February 27, 2023

“Яшил қалқон” – экология ва атроф–муҳит тозалиги учун нажот  

Статистик маълумотларга биноан, ҳар йили дунё бўйлаб ўртача 12 миллион гектар, 1 дақиқада эса 23 гектар ер чўлланади. Ҳозир ер юзининг 75 фоизи шундай ҳолатда. Aгар аҳвол ўнгланмаса, бу кўрсаткич 2050 йилга бориб 95 фоизига етади. Чўлланган сувли ҳудудларнинг 87 фоизи охирги 300 йилга тўғри келади. Яқин тарихга қарайдиган бўлсак, чўлланишнинг 54 фоизи охирги 100 йилнинг “улуши”. Жанубий-Шарқий Осиё ва Aфрикада бу жараён ҳамон давом этмоқда. Соҳа мутахассислари ҳисоб-китобларича, Ўзбекистонда ҳар дақиқада 9 квадрат метр ҳудуд чўлланиб боряпти.

Хўш, дунё эколог–мутахассислари фикрича, бу ҳолнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбир қўллаш мумкин ? Чўлланишга қарши “яшил қоплама”лар барпо этишнинг аҳамияти қандай ? Бинобарин, маҳаллий иқлимига кўра, Бухоро вилояти қурғоқчиликка мойил, кескин ўзгарувчан иқлим шароитига эга ҳудуд. Шу боис ҳам бу ерда чўлланишнинг олдини олиш орқали аҳоли саломатлиги ва ўсимлик дунёсини асраш чораларини кўришнинг аҳамияти катта.

— Шу ўринда хусусан, республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йил 18 январда қабул қилинган “Республика ҳудудларида ўрмонзорлар, шунингдек, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини тилга олиш жоиз, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. — Унга мувофиқ, 2022 йилда вилоятимизда умумий майдони 40 минг гектар ўрмонзор ва “яшил қоплама” барпо этишга жадал киришилди. Бу жараёнда вилоят Ўрмон хўжалиги ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари жонбозлиги туфайли жалб қилинган ишчи кучи ва транспорт воситалари ёрдамида 40 минг гектардан ошиқ майдонга 160 тонна чўл ўсимликлари уруғлари экилди ҳамда 2 миллион дона саксовул кўчати ўтқазилди.

Худди шундай, вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси томонидан 2022 – 2026 йилларда кимсасиз чўлнинг умумий майдони 200 минг гектарида “Яшил қоплама”––ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳаракати жиддий тус олган. Бу борада ҳукумат меъёрий ҳужжатлари асосида Бухоро вилоят ҳокимининг “Яшил қопламалар” барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, 2022 йилда чўл массивларида 40 минг гектардан зиёд ҳудудда экиш ишлари якунига етказилгани туфайли сўнгги йилларда барпо қилинган ўрмон ҳудуди 100 минг гектарга кенгайтирилган. Шундан, 26 минг 140 гектар майдони уруғдан техника ёрдамида, 71 минг 600 гектар майдони маҳаллий авиация техникасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган.

— Чўл массивида бажарилаётган экиш ва ниҳол кўкартириш ишлари аввало, юртдошларимиз саломатлигини сақлаш, экологик номутаносибликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини мулоҳаза қилсак, жорий 2023 йилда Жондор тумани Қорақум чўлида 20 минг гектар, Шофирконда кимсасиз Қизилқум чўли бағрида 20 минг гектар ер майдонида экиш ишлари жадал олиб борилмоқда, – дейди Жаҳонгир Шарипов. — Бунда фойдаланилаётган жами 31 та транспорт воситаси вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги туманлар ўрмон хўжаликлари техникалари бўлиб, айни кунда 100 кишидан зиёд ишчи кучи бу ишга жалб қилинган. Икки туманда алоҳида экиш Штаби ташкиллаштирилган бўлиб, кунлик иш ҳажми, пешма-пеш етказиб берилаётган саксовул, юлғин, қандим, черкез ва шу каби яйлов чўл ўсимликлари уруғлари ва ниҳоллари, зарур ёқилғи таъминоти алоҳида назоратга олинган. Шунингдек, Ўрмон хўжалиги жамоаларига амалий ёрдам сифатида қишлоқ хўжалик тизимидаги машина–трактор паркларидан ҳам 10 та ҳайдов трактори ва зарур агрегат ва механизмлар ажратилган. Вилоят ҳокимининг юқоридаги қарорига мувофиқ, чўл ўсимликлари уруғлари захирасини жамғариш ва экиш учун узлуксиз таъминот яратилиб, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш воситалари, қолаверса, ишлатилаётган техникалар учун зарур эҳтиёт қисм ва ёқилғи–мойлаш материаллари таъминотига эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, “Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш” дастурига мувофиқ, ўрмон хўжаликлари томонидан 2022 йили баҳор мавсумида 210 гектар майдонга 525 минг дона тут ва бошқа дарахт кўчатлари экилдики, бу ҳам ҳудуд иқлим шароитининг ижобий томонга ўзгаришига хизмат қилмоқда. Албатта, шу кеча-кундузда, айни кўчат ўтқазиш даврида кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда ва бу борада бошланган иш кўлами ўтган йилгиларидан кам эмас.

— Бундан ташқари, ҳукуматимизнинг 2020 йил 8 майдаги 238-Ф-сонли фармойишида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Хоразм вилоятларида аҳолининг яшаш шароитини янада яхшилаш, экологик ҳолатни соғломлаштириш, Бухоро, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарларини шамол таъсиридан ҳимоялаш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, қумлар кўчишини бартараф этиш ҳамда мўътадил микроиқлим шароитини яратиш мақсадида жами 30 километр масофада “Яшил белбоғ” ҳимоя дарахтзорлари барпо этиш белгиланган, – дейди Жаҳонгир Шарипов. — Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳудудида 4 қаторлик узунлиги 10 километр масофада (Галаосиё кўпригидан вилоят марказидаги “Ситора” машина бозори чорраҳасигача) Бухоро шаҳар атрофида «Яшил белбоғ» барпо этиш режаси ишлаб чиқилган. Унга асосан, ўрмон хўжаликлари томонидан ҳозирда кўзда тутилган экологик чора–тадбирлар бажарилмоқда. Аниқроғи, белгиланган ҳудуд бўйлаб 13 минг 330 тупдан ортиқ катальпа, элдор қарағайи, қайрағоч, шумтол дарахти кўчатлари ўтқазилган.

Мазмун-моҳиятига келсак, “Яшил белбоғ” барпо қилинганидан 3-4 йил ўтиб, кўкаламзорлаштирилган ҳудудда сизот сувлари юқорига кўтарилишининг олдини олади. Шунингдек, ҳар бир дарахт камида 300 килограмм миқдорида шаҳарга кириб келаётган тузлар ҳамда қумларни ушлаб қолиш хусусиятига эга бўлади. Қолаверса, қадимий ёдгорликларнинг узоқ муддат сақланиб, қолишида ҳам бу тадбирнинг наъфи катта.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати