Ота фироқи
Ўша пайтлар биз Ливияда мусофирликда яшар эдик. Холамнинг қайноталари ёки қайноналари вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳазрат божаларига таъзия билдириб, Ливиядан туриб ватанга қўнғироқ қилдилар. Сўзларининг орасида божаларига: «Сиз ҳам бизга ўхшаб катта бўлганингизда етим бўлибсиз-да», дедилар.
Бироз олдин ўзлари оналаридан айрилган эдилар. Ёши улғайганда бу мусибат янада оғир келишини таъкидлардилар. Катта бўлганда ота ёки онасини йўқотиш «етим» сўзининг луғавий ёки шаръий маъносига тўғри келмас, эҳтимол. Аммо урфда бу сўз худди шу маънода ишлатилади. Катта бўлсин, ёш бўлсин, онаси ёки отасдан айрилган инсон етим бўлади, кўнгли ўксик қолади, қалб қуёши ботади, қадди букилади.
Ҳазратимизнинг гапларида улкан маъно бор эди. Инсон улғайган сари ақли, эс-ҳуши ортиб боради. Ақли ортган сари ота деган зотнинг маъносини чуқур англаб, унинг оиладаги, ҳаётдаги ўрнини теран ҳис этиб бораверади.
Арабларда «Мени катталарнинг ўлими улғайтирди», деган ибора бор.
Бундай оғир дамларда кишига тасалли берадиган бирдан-бир нарса марҳумнинг хайрли умр кечиргани, ортидан қолдирган солиҳ амалларидир.
Мубашшир АҲМАД... Анвар АҲМАД...
Эътибор қилинг, отанинг исми фарзанднинг исмига эргашиб келмоқда. Аммо фарзанд, ҳар бир ишида, хатти-ҳаракатида отага эргашади, унга ўринбосар бўлади, унинг ишларини давом эттиради.
Аллоҳим! Домлаларимизга сабот бер, уларни салафларимизга хайри халаф қилгин!Эй Роббим! Аҳмадхон ҳожи дадани раҳматингга олгин! У кишини мағфират қилгин! Солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлагин! Юзларини ёруғ қилгин! Яқинларига сабру салвон бергин! Ажрларини улуғ қилгин! Ўринларини яхши эвазлар билан тўлдиргин! Омин!
Одинахон Муҳаммад Юсуф