February 15, 2023

Хайрли ва савоб амаллар Когон шаҳри ва туманида ҳам давом этади

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, қолаверса, ҳуқуқий, маънавий-руҳий ва моддий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламига мададкор бўлиш, улар ташвиш ва муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш халқимизнинг азалий олижаноб қадриятларидан. Бу борада Когон шаҳри ва туманида ҳам қатор ибратли ишлар, чунончи, маҳаллаларда уйма-уй юриб, оилалар турмуш шароити билан яқиндан танишиб, уларга манзилли зарур ёрдамни кўрсатишга камарбаста бўлаётган ишчи гуруҳлари саъй-ҳаракати эътиборга лойиқ.

Хусусан, темирйўлчилар туманининг “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини Маданият қўрғонидаги собиқ АБМК ташкилоти эски биносида вояга етмаган қизалоғи билан ночор ва оғир шароитда яшаб келаётган Хуршида Ҳамроеванинг кўп йиллик орзу–нияти ниҳоят ушалди. Айтиш мумкинки, Хуршида учун янги йил қувонч олиб келди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тўғрисида”ги қарорига биноан аёл жажжи қизалоғи билан барча қулайликка эга бўлган икки хонали ижтимоий уйга жойлаштирилди.

— Биз сингари хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, амалий кўмак бераётгани учун Президентимизга ва ҳукуматимизга минг раҳмат, – дейди Хуршида Ҳамроева. — Неча йилдирки, ижарама-ижара юриб сарсон эдик. Атрофимиздаги яхши одамларнинг ёрдами, меҳр-муруввати билан бугун ўз бошпанамизга, замонавий, шинам уйимизга эга бўлганимиздан жуда хурсандмиз.

Туманнинг "Нурафшон" маҳалласида истиқомат қилаётган Нафиса Рўзиева ижтимоий кам таъминланган оилалар сирасидан бўлгани боис "Аёллар дафтари"дан ўрин олган. Хонадон бекаси яқинда вилоят прокурорининг навбатдаги фуқаролар сайёр қабулида қатнашиб, ошхона жиҳозларини сотиб олишга қўли “калталик қилаётгани“ни билдириб, амалий кўмак сўраганди. Маҳаллий ҳокимлик ва прокуратура ёрдами билан Нафиса Рўзиева хонадонига уй-рўзғор учун зарур бўлган маиший–электрон жиҳозлар––музлатгич, газ плитаси ҳамда микротўлқинли печь етказиб берилди. Албатта, бу хонадонда яшовчилар бу эътибордан ниҳоятда мамнун бўлдилар.

Ишчи гуруҳининг Сухор маҳалласида яшовчи хотин-қизлар ижтимоий аҳволидан хабар олиб, уларнинг айни кундаги турмуш тарзи ва ташвишларини ўрганиш жараёнида нафақахўр, биринчи гуруҳ ногирони Санобар Мустафоева хонадонида масофодан туриб ишлаши учун Wi–Fi интернет тармоғига муҳтож эканлиги аниқланган. Шундан сўнг мазкур жисмоний имконияти чекланган аёл хонадонига ҳомийлик асосида Wi–Fi интернет ускунаси ўрнатилиб, тармоққа улангани унинг ҳожатини раво қилди.

Ёки Когон шаҳрининг "Бобур" МФЙ Қоровулбозор шоҳ кўчаси, 16-уй, 42-хонадонда истиқомат қилаётган биринчи гуруҳ ногирони Маҳмуджон Жўраев ҳам ўтган ойда шаҳар ҳокимининг фуқаролар сайёр қабулида қатнашиб, таянч–ҳаракат аъзоларидаги хасталик, жисмоний имконияти чеклангани сабабли электрон юритмали ногиронлик аравачасига муҳтожлигини билдирганди. Мурожаатга жавобан куни кеча Когон шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатов маҳалла фаоллари билан бирга 78 ёшли отахоннинг хонадонида меҳмон бўлиб, унга электрон юритмали ногиронлик аравачасини топширди.

Умуман, юқоридаги каби амалий кўмак, моддий мадад чиндан эҳтиёжманд юртдошларимиз мушкулини осон, узоғини яқин, оғирини енгил қилаётгани жуда муҳим ва аҳамиятли. Шу боис, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашдек хайрли иш айни кунда ташаббускор ва савобталаб юртдошларимиз томонидан барча шаҳар ва туманларимизда кенг қулоч ёйиши мақсадга мувофиқдир.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати