Шофиркон: “Неккиши” МФЙ учун янги бино қуриб берилди
Вилоят ҳамда республика мутасадди идоралари ишчи гуруҳларининг қуйига тушиб, бевосита ҳақиқий аҳвол билан яқиндан танишиб, аҳоли мурожаатларини ўрганишлари туфайли сўнгги икки ойда Неккиши маҳалласида ҳам қатор ўзгариш ва янгиланишлар кўзга ташланмоқда. Масалан, декабрь ойида маҳалланинг Араблар, Андақи ва Ситамзе қишлоқларида умумий узунлиги 1,7 километр йўл қисми асфальтлаштирилган бўлса, аҳоли талаби билан Андақи ва Ситамзе қишлоқларида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та трансформатор ускунаси янгидан ўрнатиб берилиб, ўндан ортиқ симёғоч бетон устунга алмаштирилган.
Шу кунларда маҳалла ички йўларининг таъмирталаб ҳолга келган 2,6 километрига асфальт қоплаш, ҳозирда касб-ҳунар мактабига айлантирилган собиқ педагогика коллежи биносини таъмирлаш чоралари кўрилмоқда. Неккишиликлар учун янги йилнинг дастлабки ойларида маҳалла маъмурий идорасининг янги биноси қуриб битказилгани ҳам кўпларни хурсанд қилди.
––Туман марказидан 9 километр узоқликдаги, Ғиждувон тумани билан чегарадош маҳалламизнинг 4 та қишлоғида ҳозирда 510 та хонадон, 690 та оила ва жами 2 минг 500 га яқин аҳоли истиқомат қилмоқда,––дейди “Неккиши” МФЙ раиси Шерали Шаропов.––Аҳолиниг ижтимоий муҳофазасига эътибор қаратган ҳолда ҳозирда алоҳида тоифаланган, дафтарларга киритилган жами юздан ошиқ фуқарога моддий–маънавий ёрдам бериш чораларини кўрмоқдамиз. Масалан, сўнгги бир ойда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддиларининг амалий кўмагида Ситамзе қишлоғилик биринчи гуруҳ ногирони Турсун Толибов, вояга етмаган, иккинчи гуруҳ ногиронлари Аслиддин Амонов ҳамда Одилбек Зариповлар, Неккиши қишлоғида яшовчи жисмоний имконияти чекланган 82 ёшли Ҳожибой Сулаймонов вилоят касалхоналарига бепул ётқизилиб, даво муолажаларини олдилар.
Шунингдек, Неккиши қишлоғида истиқомат қилаётган 87 ёшли онахонимиз Расмигул Мухаммедова ҳамда Андақи қишлоғилик 20 ёшли жисмоний имконияти чекланган Зуҳро Аҳадоваларга ногиронлик аравачалари элтиб берилди. Яна бир муҳим янгилик эса кўп йилдирки, ўз биносига эга бўлмаган маҳалла учун ўтган йили Неккишидан 2 сотих ер майдони ажратилиб, унда шинам ва кўркам идора биноси қуриб берилгани, шу кунга қадар маҳалланинг 46-сонли умумтаълим мактаби биносида жойлашиб, қийин шароитда ишлаб келганига энди чек қўйилгани бўлди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 120 миллион сўм маблағ сарфланган бўлса, маҳаллий тадбиркорлар мадади билан яна 200 миллион сўм атрофида ҳомийлик ёрдами кўрсатилган.
Замонавий кўриниш ва қулайликка эга бинода 7 та хона шай қилинган бўлиб, маҳалла маъмурияти, раис, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторидан иборат “бешлик” жамоанинг ҳамжиҳатликда ишлаши учун барча шарт-шароит яратилган.
Янги идора биносини фойдаланишга топшириш тадбирида туман мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари Улуғбек Мухаммадиев, шунингдек, туманда иш олиб бораётган республика Ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати