February 22, 2023

“AGROPRO EXPO-2023”: Мақсадли аудитория билан учрашув ўтказиш учун муҳим майдон

Кеча, 21 февраль куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар марказида “AGROPRO EXPO-2023” иккинчи агросаноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқилган илғор технологиялар, қишлоқ хўжалиги технологияси учун захира материаллар, ҳар хил суғориш тизимлари, фермер хўжаликлари учун автоматлаштириш тизимлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида фойдаланиладиган замонавий технологиялар намойиш этилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан қўйиладиган масалаларни комплекс ҳал этиш мақсадида банклар ва лизинг берувчилар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Мазкур тадбирнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров бошчилигидаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи, Фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бошқармаси бошлиғи, Ўзагролизинг вилоят бошқармаси бошлиғи, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш Агентлиги, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Вобкент, Ромитан, Когон ва Ғиждувон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда йирик фермер хўжаликлари раҳбарларидан иборат делегация аъзолари ҳам иштирок этди.

Кўргазманинг дастлабки кунида делегация аъзолари, кластер ва фермер хўжаликлари томонидан вилоят тупроқ иқлим шароитига мос бўлган кўчатлар ва уруғлар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келиш бўйича қизиқишлар билдирилиб, музокаралар олиб борилди, шартномалар тузиш чоралари кўрилди. Маълумотларга кўра, жорий йилги кўргазмада 150 дан ортиқ корхона ва компаниялар ўзларининг 2 мингдан ортиқ маҳсулот ва хизматлари билан қатнашмоқда. Мазкур кўргазмада “Бухоро Агрокластер” МЧЖ таркибидаги “Lattico” сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Ўтган йили ташкил этилган кўргазмада 100 дан ортиқ корхона ва компаниялар мингга яқин маҳсулотлари билан иштирок этиб, 200 млрд сўмллик шартномалар тузилишига эришилган. Бу йил эса иштирокчилар ва маҳсулот ҳамда хизматлар сонининг ортиши натижасида 800 млрд сўмлик шартномалар тузилиши кутилмоқда. Кўргазма доирасида қишлоқ хўжалиги форуми ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда агросанат мажмуасини ривожлантириш, лойиҳаларни молиялаштириш, ҳамкорликдаги ишлар, логистика сақлаш ва бошқа мавзулар муҳокама қилинади.

“AGROPRO EXPO-2023” кўргазмаси 23 февралга қадар давом этади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати