Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришнинг афзалликлари ўрганилмоқда
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 18 апрелда бўлиб ўтган қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришда сувдан самарали фойдаланиш технологияларини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида соҳа масъул мутасаддилари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қаторида тизимда истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришда тегишли тижорат банклари зиммасига ҳам қатор вазифалар юклатилди.
Шу нуқтаи назардан, республика Сув хўжалиги вазирлиги, акционерлик тижорат “Агробанк” ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқотлари университетининг Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти билан ҳамкорликда вилоят туманларида ҳам “Сувчилар мактаби” ташкил қилинди. Бу мактабни ташкил этишдан асосий мақсад давлат раҳбарининг топшириғига асосан ҳар бир сектор мутасаддиси билан биргаликда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига айни кунда аграр тармоқда қўлланилаётган инновацион технологиялар, хорижий илғор мамлакатлар амалиётидан яхши хабардор бўлган ҳолда янги кўникмаларни эгаллаш, шу орқали сув танқислиги кучайиб бораётган маҳаллий шароитда фаолиятни такомиллаштириб, сувдан самарали фойдаланиш ва маҳсулдорликни оширишдир.
Таҳлиллардан кўринишича, ҳозирда туман қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган жами 15 минг 300 гектар майдоннинг 3 минг 61 гектарида замонавий технология асосида томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ускуналари жорий этилган. Худди шундай, 2024-2030 йиллар мобайнида мураккаб шароитда ҳосил салмоғини ошириш мақсадида сув танқислигини инобатга олиб, қолган экин майдонларида ҳам сув тежовчи ускуналардан самарали фойдаланишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар, манзилли кўзланган лойиҳалар куни кеча Шофиркон туманида “Сувчилар мактаби”нинг ўқув-амалий кўргазмали семинарида муҳокама қилинди.
Унда ҳудуддаги фермер-деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор корхона ва идоралар масъуллари ҳозир бўлдилар. Семинарда аграр соҳада кўп йиллик тажрибага эга, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари бўйича Туркия давлатидан келиб, маҳаллий хўжаликлар тажрибасини ўрганаётган мутахассис Қаҳраман Дилек ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Сувни тежовчи ускуналар ва уларнинг афзалликлари борасида йиғилганларга тушунтиришлар берди.
Семинар иштирокчилари қишлоқ хўжалигида “оби ҳаёт” сарфини қисқартириш ва баракали ҳосил етиштириш технологияси, бу борада баъзи пешқадам хўжаликларда бошланган иш услуби билан яқиндан танишдилар. Дастлабки манзил “Султон Жўра” ҳудудидаги "Ориф Ҳомид" фермер хўжалиги экин ерлари бўлди.
Илғор деҳқонлардан Туроб Орипов раҳбарлигидаги мазкур хўжалик миришкорлари айни кунда 34 гектар майдонда деҳқончилик қилиб келишаётган бўлсалар, шундан 27 гектар ерда “оқ олтин” етиштирмоқдалар. Ўтган ойда 7,5 гектарда етиштирилган сара буғдойдан баракали хирмон кўтарилган. Муҳими, мазкур хўжалик ғўза парваришида икки йилдирки, сув тежовчи замонавий воситалардан фойдаланмоқда.
Шу ерда туркиялик мутахассис Қаҳраман Дилек фермер хўжалигида қўлланилаётган “оби ҳаёт” тежовчи технологиянинг афзаллиги, уни ўрнатиш билан боғлиқ сарф-харажат, якунда экин ерини эмас, балки ўсимлик ва унинг илдизини суғориш ва ундан баракали ҳосил етиштиришдаги тажриба, эришилган натижа хусусида атрофлича маълумот олиб, йиғилганлар билан муҳокамага киришди. Сув танқислиги шароитида томчилатиб суғоришни жорий этишнинг мақбул жиҳатлари ва устуворлиги ўз эътирофини топди. Албатта, ўрганишларда тармоқда дуч келинаётган ташвиш ва муаммолар, нуқсон ва камчиликлар ечимига эътибор қаратилгани ҳолда замонавий конструкцияни ўрнатиш қа қўллашга доир маҳорат сабоғи ҳам берилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати