Когон туманида 6896 гектар ердаги ғўза дефолиация қилинмоқда
Жорий йилги пахта ҳосили учун Когон туманидаги 239 та фермер хўжалигида жами 7096 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Маълумотларга кўра, ҳудуддаги 2,5 минг гектар ерда эрта баҳордан плёнка остига чигит экиб парваришланаётган бўлса, бунинг учун туман бўйича 37 та замонавий экишгичдан унумли фойдаланилган.
Бу саъй-ҳаракат Нақшбанд, Ниёзҳожи, Янги ҳаёт, Нурафшон, Туткунда, Ўртачўл каби 12 та маъмурий ҳудудда ишни тўғри ташкил этишга, ҳар бир контурда ғўза парваришига алоҳида эътибор қаратилиб, минерал ўғит ва маханизация ишлари учун ёқилғи-мойлаш материаллари таъминотига, аввало моддий манфаатдорликка эътибор кучайтирилгани туфайлидир.
Ўтган йиллардаги натижаларига тўхталсак, темирйўлчилар туманида 21 минг тонна атрофидаги “оқ олтин” хирмони бунёд этилиб, катта хирмонга муносиб ҳисса қўшилмоқда. Бу борадаги жорий йилги миришкор пахтакорлар мақсад-муддаоси эса “оқ олтин” хирмонини янада юксалтириш.
Ўтган йилда когонликлар умумий пахта майдонининг 1 минг гектарида етиштирилган “оқ олтин” ҳосили “BAHOR CHANCE TEXTILE” МЧЖ агрокластери қабул масканида саранжомланган. “Когон”, “Сиёзпоён”, “Янги ҳаёт”, “Мустақиллик”, “Ўртачўл” МФЙларида етиштирилган 3 минг тоннага яқин сифатли уруғлик пахта ҳосили айнан агрокластер ҳисобига қабул қилинган. Жорий йил мавсумидаги кўзланган ҳосил салмоғи ҳам бултургисидан мўлроқ. Фермер хўжаликларида ҳар гектар пахта майдони ҳосилдорлигини 40 центнерга етказиш мақсад қилинган.
Пахта ҳосилини сифатли йиғиб-териб олишда ғўза дефолиацияси муҳим агротадбирлардан биридир. Дефолиация тўғри ўтказилганда баргларнинг тўлиқ тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, ғўзадаги бўлиқ кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади, биринчи терим салмоғи 15-20 фоизга ошиб, юқори сифатли хом-ашё ҳажми кўпаяди. Шу қаторда дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса, қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этади. Мазкур агротехник тадбир қора ширани келтириб чиқарувчи ғўза битларига барҳам бериб, кўсак ва толанинг чиришини кескин камайтиради.
Яқинда когонликларнинг “Чолоки” МФЙда фаолият юритаётган "Sharif gold grand" фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги масъуллари, сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва корхоналар мутасаддилари, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермерлар иштирокида бўлиб ўтган кўргазмали ўқув-амалий семинарида ҳам долзарб дефолиация тадбирини уюшқоқлик билан кечиктирмасдан ўтказишга эътибор қаратилди.
Тадбирда ғўза майдонларини дефолиация қилишга тайёргарлик кўриш, хусусан, ОВХ пуркагичларидан кенг фойдаланиш, дефолиантлар захирасини яратиш, ишчи эритма тайёрлаш майдончаларини ташкил қилиш, дефолиацияни сифатли ўтказилишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Айни пайтда туманда жами 7 минг 96 гектар майдонда пахта етиштирилаётган бўлиб, шундан 6 896 гектар майдонда дефолиация тадбирини юқори даражада ташкиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун 17 та ОВХ пуркагич агрегати ҳозирланган бўлиб, ҳудудлар миқёсида 17 та отряд иш олиб бормоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати