August 16, 2023

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси жамоатчилик муҳокамасида

Вилоят ҳокимлиги катта мажлислар залида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ҳамда ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Йиғилишда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудирлари, тиббиёт, халқ таълими ва бошқа соҳалар мутасаддилари, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг раҳбарлари, сиёсий партияларнинг масъуллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда эътироф қилинганидек, “Ўзбекистон—2030” стратегиясининг мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари осон қабул қилиш ва тушуниш учун қулай шаклда ифодаланган бўлиб, унда 5 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад назарда тутилганлиги иштирокчиларга етказилди. Аниқроқ айтганда, мазкур стратегиянинг 5 та устувор йўналиши қиёсий олиб қараганда, жами 44 та мақсади ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шарт-шароитни яратиш, 17 та мақсади барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, 12 та мақсади сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, 16 та мақсади қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, 11 та мақсади мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттиришга қаратилган.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб таклифлар олиш ҳамда олинган таклифларни regulation.gov.uz, jamoatchilik.uz ва 2030.strategy.uz порталларида кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирдан иборатдир.

Муҳокамада вилоят ҳокимининг ўринбосари Феруза Ибрагимова, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ҳамза Рўзиев, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳалим Ражабзода, вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ихтиёр Абдулхаков, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Миршод Очилов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

Таъкидланганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси 100 та мақсадни, хусусан, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этиш, камбағалликни 2 баробарга камайтириш, мактабгача таълим билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш, сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, республика ҳудудининнг яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш каби қатор кўрсаткичларни ўз ичига қамраб олган. Стратегияда белгилаётган мақсад ва вазифалар, Барқарор Ривожланиш Миллий Мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос «йўл харитаси» вазифасини ўтайди, десак, муболаға бўлмайди.

Чунончи, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси бешта устувор йўналишининг учинчиси сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган мақсадларни ўзида жамлагани билан аҳамиятли. Хусусан, стратегия лойиҳасида сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, барча экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга, ички суғориш тармоқларининг 50 фоизини ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш чора-тадбири кўрилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ва суғориладиган майдоннинг ҳар бир гектарига бериладиган сув ҳажмини 20 фоизга камайтириш орқали сувнинг маҳсулдорлиги оширилади. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали 1 метр куб ҳажмдаги сув билан суғорилган ер майдонидан 3,7 доллар миқдорида даромад олишга эришилади. “Оби ҳаёт”дан самарали фойдаланишда замонавий бошқарув тизимининг ҳам ўрни юқори саналади. Шу боис, 2030 йилгача камида 100 та йирик сув хўжалиги объектида автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш, ирригация соҳасига хусусий секторни жалб этиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий қилиш ҳисобига хусусий инвестициялар оқимини кўпайтириш мақсад қилинган.

Умуман, жамоатчилик эшитувида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти, айниқса, масъул идоралар томонидан юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ва назоратини олиб бориш юзасидан йиғилганларга тушунтиришлар берилди.

Якунда Янги Ўзбекистон-2030 стратегияси ижросини таъминлашда барча бирдек масъул эканлиги ва белгиланган мақсадларга бу борадаги саъй-ҳаркатларни бирлаштириш орқалигина эришиш мумкинлиги ҳақида хулоса қилинди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати