Депутатлар автомобиль ойналари учун мўлжалланган термал плёнка ўтказувчанлик фоизини 70 дан 55 фоизга тушириш таклифини илгари сурди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари иштирок этмоқда.
Йиғилишни Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров олиб бормоқда.
Йиғилишда дастлаб Президентимиз раислигида 15 июль куни узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда кўтарилган муҳим вазифалар муҳокама этилди.
Фракция аъзолари ҳаво ҳароратининг кескин исиб кетиши билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймоновнинг таъкидлашича, бу йилги ёз фасли камдан-кам кузатиладиган иссиқ ҳарорат билан ўтмоқда. Айниқса, бундай жазирама кунлар автомобиль ҳайдовчиларига қийинчилик туғдирмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, айниқса, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу – автомобиль ойналарини қорайтириш (“тонировка”) масаласи бўлиб турибди.
Йиғилишда таъкидланганидек, “Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларда асосий масала сифатида ёзнинг иссиғидан, қуёш нуридан, айниқса, ультрабинафша нурларидан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.
Ҳайдовчи ҳам пул тўламоқда, ҳам жазирамада қолмоқда
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома олиш жисмоний шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари, юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари миқдоридаги маблағни тўлаш орқали амалга оширилади. Табиийки, кўплаб фуқароларимизда бунча маблағ тўлаш эвазига бир йилгагина рухсатнома олишга моддий имконият етарли эмас.
Депутатлар томонидан таъкидланганидек, агар ушбу суммани тўлашга ҳайдовчининг қурби етса ҳам, унга бунинг иссиқдан ҳимояланишга ҳеч қандай нафи бўлмайди. Чунки қарорга асосан, ойналарининг тусини ўзгартириш автотранспорт воситасининг фақатгина орқа ойналарига рухсат берилади, холос. Демак, ҳайдовчи қарор талабларини бажараман, деб пул тўлайди ва ўзи яна ўша қуёш нурларида қолади.
Албатта, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда, турли веб-сайтларда бу нархнинг жуда қимматлиги, уни бутунлай бекор қилиш ёки маблағ миқдорини камайтириш, дарпардага рухсат бериш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда. Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари эса маблағ миқдорини ўзгартиришга ҳеч қандай муносабат билдирмаган ҳолда, ойналарининг тусини ўзгартириш фуқароларимиз хавфсизлигига салбий таъсир ўтказишини маълум қилиш билан чекланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари фуқароларимизни қийнаётган ушбу масала юзасидан, аҳоли фикрлари, ижтимоий тармоқлардаги муносабатлар ва мутасадди вазирлик позициясини ўрганиб, ҳам халқ манфаатлари, ҳам хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда, ўз таклифларини ишлаб чиқди.
Бугунги кунда автотранспорт воситаларига эҳтиёт қисмлари билан савдо қилиш дўконларида термал плёнкани учратиш мумкин. Ушбу плёнка бир мунча шаффоф бўлиб, у автомобиль салонини қуёшнинг ультрабинафша нурларидан сақлаб, жазирамада исиб кетишини бирмунча камайтиради.
Депутатларнинг ушбу ташаббусини йиғилишда ҳозир бўлган Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари қўллаб-қувватлади ва бу орқали фуқароларимизга автомобилдан фойдаланишлари учун қулай шарт-шароит яратилиши таъкидланди.
Депутатлар эътироф этганидек, ушбу масалада муаммонинг ечими сифатида Ҳукумат қарорига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи таклиф тайёрланмоқда. Яъни, Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.4-бандига мувофиқ транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, ундан фойдаланиш тақиқланиши белгиланган нормани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Унга кўра, мамлакатимизда ушбу 70 фоиз чеклови 55 фоизга туширилса, ҳайдовчилар бемалол термал плёнкадан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу эса, нафақат йўловчиларга, балки, ҳайдовчиларга ҳам афзаллик туғдиради. Депутатлар, шунингдек, ушбу амалиётни жамоат транспортларида ҳам қўллаш таклифини илгари сурди.
Депутатлар шунингдек ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган автомобиль ойналарини тусини ўзгартириш (тонировка) масаласини ҳам муҳокама қилди. Бу ҳақда қўшимча маълумот берамиз.