February 9, 2023

Вобкент: таъмирлаш навбати Чўрикалон йўлларига

Туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан бугунга келиб ҳудуддаги 178 километрдан ошиқ йўл қисмига хизмат кўрсатилаётган бўлиб, шундан 32 километри республика аҳамиятидаги, 147 километри маҳаллий аҳамиятидаги йўл ҳисобланади. Энг кўп маблағ тақозо қилинадиган йўл тармоғида жорий йил давомида "Обод қишлоқ" давлат дастури асосида умумий қиймати 15 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига 40 километр йўл асфальтлаштирилиб, қарийб 50 километрга тенг ички йўлга шағал бостирилган. 2022 йил давомида туман марказий кўчаларини обод қилиш мақсадида пиёдалар ва велосипед йўлакларини қуришга 6 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Чунончи, Ҳажувон ва Кўлодина қишлоқларида жами узунлиги 8 километр, Мўминобод ва Латифсобунгар қишлоқларида 6 километрдан ошиқ, Халач, Истиқлол ва Шакаркент қишлоқларида жами 7 километр узунликдаги ички йўл қисми асоси тайёрлангани ҳолда шағаллаштирилгани пиёда ва ҳайдовчилар учун кўпдан кутилган иш бўлди. Янги йил олдидан Ҳажувон қишлоғининг ички 400 метр масофадаги йўл қисмига пудрат корхонаси "Камолов Жамол Мухторович" МЧЖ қурувчилари томонидан 299 миллион сўм маблағ эвазига рисоладагидек бетон ётқизиш ишлари ҳам бажарилган.

Худди шундай, "Паноб" МФЙ даги Тонготар қишлоғи йўлининг 4 километр қисмини таъмирлаш, йўл асосини кенгайтириш ва асфальт ётқизиш ишлари учун қиймати 2 миллиард 700 минг сўмга тенг сармоя сарфланган. Махсус транспорт воситалари, куч ҳамда механизмга эга туман йўлсозлари томонидан бу манзилдаги ишлар сифатли якунланган.

Шунингдек, 2022 йилги “Обод қишлоқ”дастурига мувофиқ, туманда 3 километр ички хўжалик автомобиль йўлини таъмирлаш ва асфальтлаштириш манзилли рўйхатига яна қарийб 4 километр ички йўлга цемент-бетон қопламалари ётқизилган. Шу боисдан, “4R–66” русумидаги “Адизобод-Вобкент-Янгибозор” автомобиль йўлининг 29-33 километрлари оралиғи Хитой технологияси асосида бетонлаштирилган.

Ўтган йил иккинчи ярмида шунингдек, “Гулистон” МФЙ Тодаре қишлоғининг 1,4 километр масофадаги йўл қисми мукаммал таъмирланиб, бу манзилда ҳам цемент-бетон ётқизиш ишлари сифатли якунланган бўлса, туман марказидаги "Дўстлик" маҳалласининг Гулистон кўчасида 700 метрли ички йўлни асфальтлаштиришга 350 миллион сўм маблағ сарфланган ва туман йўлсозлари томонидан бу иш ҳам талаб даражасида ниҳоясига етказилган. Қолаверса, Ниёзхўжа маҳалласидаги Кўкдала кўчасининг 700 метр масофадаги ички йўл қисмини асфальтлаштириш ишлари ҳам жадал олиб борилиб, маҳаллий аҳолига яна бир қулайлик яратилган.

— Жорий йилда бу борадаги ишлар давом эттирилиб, жумладан, "Оpenbudget" электрон тизими орқали “Чўрикалон” МФЙ Чўрикалон қишлоғини асфалтьлаштириш таклифи маҳалла аҳолиси томонилан қўллаб қувватланиб, керакли овозлар йиғилгани ҳолда йўл таъмири, яъни қатнов йўлининг 3 километр қисмини асфальтлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Неъмат Қурбонов. — йни кунда бу манзилда ўндан ортиқ йўлсоз ишчи–мутахассис, махсус транспорт, техника ва механизмлар кучидан унумли фойдаланилмоқда.

— Кўчамизнинг носозлигидан автомашиналар ва ҳайдовчилар у ёқда турсин, пиёдалар, хотин-халаж, мактабга ва боғчага ўтиб қайтадиган болаларимиз қийналиб келишарди, ёғин-сочинли кунлардаги ташвишимизни-ку айтмаса ҳам бўлади, – дейди мазкур кўчада яшовчи фуқаро Рамазон Раҳимов. — Мана, бугун кўчамиз қайта таъмирланаётганидан жуда хурсандмиз, йўлсозларга минг раҳмат!

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати