September 6

РШТЁИМ Бухоро филиалида яна бир мураккаб реконструктив операция ўтказилди  

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг юрак-қон томир ва торакал хирургия бўлимида ишга илмий-амалий ва замонавий инновацион услубда ёндошган ҳолда беморларда учрайдиган оғир касалликлар ёки мураккаб жароҳатларга тааллуқли жарроҳлик амалиётларини юқори малакали мутахассислар иштирокида муваффақиятли ўтказиш тажрибаси шаклланмоқда.

Жумладан, яқинда филиал қон-томир касалликлари хирурглари томонидан “чап ташқи ёнбош артериясининг посттравматик окклюзияси, чап оёқнинг В.С. Савельев бўйича иккинчи “В” даражали ишемияси” ташхиси билан мурожаат қилган беморга юқори технологик мураккаб реконструктив қон-томир протезлаш операцияси мувафақиятли бажарилди.

Баъзи мулоҳазаларга кўра, исм-шарифи очиқланмаган бемор Х. М. 1998 йилда туғилган. У жорий йилнинг 28 июнь куни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида оғир жароҳат олиб, Вобкент туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказига мурожаат қилган. Беморни кўрикдан ўтказиб текширган марказ мутахассислари томонидан “политравма, қорин бўшлиғини тешиб ўтувчи йиртилган санчилган жароҳати, чап ташқи ёнбош артерияси жароҳати, ингичка ичак ва тутқичи жароҳатлари, геморрагик шок, оғир даражаси, тарқалган гемо ва ахлатли перитонит, чап ёнбош суяги парчаланиб синиб силжиши” ташхиси қўйилган.

Шундан сўнг врачлар концилиумига биноан беморда “юқори-ўрта лапаротомия, қорин аъзолари ревизияси, чап ташқи ёнбош артерияси жароҳатига анастомоз қўйиш, ингичка ичак тутқичи жарохатларини тикиш, ингичка ичак резекцияси ва ёнма-ён энтеро-энтеро анастомоз қўйиш, назоинтестинал интубация, қорин бўшлиғи санацияси ва дренажлаш” операциясини бажаришга қарор қилинди.

Қорин бўшлиғида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин, икки босқичда беморга қорин аортаси ва иккала оёқ магистрал артериялари МСКТ-ангиография текшируви қилиниб, чап умумий ёнбош артерияси посттравматик окклюзияси юзасидан чора-тадбир кўрилди. Мутахассис шифокорлар хулосасига кўра, беморда жорий йил 23 августда экстраанатомик ўнг ташқи ёнбош ва чап умумий сон артериялараро аллопротезлаш“ операцияси муваффақиятли бажарилди.

Нисбатан мураккаб ва оғир ўтган жарроҳликдан кейин беморнинг чап сон, тақим ости ва товон артерияларида пульсация пайдо бўлди, оёқдаги кучли оғриқлар, совуқ қотишлар ва уюшишлар йўқолиб, энг асосийси, беморнинг ҳаракати ва сезги функцияси тўлиқ тикланди. Айтиш жоизки, беморда бундай юқори технологик реконструктив қон-томир операцияларини ўтказиш билан унинг оёғи ампутация амалиётидан сақлаб қолиниб, ногиронлигининг олди олинди ва ҳаёт сифати тўлиқ тикланишига эришилмоқда. Муҳими, бу каби юқори технологик қон-томир операциялари келгусида маҳаллий шароитда яна ўтказилиб борилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати