, яна камида 50 миллион доллар инвестиция олиб келиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро туманидаги «Aksa Enerji Bukhara» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишга туширилган иссиқлик электр станцияси, шунингдек, Шофиркон туманидаги “Бухара Азтекс” тикувчилик корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди, Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасини бориб кўрди ва мутасаддиларга ўз тавсия ва топшириқларини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20-21 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон ва Миср нафақат мамлакатларимиз ўртасида, балки икки минтақа орасида мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этиш ниятида. Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот бердилар.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар–Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Президентимиз буюк аллома бобомиз Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдирди.

Шунингдек, жорий ҳафтада Президент раислигида рақамлаштириш бўйича 2023 йилги вазифалар ва режаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳокамада сўнгги уч йилда IT соҳасига қаратилган жиддий эътибор натижасида маълум ўзгаришларга эришилгани таъкидланди.

Масалан, ўтган йилда IT Park резидентлари 5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатди (2021 йилда 2,5 триллион сўм), 140 миллион долларлик хизматларни экспорт қилди (2021 йилда 50 миллион доллар). Шу билан бирга, мавжуд 715 та давлат хизматидан 370 таси рақамли платформага ўтказилиб, бу хизматлардан ўтган йили 12 миллион аҳоли фойдаланди (2021 йилда 9 миллион бўлган).

Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини, IT хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларгача ошириш режа қилинганини қайд этди. Йиғилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.

IT соҳада дастурий маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳам, экспортда ҳам ҳудудлар кесимида номутаносиблик кузатилаётгани, асосий қисм Тошкент шаҳрига тўғри келаётгани кўрсатиб ўтилди. Салоҳияти юқори бўлган Навоийда атиги 20 минг доллар, Бухоро ва Тошкент вилоятларида бор-йўғи 170 минг долларлик экспорт бўлган. Қорақалпоғистон ва Сурхондарёда ҳам иқтидорли ёшлар кўплиги, лекин уларга шароит йўқлиги учун IT хизматлари ривожланмаётгани таъкидланди. Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятида ҳалигача IT парклар ташкил этилмагани танқид қилиниб, бу борадаги ишларни жадаллаштиришга топшириқ берилди.

Шунингдек, сиёсий маърифат соатида давлат фуқаролик хизматчилари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, психология фанлари номзоди Рухсора Қудратуллаеванинг “Давлат хизматчиларида стрессга бардошлиликни ошириш” мавзусидаги маърузасини тингладилар.

Навбатдаги сиёсий маърифат соатида ҳозир бўлган жумладан, вилоят ҳокимлиги аппарати ходимлари, шунингдек, шаҳар ва туманлардаги ҳокимликлар, тегишли ташкилот, идора ва муассасалар масъул мутассаддиларига “Мутолаа вақти” рукнида таниқли иқтисодчи Лариса Бракованинг 2011 йилда чоп этилган “Грузия муваффақиятга қандай эришди?” деб номланган китоби тавсия қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати