July 15, 2019

Чегарада телефонингизни текширишмоқчи. Нима қилиш керак?

Яқинда Туркиядан қайтаётган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабга ЖКнинг 246-моддаси (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилди. ИИВ тарқатган хабарда айтилишича, «жиноят ишига 2019 йилнинг 26 март куни “Тошкент” аэропортида кўздан кечирилган Маҳмуд Ражабнинг қора рангли сумкасидан чиққан 26 дона китоб, бир дона “Mi 5+” русумли уяли телефон аппарати ва ундаги ёзувлар сабаб бўлган».

Май ойида Гуанчжоуга келаётган ўзбекистонликлар телефонининг ичи текширилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалди. Хитой чегарачилари "компроматни" топса, мамлакатга киришни тақиқлаши эҳтимолдан холи эмас.

Аслида ўзбекистонликлар бу каби текширувларга нафақат Хитойда, Туркия, Россия ёки АҚШ каби давлатларда ҳам дуч келиши мумкин.

1. Фақат телефонларни кўришадими?

Йўқ. Ноутбук, планшет, ташқи қаттиқ диск, флешка – ичида маълумот сақланадиган исталган турдаги электрон қурилмалар текширилиши мумкин.

2. Чегарачилар ундан нимани қидиришади?

Ҳар хил нарсаларни. Ўзбекистонда телефонни чегарачилар эмас, божхона ходимлари текшириш ҳуқуқига эга. Улар четдан кириб келаётганларнинг телефонларидан асосан порнографик ва диний материалларни қидиришади.

3. Телефон кодланган бўлса-чи?

Бу орган ходимларининг ниятига халал беролмайди. Сиздан телефонни коддан чиқариб беришни сўрашади. Рад этсангиз, қурилмани олиб қўйишади ва ичидаги бор маълумотни махсус воситалар ёрдамида кўчириб олишади. Давлат чегарасидан қуйидагиларни олиб кириш тақиқланган:

  • давлат ва жамоат тузумига путур етказадиган,
  • ҳудудий яхлитлик, сиёсий мустақиллик ва давлат суверенитетини бузадиган,
  • уруш, терроризм, зўравонлик,
  • порнографик характерга эга,
  • миллий устунлик ва диний нафрат,
  • ирқчилик ва унинг бошқа турлари (антисемитизм, фашизм) тарғиб қилинган босма асарлар, қўлёзмалар, расмлар, фотосуратлар, кино, видео ва аудиомаҳсулотлар, овозли материаллар.

4. Телефонга парол қўйсам-чи?

Бу ёрдам бермайди. Телефонни ўзингиз очиб беришингизни сўрашади. Рад этсангиз, уни мусодара қилиб, махсус жиҳозлар орқали блокдан чиқариб, маълумотлардан нусха кўчириб олишлари мумкин.

Cellebrite туридаги махсус жиҳоз ҳатто хотирадан ўчирилган маълумотларни ҳам кўрсатади.

5. Шахсий маълумотларни кўрсатишни истамасангиз...

...телефон, ноутбукларни сафарга ўзингиз билан олиб кетманг. Саёҳатга чиқишдан олдин телефон ёки ноутбукингиздан шахсий ва бошқа маълумотларни ўчириб юборинг (албатта, нусхасини бошқа жойга сақлаб қўйинг). Ёки сафар учун алоҳида янги телефон ва ноутбук сотиб олинг.

6. Менга телефондаги маълумотларим керак дейсизми?

У ҳолда керакли маълумотларни "булутда" сақланг. Яширмоқчи бўлган маълумотларингизни ўша ерга юклаб олинг. Ёки булутга захира нусхасини кўчириб, кейин қурилмангизни тиклаб бўлмайдиган қилиб тозалаб ташланг. Чегарадан ўтгач, ҳаммасини жойига қайтариб оласиз.

7. Параноик бўлиб, булутларга ишонмасам-чи?

Сиздайлар учун криптографлар маълумотларни шифрлашнинг махсус усулини ўйлаб топишган.

minbar.uz