Депутат ёшлар ҳузурида
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари жамиятнинг фаол қатлами ҳисобланган ёшлар билан мунтазам учрашувлар ташкил этиб келишаяпти. Бугун ёшлар билан юзма-юз мулоқот Қарши шаҳридаги 35-умумтаълим мактаби мажлислар залида Ёшлар Иттифоқи Қарши шаҳар Кенгаши ёшлари билан уюштирилди. Учрашувда Кунчиқар, Маҳаллот, Чармгар ва бошқа ўндан ортиқ маҳаллалар ёшлари ҳам иштирок этди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўйиддин Раупов ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида тўхталди.
— Мустақил мамлакатимизда бу сиёсат давр талаби ва ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, такомиллаштириб ва тўлдириб бориладиган узлуксиз жараён кўринишида шаклланган,-деди Рўйиддин Раупов.-Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган 5 та муҳим ташаббусда ҳам юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Дарҳақиқат, ёшликнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор, албатта. Бу давр билим олиш, касб танлаш ва уни пухта ўрганиб эгаллаш, сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқларини англаш, ўз дунёқарашини шакллантириб, мустақил ҳаётга қадам қўйиш, оила қуриш ва бошқалар билан тавсифланади.
Депутат сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда кечаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини ёшларга тўлақонли тушунтирди. Вилоят партия ташкилотлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам”, “Ватан келажаги сенинг қўлингда”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” каби уюштирилаётган тадбирларда юзлаб, минглаб ёшлар иштирок этаётгани хусусида тўхталди. Айниқса, келажагимиз эгалари бандлигини таъминлашда Ўзбекистон “Адолат” СДП, маҳалла, таълим муассасалари ва ота-оналар ҳамкорлиги яхши самара бераётганини алоҳида эътироф этди. Бу борада маҳаллалар қошидаги вояга етмаганлар билан ишлаш, спорт, маънавият ва тарғибот ишларини ташкил этишда маънавият ва тарғибот ишлари комиссияларининг фаолияти муҳим омил бўлаётгани таъкидланди. Депутат мактаб кутубхонасига китоб соға қилди.
Бугун Қарши давлат университетида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин қизлар қўмитаси раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси Мақсуда Мустафоеванинг ҳам ёшлар билан ўтказган самимий мулоқоти савол-жавобларга бой бўлди.
— Бу йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади, - деди Мақсуда Мустафоева ёшлар билан мулоқотга киришаркан. – Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги, Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда жараёнга тайёргарлик кўриш доирасида ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора – тадбирларни амалга ошираяпмиз. Ёшлар ҳузурида бу муҳим жараённинг умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларига жавоб берадиган меъёрий ҳуқуқий база яратилгани, демократик миллий сайлов тизими йўлга қўйилганлиги ҳақида тушунтиришлар бераяпмиз.
Шунингдек, учрашувда Мақсуда Мустафоева депутатликка номзод ва унинг ҳуқуқлари, номзодни ким кўрсатиши, миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритди.
Ёшлар ўзларини қизиқтирган кўпдан – кўп саволларига партиямиз вакилидан қониқарли жавоблар олишди. Университет талабалари томонидан ўртага ташланган муаммоларнинг барчаси депутат аралашуви билан шу ернинг ўзида ечим топди.
— Ҳар бир ота-онанинг ҳам, давлатнинг ҳам мақсади ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топишидир - деди учрашув якунида депутат Мақсуда Мустафоева, – Ҳамма ёшларимиз билимли ва маданиятли бўлса, ўзи севган касби билан машғул бўлса, олам гулистон. Хонадонларда хотиржамлик, жамиятда тинчлик, фаровонлик бўлади.
— Депутатлар билан бўлиб ўтган учрашув туфайли мен ўзим учун керакли билим ва кўникмаларга эга бўлдим,-дейди Ёшлар Иттифоқи Қарши шаҳар Кенгаши фаоли Улуғбек Соҳибов.-Биз ёшлар давлат ва жамиятнинг бугунги ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий салоҳиятини ҳам белгилаб берувчи ўзига хос таъсирчан фаол куч сифатида ташаббускор бўлишимиз лозим.
— Мен бу йил бўлиб ўтадиган сайловлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунчага эга бўлдим,-деди иштирокчилардан яна бири Гулноза Асадова суҳбатга қўшилиб.-Депутатлар билан бундай очиқ мулоқот биз ёшларнинг маънавий-маърифий билимларимиз юксалишида, дунёқарашимиз кенгайишида аҳамияти катта. Бундай халқ вакиллари билан очиқ, ошкора мулоқотни ташкил этишда бош-қош бўлаётган Ўзбекистон “Адолат” СДП ташкилотларига ёшлар номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Комил САХАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби