Шофиркон: маҳаллий ўғит–тупроқ унумдорлиги ва мўл ҳосил гарови
2022 йил деҳқончилик мавсумида шофирконлик 351 та ғаллакор фермер хўжалиги томонидан 6 минг 154 гектар майдонда бошоқли дон парваришланиб, давлатга шартнома режасига мувофиқ 15 минг 90 тонна ўрнига 16 минг 310 тонна сара буғдой сотилишига эришилди. Заҳматли меҳнатнинг рағбати сифатида туман миришкор хўжаликлари, илғор фермерлар жамоалари ихтиёрида қолдирилган буғдой хирмони ҳам давлатга сотилганидан кам эмас.
Ўтган йилги мавсумда туманда бунёд қилинган ялпи сара буғдой хирмони 40 минг 205 тоннага етказилган бўлса, бунда гектарлар ўртача ҳосилдорлиги ўртача 65 центнерга етказилгани деҳқон–миришкорлар моддий манфаатдорлигини оширмоқда. Бу саъй-ҳаракат самараси ўлароқ, биргина ғаллачилик тармоғида бултурги эришилган даромад чўғи 142 миллиард 800 миллион сўмдан кам эмас. Туман фермер хўжаликларида давлатга сотилганидан ташқари ўз ихтиёрларида, омборларда қолдирилган ҳосил ҳисобидан кўрилаётган даромад салмоғи ҳам 78 миллиард сўмни ташкил қилгани хўжаликлар ва улардаги жамоа иқтисодий аҳволи мустаҳкамланаётгани далолати, албатта.
Албатта, жорий йил ризқ-рўз манбаини яратишга астойдил киришилган Вардонзе ҳудудидан “Азим – Шофиркон юлдузи”, "Салимбобо", "Исломобод", Искогаре ҳудудидан “Руслан Ҳамро Сардор”, Жўйнав ҳудудидан “Қодир”, “Умиджон сахий замини”, Боғиафзал ҳудудидан “Аслонбобо”, Султон Жўра ҳудудидан “Очил Барот”, Тезгузардан “Файзи Нарзулло”, "Барнобиби Бекзод", Жўйрабод ҳудудидан “Отабек”, Дўрман ҳудудидан “Body Max” МЧЖ, Деновдан “Беҳруз-Т”, Шароф Ҳамроев ҳудудидан “Шофиркон Нурли тонг”, “Достон" каби фермер хўжаликларининг ғаллакорликдаги тажрибаси бошқаларга ибрат.
Статистик маълумотларга назар солсак, айни кунда ҳудуддаги жами 6 минг 154 гектар ерда кеч кузда “Старшина”, “Гром”, “Алексеевич” каби навга мансуб бошоқли дон экиб ундирилган бўлса, шундан 1 минг 769 гектар очиқ майдонда, 4 минг 385 гектар ғўза қатор орасида эртанги ризқ–рўз манбаи—буғдой майсаси дастлабки босқичларда ривожлантирилмоқда. Белгиланган агротехник тадбирлар 12 та ҳудудда пешқадам ва катта тажрибага эга фермерлар хўжаликлари иш услуби асосида ташкиллаштирилган бўлиб, айни пайтда контурларни қишки яхоб сувига қондириш, бу жараёнда албатта, етарли даражада маҳаллий ва минерал ўғит киритиб, “шарбатлаб” суғоришга эътибор кучайти рилган.
Ғалла парвариши билан бир қаторда якунланаётган йилда Шофиркон туманида пахта ҳосилидан бўшаган 10 минг 553 гектар ер майдони чуқур шудгор қилиниб, ҳар бир контур даласига 5 тонна атрофида маҳаллий ўғит киритилиб, қишнинг “чилла суви”дан бостириб суғориш – “шўр ювиш” агротехник тадбирлари кечиктирилмасдан олиб борилаётгани ҳам якунда баракали ҳосилдорликка эришиш учундир. Шу боис, суғориладиган майдонларда тупроқ унумдорлигини ошириш, маҳаллий ўғит жамғаришдек муҳим агротехник тадбирда ҳудуддаги фермер хўжаликлари туман ветеринария бўлими ҳамда чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар, қолаверса, қорамолига эга аҳоли хонадонлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Илмий жиҳатдан, экиладиган ер тупроқ унумдорлигини чириндисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, баракали ҳосил пойдеворида маҳаллий ўғитлар––мол, қўй ва парранда, шунингдек, пилла қурти гўнги, бошқа табиий ўғитларнинг ҳам аҳамияти катта.
Мутахассислар фикрича, маҳаллий ўғитлар орасида гўнгни олсак, унинг таркибида бир тонна ҳисобига, қорамолларникида 4 килограм азот, 2,5 килограм фосфор, 5 килограм калий мавжуд. Қўй қийидаги азот миқдори бир тоннасида 16 килограмни ташкил этаркан. Фосфор эса 5 килограм, калий 14 килограмга етади. Шунингдек, бир тонна парранда гўнгида 34 килограм азот, 16 килограм фосфор, 8 килограм калий моддаси мавжуд экан. Кези келганда, таъкидлаш жоизки, бир тонна ипак қуртининг қуруқ чиқиндиси солинган тупроқ қатлами эса 50 килограм азот, 10 килограм фосфор билан тўйинар экан.
Ҳозирда туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими, масъул ташкилотлар томонидан ҳудуддаги фермер хўжаликларида шу нуқтаи назардан тушунтириш–тарғибот ишлари жонлантирилган. Шубҳсиз, бу амалий тадбирлар тупроқ унумдорлигини ошириш эвазига юқори ҳосилдорлик олишни кафолатлайди. Шу боис, ҳар бир фермер, деҳқон хўжалиги томонидан айни кунда қишлоқларда маҳаллий ўғит жамғариш ишлари қизғин олиб борилаётганини кўриш мумкин. Бу борада "Али Саҳий", "Акрамов Аскар" "Олимжон Порлоқ", "Турон тўра" каби фермер хўжаликлари пешқадам.
Жумладан, бугунга келиб Дўрмен ҳудудидаги фермерлар хўжаликларида қарийб 160 тонна маҳаллий ўғит жамланган бўлса, Денов ҳудудида 140 тонна, Тезгузарда 411 тонна, Навоий ҳудудида 580 тонна, Чандирда 180 тонна, Боғиафзал ҳудудида 350 тонна, Жўйнав, Искогаре Жўйрабод, Вардонзе Саврак ва Бобур ҳудудларида ҳам қарийб 2 минг тонна маҳаллий ўғит заҳираланган.
Экин вегетация даври фаоллашадиган баҳор мавсумида тупроқ таркибидаги озуқа моддаларининг камайиб кетиши ва ўсимлик маҳаллий ўғит––“дармондори”га мутож бўлишини ҳисобласак, эрта баҳорги озиқлантириш долзарб аҳамиятга эга. Бу кўчат қалинлигини барқарорлаштиради, ўсимликда тупланиш, панжалаш, фазалаш жараёнини жадаллаштиради ва 1 метр квадрат майдонда 550 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга эришиш мумкин. Пировардида эса бу билан ҳар бир гектар ердан 4-6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати