Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятига қилган ташрифларини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат этишдан бошлади. У ерда Қуръон тиловатидан сўнг Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
Ундан кейин вилоятнинг эътиборга сазовор жойларини кўздан кечириб, мутасадди ва масъулларга қимматли маслаҳат ва кўрсатмаларни бериб ўтди.
Куннинг иккинчи қисмида юртбошимиз Бухоро шаҳридаги Арк яқинида қад ростлаган ва яқинда фойдаланишга топширилган 200 ўринга мўлжалланган Мир Араб олий мадрасасини бориб кўрди. Ушбу мадраса давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда жами 107 нафар талаба таълим олмоқда. Ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва хизмат уйи, спортзал ва бассейнда барча қулайликлар яратилган. Давлатимиз раҳбари мадраса мударрислари билан бир қаторда талабалар билан суҳбатлашди.
“Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам. Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни тажрибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Олимлар билан суҳбатда диний таълимни янада ривожлантириш, таълим самарадорлигини ошириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлиги таъкидланди.
Суҳбат жараёнида “Охирги йилларда ҳамма соҳалар қатори дин бўйича ҳам очиқлик, эркинлик берилди, бир нечта илмий марказлар ташкил этдик. Лекин булардан халқимизга нима манфаат бўлаяпти? Манфаат шундай бўлиши керакки, бу салоҳиятни жамиятга етказиш керак. Бухорий, Мотуридий, Марғиноний каби буюк боболаримиз меросига таянган ҳолда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарур. Бунинг учун диний таълимни амалиёт билан боғлаш, илмий марказларимизни дунёда етакчиларга айлантириш керак”, деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, учрашувда диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича фикрлар билдирилди.
Биз муҳтарам юртбошимизнинг билдириб ўтган фикр-мулоҳазалари, кўрсатма ва топшириқларидан сўнг жаҳонда ва минтақамизда турли хил зиддиятлар, таҳликали вазиятлар мураккаб тус олган даврда илм аҳли, имом домлалар, мударрис ва талабалар билан ҳамкорликда ҳар қандай муаммога энг аввало илм ва маърифат билан ечим топиш, бузғунчи ғоялар билан тинчликка рахна солаётган радикал кучларга қарши фақат илм ва соғлом фикр билан курашиш мумкинлиги борасида бир қанча ишларни режалаштирдик. Негаки, бизнинг динимиз, бизнинг мазҳабимиз доимо тинчлик неъматини улуғлаб келган. Тинчлигимиз натижасида юртимизда масжидлар сони кўпайди, Ҳаж ва Умра сафарига квоталар кескин оширилди. Мамлакатимизда дин уламолари эркин фаолият юритишмоқда, ёшлар диний муассаларда таҳсил олиши учун барча шароитларни яратиб берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилган. Энди бундай масканларни том маънода илм-маърифат тарбия ўчоғига айлантириш, умуман, юртимиздаги уламолар, имомлар ролини кучайтириш лозим.
Шунингдек, олдимизга қуйидаги ишларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйдик:
Биринчидан, тасаввуф, ҳадис ва илоҳиёт илмида бутун ислом дунёсидан таниқли олимларни, машҳур уламоларни таклиф қилиб, шу йил халқаро конференция ўтказиш. Жаҳонда кўзга кўринган уламолар келиб, бағрикенглик, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида биз танлаган йўл тўғри эканини халқимизга, айниқса, ёшларга ўзлари гапириб берадилар.
Иккинчидан, барча имом-хатиблар ўзларига бириктирилган маҳаллаларда адашганларни тўғри йўлга солиш, ёт ғоялар таъсирида фикри бузилган ёшлар билан ишлаш, радикализмга қарши курашишга масъул бўлади. Улар маҳалланинг маънавий қалқони бўлиши керак. Чунки уларни халқ эшитади, уларнинг сўзи ёшларга яхши таъсир қилади. Бунда, имомлар маҳалладаги 5 та масъул (раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, инспектор) билан бирга ишлайди.
Учинчидан, диний таълим даргоҳларида ўқиётган ҳар бир талаба ўз яқинлари, дўстлари, маҳалладошлари орасидан 1 нафар адашганни тўғри йўлга қайтариши керак. Бу улар учун динимиз ва халқимиз олдидаги маънавий бурч бўлиши лозим.
Тўртинчидан, бу ердаги талабалар хорижий тилларни биладиган, замонавий билимларга эга Қуръон, ҳадис, ислом қонунчилиги ҳамда тасаввуф илмини чуқур ўзлаштирган етук мутахассис бўлиб етишишлари зарур. Чунки улар халқимизга ислом динининг асл моҳиятини аниқ далил ва чуқур илм билан тушунтира олиши, ёшларимиз қалбини заҳарлаётган ёт ғояларга қарши “муросасиз жангчи” бўлишлари керак.
Биз ана шу ишларни тизимли тартибга солсак, режа асосида олиб борсак, шубҳасиз, юртимиз гуллаб яшнайди, ёшларимиз ватанпарварлик руҳида тарбияланади, миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ишонч ортади, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлаверади.
Ғолибжон Баротов, Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати котибият мудири