April 5, 2022

ЗАКОТНИ БИР КИШИГА БЕРИЛАДИМИ ЁКИ КЎПЧИЛИККА?

320-CАВОЛ: Мисол учун молимдан тўрт миллион сўм закот беришим керак. Бу пулни битта одамга бераманми ёки икки учта одамга берсам ҳам бўладими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Закот кимга берилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба сураси, 60-оят).

Демак, закот бериладиган 8 та тоифа инсонлар бор:
1. Фақир – моли нисобга етмаган шахс;
2. Мискин – ҳеч нарсаси йўқ киши;
3. Закот йиғиш ишида банд бўлганлар;
4. Диллари Исломга ошно қилинувчи ғайри динлар;
5. Мукотаб қуллар;
6. Агар зиммасидаги қарзини берса, пули нисобдан камайиб қоладиган қарздор киши;
7. Аллоҳ йўлида юрганлар (бунда асосан муҳтож бўлиб қолган ҳожилар тушунилади);
8. Йўлда қолганлар (моли бору ўзи билан бирга эмас);

Юқорида санаб ўтилганлардан икки тоифаси: “диллари Исломга ошно қилинувчилар” ва “мукотаб қуллар” бугунги кунда мавжуд бўлмаганлиги учун закот бериладиганлар қаторидан чиқарилган.

Демак, закот берувчи закотини қолган олти тоифанинг ҳар бирига ёки баъзисига беришда ихтиёрлидир. Шунингдек, "Мухтасарул-виқоя" китобида: "Бир кишига закотдан бир кунга етарли, яна ўзгалардан сўрашга ҳожат қолдирмайдиган миқдорда бериш мустаҳабдир", – дейилган. Бир кун тўлиқ сўрашдан беҳожат бўлиш деганда фақатгина фақирнинг ўзи эмас балки унинг аҳли аёлини ҳам бир кунлик сўрашдан беҳожатлиги ирода қилинган.

Шу ўринда: "Қарзи йўқ фақирга нисоб миқдорича закотдан бериш макруҳдир", – деган иборани ҳам эслаб ўтишимиз керак. Бунинг мисоли: фаразан нисоб миқдори йигирма миллион деб белгиланган бўлса-ю чиқарадиган закоти йигирма миллионга етса, ана шу суммани қарзи йўқ бир фақирга бериши макруҳ бўлади. Агар фақирни қарзи бўлиб, қарзини адо қилгандан қолган пул нисоб миқдорига етмаса ёки қарздан сўнг ҳеч нарса қолмаса, нисоб миқдорича бериш ҳам жоиз бўлади (“Умдатул фиқҳ” китоби).

Хулоса шуки закот оз миқдорда бўлса бир синфга, балки бир шахсга берган афзал. Чунки, оз нарсани кўпчиликка тарқатилганда закотдан кўзланган асосий мақсад ҳосил бўлмайди. Оз кишиларга тарқатилганда эса, оз бўлса ҳам мақсад ҳосил бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.

Рамазон ойини @Chinormasjidi канали билан бирга ўтказинг!