Камералар бугундан ишга тушмайди. ЙПХ ходимларининг камералар кўтариб юриш муддати узайтирилдими?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорини чиқарган эди. Мазкур қарорга асосан, ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши белгиланди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4075-сонли қарорида айнан шу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда уларнинг ижрочилари, бу ишга масъуллар, бажариш муддатлари белгилаб берилган. Қарор эълон қилингач ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир-неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилиб, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.
Нуфузли комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.
Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу жўн вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, бахс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярлик саксон фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак.
Манба: Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ
матбуот хизмати