Вобкент: "Менинг йўлим" лойиҳаси туфайли "Тераклик" маҳалласи йўли равон бўлмоқда
Ёз ва қиш чилласида айнан йўлларда дуч келинадиган қийинчиликларга барҳам бериш мақсадида шу кеча-кундузда Вобкент туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, бу борада ички йўллар босқичма-босқич таъмирланиб, асфальт-бетон қилинаётгани аҳолига катта қулайлик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Вобкент туманида мавжуд йўлларни таъмирлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳудудда Халач маҳалласи аҳолисини узоқ йиллардан бери йўл муаммоси қийнаб келарди. Мазкур аҳоли маскани йўли яроқсиз ва абгор ҳолатга келиб қолгани албатта, бу йўлдан қатновчи йўловчилар, транспорт ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг ҳақли эътирозларига сабаб эди.
Ниҳоят, аҳоли мурожаатлари инобатга олиниб, айни кунда "Вобкент йўллардан мунтазам фойдаланиш" унитар корхонаси йўлсозлари томонидан Қуйи Халач, Юқори Шехон, Одоқариқ қишлоқлари йўлларининг жами 5,5 километрдан ошиқ қисмида асфальтлаштириш ва бетонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Худди шундай, ички йўл таъмири навбати "Тераклик" маҳалла фуқаролар йиғинининг Тешиктепа қишлоғига етиб келди. Ҳозирда бу қишлоқнинг ички йўлларини асфалтьлаштириш ишлари "Менинг йўлим" дастури туфайли, бошқача айтганда, жами 11 минг 545 нафар фуқаронинг овоз бериши туфайли ютиб олинди. Эндиликда умумий қиймати 805 миллион сўм маблағ ҳудуддаги йўлнинг 1,5 километрини таъмирлашга сарфланмоқда.
— Умуман, жамоамиз томонидан бугунга келиб ҳудуддаги 178 километрдан ошиқ йўл қисмига хизмат кўрсатилаётган бўлиб, шундан 32 километр йўл қисми республика аҳамиятидаги, 147 километри эса маҳаллий аҳамиятидаги йўл ҳисобланади, — дейди туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Неъмат Қурбонов. — Энг кўп маблағ тақозо қилинадиган йўл тармоғида ўтган йил давомида "Обод қишлоқ" давлат дастури асосида умумий қиймати 15 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига 40 километр йўл қисми асфальтлаштирилиб, қарийб 50 километрга тенг ички йўлга шағал бостирилгани аҳоли талаб ва мурожаатларига ечим бўлди.
Шунингдек, туман марказий кўчаларини обод қилиш ва кўркам қиёфага келтириш мақсадида ўтган йили пиёдалар ҳамда велосипед йўлакларини қуришга 6 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлса, бугун ҳудудда бораётган йўл таъмирига доир ишлар салмоғи бултургисидан салмоқлироқ.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати