February 25, 2023

Бухорода Бутунжаҳон нодавлат–нотижорат ташкилотлари куни нишонланди

27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни. Шу муносабатит билан куни кеча Бухоро шаҳридаги Нодавлат–нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйида Ўзбекистон нодавлат–нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан тадбир ташкил этилди.

Мазкур сана тарихига назар солсак, халқаро нодавлат–нотижорат ташкилотлари куни илк марта 2010 йил 17 апрелда Болтиқ денгизи минтақаси кенгашида расман эълон қилиниб, 2014 йил 27 февралда Финляндиянинг Хелсинки шаҳрида халқаро миқёсда кенг нишонланган. Тарихга мурожаат қилсак, 1950 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюцияси билан «Халқаро ноҳукумат ташкилоти» тушунчаси киритилган.

Айни пайтда Бухоро вилоят Адлия бошқармаси маълумотларига кўра, шаҳар ва туманларда 577 та ноҳукумат ташкилоти рўйхатга олинган ҳамда фаолият юритмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Айниқса, охирги йилларда мазкур йўналишда самарали амалий ишлар кўзга ташланмоқда.

— Хусусан, 2018 йилда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонун билан давлат рўйхатига олинган нодавлат–нотижорат ташкилотлари жамоатчилик назорати субъекти ҳисобланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Улар томонидан давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш шакллари орқали ўз ваколатлари амалга оширилиши таъминланмоқда, – дейди Ўзбекистон Нодавлат–нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Жасур Болтаев. — Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 4 мартидаги “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Мазкур фармонга биноан ҳар бир йил миқёсида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланиб, амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори орқали давлат томонидан нодавлат–нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари шакллантирилди.

Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган 9 мингга яқин ННТ нинг 1500 га яқини Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзо бўлган. Шундан 151 таси Бухоро вилоятидаги нодавлат–нотижорат ташкилотидир. Ҳозирда республика бўйича 14 та “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” ташкил этилган бўлиб, миллий ассоциация томонидан ННТ ларга мазкур бинога жойлашиш ва ундан беғараз фойдаланиш учун тавсияномалар берилган. Бундан ташқари, Ассоциация томонидан ННТ лар вакиллари малакасини ошириш, ташкилот фаолиятини тизимли ва инновацион ташкил қилиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда самарали иш услубларини жорий этиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан доимий тарзда семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида нодавлат–нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб 150 нафар ННТ раҳбари икки босқичда, 72 соатлик дастур асосида ўқитилди. Курсларда малака оширган ННТ лар раҳбарлари “Тренерлар штаби”га бириктирилиб, улар томонидан ҳудудларда ННТ ларга консультатив ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Соҳа фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳуқуқий хулосалар бериш мақсадида Ассоциация қошида ўз соҳасида катта тажрибага эга бўлган 112 нафар ННТ вакилидан иборат “Экспертлар гуруҳи” ташкил этилди. Эндиликда улар, жойларда фуқаролик жамиятини шакллантиришда иштирок этаётган ННТ лар билан бевосита ишлаб, уларнинг ташаббусларини амалга оширишда яқиндан кўмаклашмоқда.

Мазкур тадбирда иштирок этган ННТ лар мутасаддилари уларнинг вилоят ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш орқали мавжуд муаммоларни давлат органлари билан самарали ҳал этиш борасида ўзаро фикр алмашдилар, зарур тавсиялар олдилар. Якунда бир қатор соҳа ходимларига гувоҳнома ҳамда эсдалик совғалари берилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати