Шофиркон: Денов, Тезгузар ва Паттахонда ҳам ипак қурти парвариши авжида
Ўтган йилги мавсумда Шофиркон туманида биолабораторияларида жонлантирилган 3 минг 524 қути ипак қуртидан баҳорги ва кузги мавсумда анча баракали, яъни 216 тоннага етказиб саноат учун қиматбаҳо хом ашё етиштирилган ва бу борадаги режа 107 фоизга бажарилган, якунда “кумуш тола” хирмонидан 5,5 миллиард сўмга яқин даромад олинган. Бунда тумандаги 1 минг 600 дан ортиқ оилавий звенонинг хизмати катта, албатта. Жорий йилда эса ҳудуддаги 37 та биолабораторияда ҳар икки мавсумда 3 минг 706 қути ипак қурти жонлантирилаётган бўлса, шундан айни баҳор мавсумида 80 фоизга тенг, яъни 2 минг 965 қути ипак қурти касаначилар орқали парваришланмоқда.
Шу кеча-кундузда мавжуд барча куч ва имконият дастлабки мавсумда 193 тоннага етказиб хирмон кўтаришга қаратилган. Бу ҳар бир қути ҳисобидан ўртача 65 килограм пилла деганидир. Бултурги тажрибадан кўринишича, ҳудудда бир қутидан 90 килограмга етказиб ҳосил етиштирган оилалар талайгина эди.
— Жонлантириш жараёнида ҳар бир биолабораторияда бир мутахассис-инкубист ва унга икки ёрдамчи, жами 111 кишилик жамоа меҳнати билан тумандаги 1 минг 644 та оилавий звено ҳамда фермер хўжаликларига уруғ тарқатилди, — дейди масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Агропилла” Шофиркон тумани бўлими бошлиғи Иброҳим Ашуров. — Ҳар қути ипак қурти учун касаначига 500 минг сўмдан рағбат пули тарқатилган бўлса, жойларда ҳар 250 қути ипак қурти парваришини талаб даражасида ташкиллаштириш учун масъул, 12 та агроном тайинланди. Шу ўринда айтиш жоизки, қимматбаҳо саноат хом ашёси учун биринчи галда озуқа базаси сифатида тут плантациялари кенгайтирилаётгани муваффақият манбаидир. Айни мавсум олдидан туманда 992 минг туп тутдан иборат плантация заҳира қилиниб, жойларда фермерлар томонидан пиллакорларга тақсимлаб берилган бўлса, ўтган йил якуни ва жорий йил эрта баҳорида хўжаликлар контурларида яна 553 минг туп тут кўчати ўтқазилиб, тутзорлар кенгайтирилмоқда. Бу плантация ҳам уч йилда ипак қурти учун озуқа манбаига айланади.
Умуман, пилла озуқаси борасида давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда қабул қилинган тегишли қарорига мувофиқ, жумладан туманда тутзорни кўпайтириш мақсадида 400 гектар ер майдони ажратилиб, ташаббускор 562 та оилавий касаначига 30 сотихдан 1 гектаргача ер майдони ажратиб берилган. Бу ерда улар белгиланган миқдордаги тут кўчатларини экиб етиштириш баробарида, қатор ораларида сабзавот ва озуқабоп маҳсулотлар етиштиришлари, ўз моддий манфаатдорликларини таъминлашлари мумкин. Қолаверса, тутзор барпо этишда ташаббус кўрсатаётган касаначилар ҳар мавсумда ипак қурти парваришлаб, “кумуш тола” хирмонига ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшмоқдалар.
Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Элёр Эргашев ва буюртмачи томони—“Ғиждувон ипак тола” МЧЖ нинг тумандаги вакили Иброҳим Ашуровлар пиллакор миришкорлар хонадонларида бўлиб, улар дуч келишаётган ташвиш ва муаммоларини ўрганмоқдалар. Куни кеча Тезгузар ҳудудидаги пилла етиштириш маскани ва унда етиштирилаётган 5 қути ипак қурти ривожи, қолаверса, 17 гектар тутзордан фойдаланиш аҳволига эътибор қаратилди. Ҳудуд агрономи Шуҳрат Тоҳиров, пиллачи Зулайхо Ҳамдамовалар билан суҳбатда пилла етиштириш агротехникаси борасида сўз борди. Бунда “кумуш тола” бунёдкорлари 5 қутидан 400 килограмга етказиб сифатли пилла олишни мақсад қилишган. Режадан ошиқча етиштирилган ҳар килограм пилла хом ашёси учун қабул маскани тарозиси бошида 40 минг сўмдан ҳақ тўланиши миришкорлар иштиёқини кучайтираётгани тайин.
Сабзикор қишлоғида яшовчи Дилфуза Болтаева ҳам тажрибали пиллакорлардан, оила аъзолари билан биргаликда хонадон бекаси айни пайтда 3 қути ипак қурти парваришламоқда.
Мўлжал эса камида 250 килограмлик хирмон кўтариш. Қолаверса, бу миришкор оила намунали томорқачилардан ҳам. Ҳовлидаги томорқада 2 сотих майдонда картошка, яна шунча ерда помидор, пиёз ва бошқа маҳсулотлар экиб етиштирилмоқда.
Денов ҳудудидаги “Паттахон” МФЙ да тажрибали деҳқон Носир Ражабов раҳбарлигидаги "Ражабов Носир Салимович" фермер хўжалиги пахта ва ғаллачилик тармоғида фаолият юритиб келади. Шунинг баробарида жамоа аъзолари, йигирмага яқин оилада айни кунда 30 қути ипак қурти 3 ёш оралиғида парваришланмоқда.
Миришкорлар меҳнатга яраша “кумуш тола” хирмонини 2 тоннага етказишга аҳд қилишган ва айни пайтда агротехник тадбирларни талаб даражасида олиб бормоқдалар. Бунда уларга кўп йиллик ипак қурти боқувчилар Амина Аҳмедова ҳамда Гулшан Пўлатовалар, қолаверса, тажрибали агроном Олима Ҳусеновалар яқиндан кўмаклашмоқдалар. Улар сингари ишни намунали ташкил қилганларга эсдалик совғалари берилди. Дарвоқе, шу хўжаликдаги 5 гектардан ошиқ майдонда кеч куздан бошлаб 1 минг тупдан ортиқ тут кўчати ўтқазилиб, ипак қурти учун озуқа манбаи яратилаётгани ҳам пировардида пилла ривожи, миришкорлар моддий манфаатдорлигига хизмат қилади, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати