April 5, 2022

ЗАКОТ КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

84-CАВОЛ: Ассалому алайкум. Кимларга закот бериш ўринли?

💬 ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом. Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
5. Мукотаб қуллар;
6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас);

Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган.

Шариатимизга кўра қуйидагиларга закот берилмайди:
1. Бошқа дин вакилларига;
2. Бой кишиларга;
3. Бой кишининг балоғатга етмаган фарзандига;
4. Ўрталарида туғилиш алоқаси бўлганлар яъни, ота-она ва ўғил-қизларга;
5. Эр ёки хотинга;
6. Ҳошимийлар яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қариндошларига. (“Ҳидоя”, “Ал-Мухтор”, “Фатҳу бобил иноя”) Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати. Рамазон ойини @Chinormasjidi канали билан бирга ўтказинг!