June 21, 2019

Тез тиббий ёрдам машиналари энди жаримага тортилмайди (ми?)

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП депутатлари ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилиши режалаштирилаётган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг тавсияси асосида соғлиқни сақлаш тизими ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ўрганишнинг якуний хулосалари, мутахассислар билан олиб борилган амалий мулоқотлар ва таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган.

Айтиш мумкинки, тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари ёрдамига муҳтож беморлар учун ҳар бир дақиқа, ҳар бир сония қимматли. Афсуски, шифокорларнинг чақирув бўйича жойига вақтида етиб бориши билан боғлиқ муаммолар тез-тез учраб туради. Бунга ҳар қандай шошилинч ҳолатда ҳам тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиларининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этиладиган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга мажбурлиги сабаб бўлмоқда. Баъзи кечиктириб бўлмайдиган шошилинч ҳолатларда эса, тез тиббий ёрдам ҳодимлари йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлмоқда ва жавобгарликка тортилаётгани маълум бўлди.

Маълумотларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати хайдовчилари томонидан 2017, 2018 йилларда ва 2019 йилнинг январь ойида жами 1 644 та йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган ва бу рақамлар йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Шу мақсадда, фракция аъзолари ташаббуси билан таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тез тиббий ёрдам автомашиналарининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ амалиётдаги айрим муаммоли ҳолатлар бартараф этилишига хизмат қилади. Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатувчи транспорт воситалари хайдовчиларнинг асоссиз юридик жавобгарлигининг олди олинади.

Йиғилиш якунида шу ва бошқа масалалар бўйича депутатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.