February 13, 2023

Вобкент: мактабларда 60 дан ортиқ касб-ҳунар ўргатилмоқда

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларида мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд бўлиб, бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этаётгани, давр талабларидан келиб чиққан ҳолда уларни касб-корли қилиш, танлаган йўналишида етук мутахассис бўлиб етишиши учун зарур чора-тадбирларни кўриш лозимлиги уқтириб келинади. Таҳлиллардан кўринишича, мактаб битирувчиларининг деярли 50 фоизи меҳнат бозорига тайинли касб-кор ёки ҳунарга эга бўлмасдан кириб келмоқда.

Бугунга келиб юртимизда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик даражаси 17 фоиз атрофида экани қайд этилган. Шу борада жойларда масъуллар – ишчи гуруҳлари томонидан ўғил-қизлар таклифлари “маҳаллабай” ўрганилмоқда. Бу ўрганишлар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлашда ҳалигача талайгина нуқсон ва камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ёшлар бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам кўплаб муаммолар бор.

Шу нуқтаи назардан, ўтган йилда республика миқёсида 500 минг нафар ёшни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, туман ва шаҳарларда анъанавий, масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш талаби қўйилган. Қолаверса, жойларда “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, эндиликда туман ҳамда маҳаллалар хусусияти, аҳоли талаб ва эҳтиёжлари, меҳнат бозорига талабдан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабларнинг ўзида 60 дан ортиқ ишчи касбга ўргатилиши кўзда тутилган. Шу боис маҳаллий ҳокимликларга танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилган.

Вобкент туманида ҳам эндиликда биринчи сектор, маҳаллий ҳокимлик тасарруфидаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ҳунар ўрганишга қизиқтириш, меҳнат дарсларини бевосита амалиёт билан боғлаш мақсадида “тадбиркорлик марказлари” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Шу тариқа умумтаълим муассасаларининг битирувчи, 9-11 синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш орқали уларни ҳаётда ўз ўринларини топишга кўмаклашилмоқда. Бунинг учун мактаб меҳнат дарси хонаси кенгайтирилиб, таъмирланган ва етарли меҳнат қуроллари билан жиҳозланган. Тажрибали мураббий Асилбек Ҳомидов қўли остида бу ерда айни кунда 20 дан ортиқ ўқувчи учун дурадгорлик устахонаси ташкил этилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, профессионал касб-ҳунар таълими борасида жумладан, вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ изчил фаолият олиб борилмоқда.

2020-2021 янги ўқув йилидан бошлаб Бухоро вилоятида халқаро классификаторга мос келувчи таълим дастурлари бўйича касб ўргатадиган 20 та касб-ҳунар мактаби, 7 та коллеж ҳамда 9 та техникум ташкил этилган бўлиб, хусусан, икки йил бурун 13 та шаҳар ва туманда 20 та касб-ҳунар мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Айни кунда мазкур касб-ҳунар мактабларида 48 та соҳа йўналишидаги касб ва йўналиш бўйича 5 мингдан ортиқ ўсмир ўғил-қиз қамраб олинган.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати