Ташриф самарали кечди
Панжоблик расмийлар, инвестор ва тадбиркорлар ташриф дастурига киритилган йирик корхоналар фаолияти билан танишди. Дастлабки манзил Шофиркон туманида 1 минг 200 ўринли “AZTEX” тикувчилик фабрикаси бўлди.
Замонавий тикув цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборлари, офис ва қўшимча биноларига эга бўлган яхлит мажмуа фаолияти меҳмонларда илиқ таассурот уйғотди.
Таъкидлаш лозимки, “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида барпо қилинган бу иншоот – Туркия давлати технологияси асосида қурилган 120 метрга 108 метр ўлчамидаги катта цех замонавий тикув ускуна ва дастгоҳлари билан жиҳозланди. Лойиҳа умумий қиймати 50 миллиард 700 миллион сўмга тенг.
Ушбу корхонада 14 миллиард 170 миллион сўм маблағ эвазига Япониядан 660 дона замонавий тикув машинаси келтирилган ва яна маблағлар зарур ускуна харид қилишга йўналтирилди. Фабрикада ҳар бирида 30 та тикув машинасидан иборат 22 та гуруҳ ишлаб чиқариш тикув йўналишлари йўлга қўйилмоқда. Жараёнда 10 миллиард 900 миллион сўм маблағ ишлаб чиқариш учун зарур ярим тайёр хом ашё – мато учун сарфланмоқда.
Туманда ушбу йирик ишлаб чиқариш корхонасининг фаолият бошлаши ҳудуд иқтисодий-ижтимоий ҳаётида ўзига хос янгилик. Сабаби туманнинг 1 минг 200 дан ошиқ чевар хотин-қизи мазкур корхона туфайли ишли, ўнлаб, юзлаб оилалар моддий манфаатдор бўлди.
Мартабали меҳмонлар айни пайтда маҳсулотларини Европа мамлакатларига экспорт қилаётган корхона салоҳиятига юқори баҳо берди. Жамият таъсисчиси Азамат Султонов покистонликлар билан ўзаро ҳамкорликда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.
Покистон делегацияси аъзолари Bukhara Cotton Textile корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Бухородаги BCT Cluster пахта-тўқимачилик кластери мамлакатда энг биринчи тузилганлардан. У давлат раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги қарорига асосан ташкил этилган.
Мазкур кластер пахта етиштиришдан тортиб уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик жараёнларни яхши ўзлаштирган. Хусусан, Ромитан туманидаги 8 минг гектар майдонда пахта етиштирилса, унинг толасидан ип йигириш, калавани бўяш, мато тўқиш ва кийим тикиш йўлга қўйилган. Bukhara Cotton Textile корхонаси ушбу ишлаб чиқариш занжирининг охирги ҳалқаси ҳисобланади. Уни ташкил этиш учун 65 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестиция йўналтирилган.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу корхона илгари қаровсиз бўлиб қолган собиқ тўқимачилик комбинати ўрнида пайдо бўлди. Бу ерда битта эски бино капитал реконструкция қилиниб, 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилди. Германия, АҚШ, Бельгия ва Франциядаги технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди.
Пахта хом ашёсини тайёр маҳсулотга айлантираётган мазкур корхонада ҳаётга тадбиқ этилаётган йирик истиқболли лойиҳа хорижлик инвесторларни қизиқтирди. Улар маҳсулотлар сифати, корхонанинг истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалари, экспорт географияси, хом ашё манбалари юзасидан амалий таклифларини билдирди.
Шу куни меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор тарихий обидаларини ҳам бориб кўришди.
Шунинг билан Покистон делегациясининг Бухоро вилоятига ташрифи ўз якунига етди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати