October 21, 2023

Шаҳарнинг 7–мавзесида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда

Яқин-яқингача катта қисми қишлоқ хўжалигида фойдаланиб келинган, ҳатто шўрхок ва ташландиқ ҳолда қаровсиз ётган ҳудуд бир неча йилда обод шаҳарчага айланди. Маъмурий жиҳатдан Бухоро туманига қарашли бўлган бу ҳудуд вилоят марказига қўшиб олиниб, бугун талаб даражасидаги муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга бўлган 7-кичик мавзеи, расман Баҳоуддин Нақшбанд маҳалла фуқаролар йиғини, Амир Темур кўчаси замонавий кўринишда бунёд қилинди.

Шаҳар жанубида, аҳолиси нисбатан зич яшаётган 5-мавзеига ёндош, асосан кўп қаватли бино-иншоотлар, элликдан ортиқ 7 қаватли, ўндан ортиқ 9 қаватли турар жой иншоотлари, яна алоҳида умумтаълим мактаби, болалар боғчаси, тиббиёт муассасаси, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари каби қатор ижтимоий соҳа иншоотларидан таркиб топган аҳоли турар жой маскани сўнгги йилларда анча гавжумлашди. Қувонарлиси, бунда барпо қилинган кўп қаватли замонавий турар жойларда мингдан ортиқ хонадон ўз бошпанасига эга бўлди. Албатта, ҳудудда кўпайиб бораётган аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, улар саломатлигини сақлаш ҳар қачонгидан долзарб масалага айланди. Бу ўринда гап мана, иккинчи йилдирки, янги маҳаллада умумий қиймати 5 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфлаб барпо қилинган икки қаватли замонавий тиббиёт поликлиникаси фаолияти хусусида бормоқда.

— Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиника 250 қатновга мўлжалланган бўлиб, унда айни кунда юздан ортиқ тиббиёт ходими хизматини ўтамоқда, — дейди мазкур 11-сон оилавий поликлиника бош врачи Икром Ҳусенов. — Умумий амалиёт шифокори, стоматолог, кардиолог, ЛОР, инфекционист, окулист, акушерь-гинеколог, иммунолог, уролог, онколог, жарроҳ, лаборант врач сингари мутахассислар ҳудуднинг 26 минг нафарга етган аҳолисига бирламчи тиббий–санитария хизматини кўрсатмоқда. Ҳолбуки, бу кўрсаткич дастлабки йили 21 минг нафарни ташкил қилган. Бундан ташқари, муассасада иккита кундузги станционар, физиотерапия хонаси, стерилизация, лаборатория, ультратовуш таммографияси, электрокардиограмма, “Аёллар маслаҳатхонаси” ва дорихона фаолияти йўлга қўйилган.

Ўрганишлардан сўнг, ҳудудда тиббий хизмат кўрсатилаётган аҳолининг 15 минг 600 дан ортиғини ёши катталар, яъни 20 ёшдан ошганлар ташкил этаётган бўлса, қарийб 300 нафари жисмоний имконияти чекланганлар, 60 дан ошиғи болаликдан ногирон фуқаролар, деярли минг нафари эса кекса қариялардан иборат. Шу боис, замонавий диагностик ва физиотерапевтик аппаратлар (УЗИ, ЭКГ, ЭХО), лаборотор текширув ускуналари билан таъминланган, беморлар қабули замонавий компьютерларда электрон тарзда олиб борилаётган муассасада тиббий хизмат сифатига эътибор кучайтирилган. Бунда “электрон поликлиника” ахборот тизими йўлга қўйилгани боис шифокор қабулига кириш учун навбат кутишга ҳожат йўқ. Ҳар бир мутахассис қабули учун электрон монитор ўрнатилган оилавий поликлиника юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланган.

— Фаолият доирасида поликлиникада Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласи билан бирга шу атрофдаги Абдумуин Сифатмуний, Зарманоқ, Лоша, Маҳмуд Таробий каби маҳаллалар аҳолиси, ижтимоий кам таъминланганлар оилалар аъзоларини жалб қилган ҳолда мунтазам тиббий кўриклар ташкил этиб келинмоқда, — дейди поликлиника бош врачи Икром Ҳусенов. — Тиббий кўрикка келолмаган ётоқдаги ногиронлар ва қариялар ҳам назоратдан четда қолдирилмасдан, уларни уйларига бориб тиббий кўрувлар ташкил қилинмоқда. Бунинг натижасида касаллик билан оғриганларга зарур 120 турдаги дори-дармон бепул таркатилмоқда.

Поликлиника оилавий шифокорлари ва патронаж ҳамширалари томонидан айни пайтда турли дардга чалиниб, оғир аҳволда тўшакда ётган йигирмага яқин кекса-ногирон ҳолидан хабар олинмоқда. Жумладан, биринчи гуруҳ ногиронлари Матлуба Орзиева, Солиҳа Шариповалар, бош мия фалажи касаллиги билан тўшакка михланиб қолган Лубат Соҳибова, қандли диабет билан оғриган Ҳамрогул Рўзиева, нафас йўли—бронхиал астма касаллигига чалинган Моҳира Абдуллаева, шизофрения билан оғриган Гулнора Рўзиева, косоартроз хасталиги билан оғриган Мавжуда Саломова, юқори қон босимига чалинган Хурсанд Шодиева, ўткир ичак касаллиги—долихостигмага оид жарроҳлик операциясини бошидан кечирган Комилжон Муродов сингари беморлар саломатлиги назоратга олинган бўлиб, уларга зарур дори-дармон воситалари уйларига элтиб берилмоқда.

— Кўп йилдирки, қандли диабет касаллигига чалиниб, ётиб қолдим, — дейди Гулобиён кўчасида яшовчи 70 ёшли онахон Шарифа Жўраева. — Тез-тез ҳолимдан хабар олиб, менга зарур муолажаларни қўллаб, инсулин дорисини етказиб бераётган врач қизим Болтаева ҳамда унинг поликлиникасидагиларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Мен сингари касалманд қарияларни иззат қилиб, ўз ҳолига ташлаб қўймасдан, соғлом ҳаётга қайтариш учун қайғураётган ҳукуматимизга раҳмат!

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати