Депутатга бўлган журналистик суриштурувга "Адолат" СДП ойдинлик киритди
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. Бундай холис сўз кишилик жамиятидаги жамики муносабатларда тиниқ кўзгу бўлиб, соғлом фикр ва қарашларни акс эттириб туради. Аксинча бўлганда-чи?..
Яқинда мамлакатимизда чоп этилаётган нуфузли матбуот нашрларидан бирида маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари фаолиятига оид эътирознамо тарзида мақола чоп этилгани журналист бурчи, масъулияти ҳақида такрор фикр юритишга ундади. Мақола муаллифи Оқдарё туманидаги 28-“Пахтаобод” сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайланган Фароғат Шарипованинг фаолияти ҳақида гапирар экан, унинг ўз сайловчиларидан узоқлашиб қолгани, сайловда овоз берганлар бугун депутатни танимасликларини, маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органидаги ишларидан хабардор эмасликларини баён этиши билан партиядошимиз фаолияти ҳақида узил-кесил хулоса чиқармоқчи бўлади.
Журналист ҳамкасбимизнинг ёзиш услуби, мавзуга қай даражада чуқур ва холис ёндашганлиги ҳақида баҳслашиб ўтирмайлик-да, депутат Ф.Шарипованинг фаолияти ва сайловчиларнинг унга бўлган муносабати хусусида мазкур сайлов округи ҳудудига ташрифимиз чоғида аниқлаган, кўрган ва гувоҳи бўлган воқеа-хулосаларни билдириб ўтсак, айни муддао бўлар эди.
Депутат Фароғат Шарипова фаолияти ҳақида хулоса чиқаришда марказий нашр мухбири “Пахтаобод” МФЙ раиси котиби Бахтиёр Раҳмонов берган маълумотни асос қилиб кўрсатмоқчи бўлади. Гўёки котиб маҳаллий Кенгаш депутатини танимас эмиш.
Биз билан юзма-юз суҳбат чоғида маҳалла фуқаролар йиғини раиси котиби мухбирнинг бу хулосасини шошма-шошарлик билан айтилган, ҳеч қандай тасдиққа эга бўлмаган гап, деб таъкидлади. Унинг гувоҳлик беришича, чиндан ҳам 3 кун муқаддам ишхонсига ўзини журналист деб айтган, лекин кимлигини таништирмаган, қайси нашрда ишлашини маълум қилмаган шахс қўнғироқ қилиб, дабдурустдан депутатингизни танийсизми, деб сўраган. Котиб қайси маҳаллий Кенгаш депутати ҳақида сўралаётганини аниқлай олмагач, “сиз сўрамоқчи бўлган депутатни танимайман”, деб қисқа жавоб берган. Телефонда бўлиб ўтган гап шу!
“Адолат” СДПнинг Самарқанд вилоят кенгаши раҳбарияти ва газета мухбири иштирокида бўлиб ўтган мулоқот чоғида МФЙ раиси котиби Б.Раҳмонов журналистнинг ўзини таништирмай, телефон орқали маълумот талаб қилиши, бировнинг номидан хулоса бериши оддий фуқаро сифатида уни қанчалик ноқулай аҳволга солиб қўйганини куюниб гапирди. Ва депутат Ф.Шарипованинг “Пахтаобод” МФЙ ҳудудидаги ижтимоий муаммолардан хабардорлигини, бу ерда унинг ташаббуси билан 150 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси қурилаётганлигини баён қилди.
Марказий нашрда депутат Ф.Шарипова ҳақида чоп этилган мақолада “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро Ольга Сметанинанинг эътирозлари ҳам асос сифатида келтириб ўтилган. Биз вилоят партия кенгаши раиси М.Бобобекова ва “Пахтаобод” МФЙ раиси А.Юсупов билан биргаликда бу эътирозни ўрганиш мақсадида Ольга онанинг хонадонига ташриф буюрдик. Тўрт нафар фарзанди бор бу аёл чиндан ҳам маҳалладан тез-тез ёрдам олиб туришини айтди. Қўни-қўшничилик, маҳалладаги меҳр-оқибат туфайли турмуши анча изига тушиб қолганини баён қилди. Ф.Шарипова ҳақида “мен бу куюнчак депутатни яхши танийман. У хонадонимга ҳол-аҳволимдан хабар олиш учун келган эди.”, деди. Лекин уч кун муқаддам унинг хонадонига ўзини “депутатман” деб таништирган киши келиб, у билан суҳбатлашганини, оилавий шароити ҳақида сўраб-суриштирганини маълум қилди. У мақола чиққанидан сўнг “депутат”нинг аслида мухбир эканини билиб қолганини, журналист нега ўзини депутат деб таништирганини ҳанузгача фахмлай олмаётганини айтди.
Мақола ёзадиган мухбир “депутатман” деб ёлғон гапириши шартми? Муаммони журналист позициясидан туриб аниқлаш, ҳал этиш ёки жуда бўлмаса муносабат билдириш қийинмикан?
Шу ўринда партиядошимиз, депутат Фароғат Шарипованинг фаолияти ҳақида бир оз тўхталиб ўтсак. Марказий нашр мухбири сайловчилар танимайди, ўз ваколатини бажаришда сусткашликка йўл қўяди, деб қараган депутат 2019 йилнинг 6 ойи давомида турли бошқарув идораларига 17 та депутатлик сўрови киритган. Биринчи гуруҳ ногирони Хосият Олтибоева ва фуқаро Елена Пашнюкнинг ижтимоий муаммоси ҳал этилиб, уларни ишга жойлаштириш ва газ таъминотини яхшилаш билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ечим топган. 41-умумтаълим мактабининг “Фармонобод” қишлоғидаги филиалини қайта қуриш бўйича таклиф билан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови киритилган.
Албатта, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, депутат фаолияти камчиликлардан холи, деган фикрни уқтирмоқчи эмасмиз. Ваколат ҳам, масъулият ҳам бениҳоя катта. Халқнинг турмушини янада фаровон этиш, бошқарувда янгича демократик тартиб-таомилларни қадамма-қадам жорий қилиш, эл манфаатини, одамлар розилигини кўзлаб амалга оширилаётган салмоқли ишларнинг ижросини назорат қилиш депутатдан катта куч-ғайрат, ташаббускорликни талаб қилмоқда. Маҳаллий Кенгаш депутатлари қайсидир маънода халқ вакили бўлишдек шарафли номга муносиб иш тутишга ҳаракат қилишмоқда. Хато ва камчиликларни аниқлаб, ўз фаолиятлари учун жиддий хулосалар чиқармоқдалар. Шу боис улар фаолиятига энг тўғри баҳони сайловчиларнинг ўзлари беришмоқда.
Лекин матбуотда депутат шаънига билдирилган ҳар қандай нохолис гаплардан, саёз таҳлил ва хулосалардан кимга наф? Депутат ҳақида ёзмоқчимисиз, келинг, унинг ўзи билан биргаликда сайловчилар ҳузурига боринг, муаммоларни эшитинг. Талаб этилган ваколат ўз ўрнида ишлатилаётгани ёки ишлатилмаётганидан хабардор бўлинг. Шундагина ҳақ сўзни айтиш осон кечади. Телефонда маълумот йиғиш билан бировга танбеҳ бериш касб одобига қанчалик тўғри келиш-келмаслигини ўйлаб кўриш ҳам фойдадан холи бўлмайди.
Зоҳир Тўрақулов,
“Адолат” мухбири