Қадр кечаси: Фазилати, аломатлари, қилинажак ибодатлар ва унда ўқиладиган махсус дуо ҳақида
Рамазон ойида муборак бир кеча борки, Аллоҳ таоло ўз каломида унинг минг ойдан ҳам афзал эканлиги ҳақида марҳамат қилган. Яъни, ким ўша кечани ибодат билан ўтказса, бошқа пайтда минг ой ибодат қилгандан кўп савобга эришади. Бу – Қадр кечасидир.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, дедилар (Имом Насаий).
Бу куннинг фазилати, унинг барокоти ва яхшиликлари, унда қилинадиган ибодатлар, дуолар ва хайрли амаллар ҳақида тўхталиб ўтсак.
Уни қайси кунлардан излаш керак?
“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Қадр кечаси Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида яширинган, уни ўша кунларнинг тоқ кунларидан излаган афзал дейилади.
Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа бир ҳадисда айтилади:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларида изланглар”, дедилар”. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Кўпчилик уламолар наздида Лайлатул Қадр кечаси Рамазоннинг 26-кунидан 27-кунига ўтар кечасидир.
Саҳоба Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: “Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин. Ҳақиқатда, у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар шунга суяниб қолмаслиги учун айтмасди, – деди. Сўнг қатъий қасам ичиб: – Йигирма еттинчи кечада, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан шундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди (Имом Муслим ва Термизий ривояти).
“Лайлатул Қадр”нинг аломатлари
Ушбу муборак кечанинг еттита аломати бўлиб, улар қуйидагиларда намоён бўлади:
1. Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.
2. Осмондаги юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.
3. Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.
4. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.
5. Қадр кечасида ёмғир-қор ёғмайди, ёғса ҳам ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади.
6. Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туради.
7. Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.
У қандай фазилатларга эга?
У минг ойдан яхшироқ кечадир, дейилади. Агар бу ҳисоб-китоб қилиб кўрилса, тахминан, 83,3 йилга тўғри келади. Мана шу кечада қилинадиган ибодатлар, зикрлар, саловоту тасбеҳлар, дуолар ана шундай вақт кенглигини қамраб олади. Бу, шу муборак кечада қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан афзал, деганидир. Бундан ортиқ бу кечанинг яна қандай гўзал ва улуғвор фазилати бўлиши мумкин? Қолаверса, бу кеча омонлик ва барокот кечаси. Унда банданинг бир йиллик ҳисоб-китоби ер юзига туширилади. Бу кечада банда бедор бўлиб, Аллоҳга мухлис ҳолатида, яъни ихлос ила дуо қилса, гуноҳлари мағфирати, икки дунё саодати, ўзининг эҳтиёжлари ҳақида сўралса, ижобат бўлади.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар.
Бу кечада қандай амаллар қилган афзал?
Қадр кечасида қилинажак тўғри ва нотўғри амаллар ҳақида Анвар қори Турсунов шундай деган эдилар:
“Бу кечани зиёфат қилиб эмас, яхшилик қилиб ўтказиш керак. Афсуски, кўпчилик турли таомлар ҳозирлаб олиб, дастурхонларни безаб, турли хил гапларни сотиб, биз Қадр кечасида ўтирдик, дейишлари мутлақо нотўғри амалдир. Хўш, бу кечада нималар билан банд бўлиш лозим бўлади? Аввало, қалбни мана шу кунга созлаб олиш керак. Ҳуфтон намозидан кейин, таҳоратни янгилаб, покланиб, дуо-ю зикрда бўлиш, таҳажжуд намозини ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, истиғфор айтиш, такбир ва таҳлилларга эътибор қаратиш лозим бўлади. Ана шунда инсон ўзидаги ўзгаришларни, қалбига яхши нарсалар қуйилиб келаётганини англайди. Бу кечани мана шундай ўтказсаккина фойда оламиз...
Бир нарсани яхшилаб идрок этиб олмоқ керак. Расулимиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Амаллар ниятга боғлиқ”, деб айтганлар. Шу боис ҳар бир киши юқорида айтиб ўтилганидек, қалбни поклаб олиши керак. Бу кечада, айниқса, қалбда Аллоҳга бўлган муҳаббатни янада ошириш лозимдир. Айтмоқчи бўлганимизки, мана шу кечада бедор бўладиган кишининг қалбида чиркин иллатлар бўлмаслиги, уни соф ҳолда ушлаб туриши жуда яхши ишдир”.
Бу кечада қандай ибодатлар қилинади? Уларнинг махсус кўрсатиб ўтилганлари борми? Қадр кечасида қандай дуоларни қилган афзал? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Қадр кечаси учун махсус намоз йўқ”, деб таълим берганлар. Аммо бу кечада қазо намозлар, нафл ва таҳажжуд намозларини ўқиган афзал. Бундан ташқари, Қуръони карим тиловати, Аллоҳни улуғлаб айтиладиган тасбеҳ, истиғфор ва зикрлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга бағишлаб саловат ва дурудлар айтиш улкан ажр-савобларга сабаб бўлади.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, деб айтгин”,– дедилар” (Термизий, Ибн Можа ривояти). Таржимаси: “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин”.
Барчаларимизга мана шу кечанинг барокоти, ҳикмати, файзи, саломатлиги, мубораклиги насиб этсин, унда қиладиган ҳар бир амалимизни Аллоҳ таолонинг ўзи даргоҳида қабул қилсин.
Манба