Когон: "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда
Юртимизда хотин-қизлар ташвиш ва муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий муҳофазалаш ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамиша диққат марказида бўлиб келган. Албатта, бунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Аёллар дафтари” ва бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Когон туманида ҳам оғир шароитда яшаётган, мададга муҳтож опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Туманнинг “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зуҳро Шамсиева хонадонида икки нафар ногиронлиги бўлган фуқаро ҳам айни кунда ижтимоий муҳофазага олинган. "Аёллар дафтари"нинг учинчи босқичига киритилган хонадон бекаси Зуҳро Шамсиева айтиш мумкинки, бошига тушган мусибатни матонат билан енгиб ўтиб, маҳалладошларига ҳам ибрат-намуна бўлмоқда.
— Маҳалла маъмурияти ёрдами билан ўтган йили имтиёзли тартибда кредит маблағини расмийлаштириб, 2 та замонавий тикув машинасини сотиб олиб, уйда тикувчилик фаолиятимни йўлга қўйгандим, – дейди Зуҳро Шамсиева. — Ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида яқинда субсидия асосида яна бир замонавий тикув дастгоҳига эга бўлдим. Бу менга ва оила аъзоларимга уйдан чиқмасдан, чеварлик билан шуғулланиб, яхшигина даромад қилиш имконини бермоқда.
Айни пайтда мазкур хонадонда устоз-шогирд анъанаси асосида уч нафар ёш қиз чеварлик сирларини ўзлаштирмоқда. Хонадон бекаси эса фаолиятини кенгайтириб, буюртма асосида кийим-кечак тикиб тайёрлашни кўпайтириш, шу тарзда маҳалладошлари корига камарбаста бўлиш ҳаракатида.
Шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Когон туманида “Ёшлар дафтари” га киритилган йигит-қизларга меҳнат фаолиятларини бошлашлари учун зарур асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари, тикув машиналари берилиб, улар бандлиги таъминланмоқда.
Яқинда маҳаллий ҳокимлик, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамкорлигида ёшлар жамғармаси ҳисобидан “Ёшлар дафтари” га киритилган 3 нафар қизга ўз истаги ва лаёқатига мос бепул замонавий тикув машиналари топширилгани ҳам улар бандлигини таъминлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда. Бу имконият ёшларнинг ўзини-ўзи банд қилиш, оиласига қўшимча даромад келтиришида мустаҳкам асос бўлади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати