Фарзанднинг қулоғига азон ва такбир айтиш тартиби қандай?
Мусулмон хонадонида туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.
Ривоятларнинг бирида: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас”, дейилган. Умму Сибён болаларга зарар етказадиган жин тоифасидир.
Ҳасан ибн Алидан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: “Кимнинг фарзанди туғилса, ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтса, Умму Сибён зарар қилмайди”.
Манба