May 3, 2021

Ар-Роҳман сурасининг ўзига хос услуби ва фазилати

Мазкур суранинг номи биринчи ояти «Ар-Роҳман»дан олинган бўлиб, у Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатларидан ҳисобланади. Ушбу сура Маккада нозил бўлган ва 78 оятдан иборат. Суранинг номи «бениҳоя раҳмлилик» маъносини англатади. Бу сифат инсонларга нисбатан айтилганда «юмшоқлик», «меҳрибонлик»ни ифодаласа, Аллоҳ таолонинг сифати маъносида «меҳрибонлик», «эҳсон ва ризқ бериш»ни билдиради. Аслида ушбу сифатни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир нарсанинг келинчаги бор. Қуръоннинг келинчаги Ар-Роҳман сурасидир», дедилар».

Имом Байҳақий ривояти.

Бунинг сабаби шуки, ушбу сура бошқа суралардан худди келинчаклар турли безаклар ила безангани каби ўзига хос оятлар кетма-кетлиги, жозибадорлиги ва гўзаллиги билан ажралиб туради. Мазкур сура махсус услубда бўлиб,унда инсонлар ва жинларга қарата айтилган: «Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» деган хитоби 31 марта такрорланган.

Сурада дастлаб инсонни ҳидоятга элтувчи бўлган Қуръони Карим таълимидан хабардор этгани баён қилинган: «Қуръонни ўргатди» (2-оят). Қуръони Карим таълими эса энг буюк неъматлиги ушбу оятдан аён бўлмоқда.

Шу билан бирга, энг буюк мўъжизалардан ҳисобланадиган ернинг тўшаб ва осмоннинг баланд кўтариб қўйилгани зикр қилинди. Бу инсонга инъом этилган мислсиз неъматлардан эди.

Ерда униб-ўсувчи ширин ва фойдали мевалар зикр қилиниб, ундан кейиноқ «Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» ояти келтирилди. Бу эса ушбу неъматларнинг қанчалик аҳамиятли эканидан далолат беради.

Мазкур сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васфи ҳам гўзал тарзда баён этилган.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалари олдига чиқиб, Ар-Роҳман сурасини аввалидан охиригача ўқиб берганларида улар жим бўлиб қолдилар. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Жинлар билан учрашган кечамда ҳам ушбу сурани ўқиб берганимда улар сизлардан кўра яхшироқ жавоб берган эдилар. Ҳар сафар «Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!» оятини ўқиганимда «Эй Роббимиз! Биз Сенинг неъматларингдан ҳеч бирини ёлғон демаймиз, ҳамду сано Сенгадир!» деб турдилар», дедилар»

Имом Термизий ривояти.

Мўмин жинлар: «Эй Роббимиз! Сенинг неъматларингдан бирор-бир нарсани инкор қилмаймиз, ҳамду сано Сенгадир», деб айтганларидек, биз ҳам шундай жавоб қайтарамиз!

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо): «Эй Роббим! Бирор-бир неъматингни ёлғонга чиқармаймиз», дер эдилар.

Демак, неъматларнинг Аллоҳ таолодан эканига иқрор бўлиб, У Зотга ҳамдлар айтамиз, берганларига шукр қилиб, Ўзигагина ибодат этамиз. Зеро, неъматлар шукр ила зиёда бўлади.

Аъзамжон ТОШПЎЛАТОВ