Ҳаж ва умрага тааллуқли масалага ойдинлик киритилди
Ижтимоий тармоқларда Саудия Арабистони ҳукумати айрим талаблар асосида инсонларга ҳаж сафари учун рухсат беришга қарор қилди, деган мазмунда тарқатилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келадими?
Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати мамлакатимизнинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси хабарига кўра, Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж ва умра сафарларини бошлашга оид бирор-бир якуний баёнотни эълон қилмаган.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар ва хизмат кўрсатиш маркази ҳам айни кунларда ижтимоий тармоқларда ҳаж мавсумини ўтказишга рухсат берилгани, унга хориждан 45 минг нафар зиёратчилар қабул қилиниши ҳақидаги хабарларга раддия бериб, “Ҳаж – 2021” мавсумини ташкил қилиш ва четдан ҳожилар қабул қилишга доир ҳукумат қарори кейинроқ эълон килинишини маълум қилган.
Шунингдек, Саудия Арабистони Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси (GACA) саёҳат ва бошқа мақсадларда мамлакатга ташриф буюрувчи чет элликлар (кириш тўхтатилмаган мамлакатлардан келганлар) учун тиббий-санитар ва эпидемиологик шартлар тўғрисида йўриқнома ишлаб чиқарган. Унга кўра, мамлакатга киришда ҳар бир чет эл йўловчисидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатидан ўтган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия–Швеция), Moderna (АҚШ) вакциналарининг икки дозаси ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакцинасининг бир дозасини қабул қилганлик ҳақида махсус сертификат талаб қилинади.
Вакцина сертификатлари келаётган йўловчиларга эмлашни амалга оширган давлатнинг расмий соғлиқни сақлаш идоралари тасдиқлаши ва охирги дозани олиш муддати (икки дозали эмлашнинг иккинчи дозаси ёки битта дозали эмлашнинг биринчи дозаси) САПга саёҳат қилишдан 14 кундан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган. Ҳар бир вакцина сертификатлари Қиролликнинг назорат пунктларида текширувдан ўтказилади.
Юқоридаги каби талабларга жавоб бермайдиган йўловчилар белгиланган манзилга, жўнаб кетган жойларига қайтариб юборилади ва йўл ҳаражатларини авиакомпания ўз зиммасига олади. Ушбу қоидаларга риоя қилмаслик саёҳатчиларга Саудия Арабистонига кириш тақиқланишидан ташқари, қонуний мажбуриятларни ҳам юклайди. Изоляция бўйича кўрсатмалар ёки карантин қоидаларини бузган фуқаролар ва резидентлар 200 минг риёл (53,2 минг АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки икки йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади ва такрорий бузилган тақдирда, жазо икки баравар кўпайтирилади. Саудиялик бўлмаган қонунбузарлар Қиролликдан депортация қилинади ва шахсга нисбатан жазо ижро этилгандан кейин уларнинг мамлакатга киришига тақиқ қўйилади.