February 13, 2023

Когон тумани: иссиқхонада қулупнай етиштирилмоқда

Томорқасини яшнатиб, ҳар қарич экин еридан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил етиштираётган меҳнатсевар оилаларга ҳавас билан қараб келинган. Негаки, улар пешона тери эвазига қўлга киритаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мева–сабзавот ҳисобидан оилалар эҳтиёжини қондириб, эл дастурхонини тўкин қилиш баробарида хўжаликларига қўшимча даромад олиб келишмоқда.

Статистик маълумотлардан кўринишича, 2022 йил деҳқончилик мавсумида Когон туманида истиқомат қилаётган 20 минг 928 та хонадоннинг жами 2 минг 122 гектарга етган томорқа еридан 239 гектарида картошка, 1 минг 168 гектарида помидор, бодринг, карам, пиёз, сабзи, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулоти, 53 гектарида қовун, тарвуз, қовоқ ва бошқа полиз маҳсулоти, 84 гектарида ловия, мош каби дуккакли ўсимликлар, 4 гектарида соя, кунгабоқар каби мойли экинлар етиштирилгани аҳоли кундалик талабини қоплашга хизмат қилмоқда.

Айни кунда аҳоли томорқа ерларида бораётган фаолият, иссиқхона хўжаликларида "Бир маҳалла––бир маҳсулот" тамойили асосида маҳсулот етиштириш самарадорлигини ўрганаётган вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Хуршид Болтаев Когон тумани Сараён маҳалласида яшовчи, “Намунали томорқачи” кўкрак нишони соҳиби Саид Нарзиевнинг иссиқхонасида бўлиб, қулупнай етиштириш агротехникаси билан танишди.

Мутахассислар фикрича, маҳаллий шароитда қулупнайни баҳор, ёз ва куз фаслларида экиш яхши ҳосил олиш гарови. Кам қор ёғадиган ва кузда тез совуқ тушадиган вилоятлар қаторида Бухорода ҳам ёз ойларида қулупнай кўчати экиш тажрибаси бор. Бундан кеч экилганда ўсимликнинг қишга бардошлилиги камаяди ва келгуси йили ҳосил кам бўлади. Бироқ кузда экилган кўчатлар ҳам яхши тутиб кетади. Миришкор деҳқон Саид Нарзиев ҳам иссиқхонани тайёрлаш билан банд бўлиб, Кореядан келтирилган “сон хянь” ҳамда Голландиянинг “виктория” серҳосил навларини Тошкентдан олдириб, экишни сентябрь ойида бироз кечикиб бўлсада якунлаган.

— Айни кунда 6 сотихдан иборат иссиқхонамизнинг 4 сотихида маҳалладошларимиз томорқалари учун эрта баҳорда экишга мўлжаллаб помидор ва булғор қалампири кўчатларини етиштираётган бўлсак, қолган 2 сотихда қулупнай етиштириш ҳаракатидамиз, – дейди миришкор томорқачи Саид Нарзиев. — Бу ерда ҳозир 2 минг тупдан ортиқ қулупнай ниҳоли бўлса, унинг ҳар тупидан пешма-пеш 600–700 грамга етказиб ҳосил олишни кўзлаганмиз.

Бу якунда 1 тоннадан ошиқ маҳсулот––хушхўр қулупнай дегани. Бозорда тансиқ бу неъматнинг ўртача баҳоси шу кунларда 120–150 минг сўмдан кам эмаслигини мулоҳаза қилсак, қўлга киритиладиган даромад чўғини чамалаш қийин эмас. Муҳими, мўъжаз иссиқхонада етиштирилаётган кўчатчилик ва бошқа алмашлаб экишлар ҳисобидан ҳар мавсумда 35-40 миллион сўмга етказиб даромад олинаётгани таҳсинга лойиқ. Бу жараёнда туман “Томорқа хизмати” МЧЖ эса Саид Нарзиев сингари миришкорларга ўз хизматлари билан яқиндан кўмаклашмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати