Наримон Умаров: “Партиямиз ҳар қандай курашга шай ҳолатда”
Шу йилнинг декабрь ойида Парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Муҳим сиёсий тадбирга мамлакатимиздаги сиёсий партиялар қай даражада тайёргарлик кўрмоқда? Ўзбекистон «АДОЛАТ» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон УМАРОВни шу мавзуда суҳбатга тортдик.
– Партия ўз сайловолди дастурларида соғлиқни сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. Ўша ваъдалар, яъни тиббиёт ривожига ҳисса қўшиш фақат қоғозда қолиб кетмадими?
Ваъдаларга вафо хусусида
– Соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор берилмоқда. Фракция ташаббуси билан соҳага оид 2 та қонун қабул қилинди. Депутатлар сайловчилар билан учрашувларда бирламчи тиббиёт муассасаларидаги ҳолатни ўрганиб, мутасадди раҳбарларга сўровлар ва мурожаатлар орқали кўпгина муаммоларни ҳал этишга эришди. Шунингдек, ўтган даврда дастурий мақсадни амалга ошириш учун фракция депутатлари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ барча вилоятларда бўлиб, бирламчи тиббиёт муассасаларидаги аҳволни ўрганди. Улардаги муаммолар таҳлил этилиб, ҳар бир вилоят бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилди ва улар маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокама этилиб, ижрога йўналтирилди.
Фракция аъзолари партия фаоллари билан биргаликда жойларда Президентнинг 2017 йил 3 майдаги «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ижросини ўргандилар. Натижада фракция ташаббуси билан 2018 йил декабрь ойида Бош вазир ўринбосарига «Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ҳолати ҳамда амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида» Парламент сўрови юборилди. Шунингдек, партия томонидан жамоатчилик назорати тартибида болалар ўртасида стоматологик касалликлар профилактикасини ташкил этиш, болаларга кўрсатилаётган стоматологик хизмат сифатини яхшилаш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Ишчи гуруҳ 2018 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида Андижон, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жами 1401 та умумтаълим мактабидаги ҳолатни ўрганди. Натижада болалар ўртасида кариес касаллигининг тарқалиши 4-7 ёшдаги болаларда 93 фоиз, 8-12 ёшлиларда 86 фоиз, 13-18 ёшдаги болаларда эса 74 фоизни ташкил этаётганлиги аниқланди. Бу муаммо ечими бўйича халқ депутатлари доимий комиссияларига 20 та, сессияларга эса 5 та масала киритилди. Бу масала Парламентда 2018 йилги Ҳукумат ҳисоботига таклифлар сифатида ҳам киритилди.
– Келгуси йилда партия ўзининг 25 йиллигини нишонлайди. Ўтган вақт ичида у ўз электорати ишончини қозона олдими?
Электорат эътибори ва ишончи
– Партиямиз ташкил этилган илк йиллар улғайиш даври бўлган бўлса, ҳозир бемалол оёққа туриб, ҳар қандай курашга шай ҳолатга келди. Ўтган давр мобайнида партиямиз томонидан нафақат электоратимиз, балки мамлакат ва жамиятимиз ривожига оид бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди ва амалий натижаларга эришилди. Бундан 15 йил илгари, яъни 2004 йилдаги сайловолди дастуримизда давлат хизматчиларининг бурч ва масъулияти, ваколат доираси, имтиёзлари аниқ кўрсатиб берилган қонун қабул қилинишига эришиш вазифаси белгиланган эди. Натижа шуки, бугунги кунга келиб, «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Инновацион иқтисодиётни ривожлантириш ҳам дастурий вазифаларимиздан бири эди. Натижа шундай бўлдики, мамлакатимизда инновацияни ривожлантирмасдан туриб, иқтисодиётни ривожлантириб бўлмаслиги эътиборга олиниб, Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Давлат бюджетидан инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни ишлаб чиқишга ажратилган маблағлар миқдори оширилди.
Мақсад ва вазифаларимиздан яна бири иш берувчи томонидан ишчи-хизматчиларга тиббий суғурта кафолатларини жорий этишга қаратилган эди. Бу масала ечими «2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси»да қайд этилган бўлиб, 2021 йилдан тиббий суғуртани жорий этиш бошланади.
Биз бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш зарурлигини илгари суриб, 2009 йилда «электрон ҳукумат»ни жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга оширишни таклиф этгандик. Ўша пайтларда «ҳукумат битта бўлади, қанақа электрон ҳукумат тўғрисида гапиряпсизлар», деб эътирозлар билдирганлар ҳам бўлди. Ўзингизга маълум, 2015 йил 9 декабрда «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун имзоланди.
Партия ва депутатларимизнинг узоқ вақт мобайнида масалани қайта-қайта кўтаришлари сабаб 2019 йилда «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
2014 йилдан буён олиб борилган саъй-ҳаракатларимиз натижасида «Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
– Яқинда матбуотда «Жамоатчилик депутатлар фаоллигини қониқарсиз баҳолади…» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда 445 киши қатнашган «Сиз қайси партияни фаол деб айта оласиз?» номли сўровномада Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясига 3 фоиз «овоз берилган». Сиз буни қандай изоҳлайсиз?
Сўровнома ҳақида савол
– Албатта, бу каби сўровномалар биз учун ниҳоятда фойдали. Ушбу сўровнома ёритилган газета материали билан танишиб чиқдик. Афсуски, унда сўровнома кимлар ўртасида, қачон, қаерда ўтказилгани, иштирокчиларнинг ёши тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бундан ташқари сўровномалар маълум бир маънода жамиятнинг бирор қисми қарашларини ифодалаган ҳолда ким томонидан, кимлар ўртасида ва қаерда, қачон ўтказилганига қараб натижалари ҳам ўзгариб туради. Гапимнинг исботи сифатида шуни айтишим мумкинки, Марказий Сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида (elections.uz) барча партиялар ҳақида маълумотлар жойланган. Аҳамиятлиси, ўқувчиларнинг энг кўп қисми «Адолат» социал-демократик партияси ва унинг дастури ҳақидаги саҳифасига ташриф буюрганини кўришимиз мумкин. Бу каби бир-бирига қарама-қарши натижали сўровномаларни кўплаб учратиш мумкин. Шундай бўлса-да, юқорида таъкидлаганимдек, сўровномалар фаолиятимизда фақат ва фақат ижобий жиҳат учун хизмат қилади.
– Партия дастурида белгиланган вазифалар ижроси қай даражада таъминланмоқда?
Вазифалар ижроси қониқарлими?
– Партиямиз фракцияси ўзининг асосий вазифаси, яъни қонунчилик фаолиятини амалга ошириш билан бирга назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, 2018 йилдаги ўрганишлар натижасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўтарилган эди. Айнан шу икки масала фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган «Ҳукумат соати» кун тартибига киритилди. Натижада 2018 йил 1 май куни ҳар иккала масала юзасидан тегишли вазирликларнинг ахбороти эшитилди ва улар бўйича қарорлар қабул қилинишига эришилди. Шунингдек, фракция ташаббуси билан 2018 йил 12 май куни «Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишнинг ҳолати ҳамда уни амалга ошириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги парламент сўрови халқ таълими вазирига юборилди. Бу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди. 2019 йилнинг февраль – март ойларида фракция аъзолари ва партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар жойлардаги «Баркамол авлод» болалар марказларининг фаолиятини ўрганишди. Фракция ташаббуси билан Бош вазир ўринбосарига «Баркамол авлод» болалар марказлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Парламент сўрови юборилди. Натижада, бу соҳада ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилиши учун Ҳукумат томонидан қарор лойиҳаси тайёрланишига эришилди.
Кундузги чироқ ўчишидаги ҳисса
– Хабарингиз бор, яқинда йўл ҳаракати қоидаларига киритилган янги ўзгариш, яъни кундузи машина чироқларини ёқиб юриш тўғрисидаги қоидага жамоатчилик томонидан кўп фикр-муносабатлар билдирилди. Бу жараёнларда «Адолат»чиларнинг иштироки қандай бўлди?
– Ушбу масалани кўтариб чиққан уч депутатнинг бири фракциямиз аъзоси Жамшид Пирматов эди. Бемалол айтишим мумкинки, фракциямиз аъзолари турли масалаларда ҳамиша ўз позициясига эга ва қатъий фикрини баён эта олади. Буни ўтган йили кузатилган Каттақўрғон воқеалари, ҳайдовчиларни мажбурий қайта тайёрлаш, депутатлик сўровларига ҳукумат вакилларининг эътиборсизлиги, ўқув дарсликларидаги хатолар каби масалаларда ҳам кузатиш мумкин. Тез тиббий ёрдам машиналари орқали фуқароларга хизмат кўрсатишда айрим муаммолар мавжуд экан. Яъни, «Тез ёрдам» ҳайдовчилари тезлик ўлчагичларга тушмаслик учун тезликни оширмайди. У томонда эса инсон ҳаёти – ҳар дақиқа ғанимат бўлиши мумкин. Шу мақсадда бир қатор депутатларимиз «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 171-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бормоқда.
5 йилда 42 та қонун…
– Парламентдаги депутатлар фаолияти, уларнинг ташаббускорлиги қай даражада, деб биласиз?
– «Адолат» СДП фракцияси аъзолари ўтган 5 йил давомида жами 42 та қонун лойиҳаси бўйича ташаббус билан чиқди ва уларнинг барчаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинишига эришилди. Улар мавзу ва мазмун жиҳатидан турлича, аммо сайловолди ғояларимизга мос.
Тарғиботдан кўнгил тўладими?
– Сайловлар арафасида тарғибот-ташвиқот ишлари авжига чиқади. Лекин бу жараёнда айни вақтда бор-йўғи 3000 га яқин нусхада чиқаётган «Адолат» газетасининг таъсир доираси қандай бўлар экан?
– Газетамиз адади нисбатан олганда камроқ. Лекин моддий-техник база, ходимларнинг маоши бошқа етакчи нашрлардан қолишмайди. Журналистлар маош, байрам мукофотлари ва қалам ҳақларини ҳамиша ўз вақтида олишади. Мен шу кунгача улардан моддий қийинчилик бўйича бирон-бир савол эшитмадим. Қолаверса, 2019 йил нафақат «Адолат» газетаси, балки мамлакатимиздаги барча босма нашрлар учун жиддий синов йили бўлди. Бошқа партияларни билмадим-ку, лекин 2019 йил бошидан буён газетанинг босмахона харажатларини тўлаб келмоқдамиз. Биз бугун ҳам газетамиз обунаси учун ҳаракатдамиз ва албатта, ўзимиз режалаштирган мақсадга эришамиз.
– Партиянинг веб-сайтида партия ҳаёти, фаолияти ва тарихи ҳақида маълумотлар кам. Имловий, услубий ва техник хатолар эса…
– Ҳозир уни такомиллаштирмоқдамиз. Сайт тест режимида ишламоқда. Яъни, у синов жараёнида. Хато ва камчиликлар мавжуд. Улар ҳозир тузатилмоқда. Сайтимиз бўйича таклиф ва тавсиялар бўлса, бажонидил қабул қилишга тайёрмиз. Кейинги ойдан унинг янги кўринишдаги, тўғриланган, тузатилган версиясини ишга туширамиз. Ҳар ҳафта якуни бўйича сайтимизга кирувчилар сонини назорат қилиб борамиз. Кирувчилар сони ва саҳифалар кўрилиши бўйича сиёсий партиялар ичида 2-ўриндамиз.
– «Мана, сайловдан сайловгача беш йил ҳам ўтди ҳисоб. Сиз, шу даврдаги ўзингиз ва партия фаолиятидан қониқасизми?
Баҳони халқ беради
– Дарҳақиқат, жорий йил биз учун ғалвирни сувдан кўтариш йили ҳисобланади. Албатта, ўтган вақт мобайнида режалаштирган қайсидир ишларимизни бажардик, қайсидирларини эса бажара олмадик. Ташаббусларимиз халқимиз учун фойдали бўлган пайтда кўнглимиз кўтарилади. Аммо умумий фаолиятимиздан қониқмаймиз. Ҳали халқнинг ишончи, сайловчилар эътирофига эришиш учун кўп ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур.
– Суҳбат учун раҳмат!
Суҳбатдош: Алижон АБДУРАҲМОНОВ,
Манба: «Ishonch»