Депутат иш ҳақи оширилиши тўғрисидаги фармон солиқ сиёсати ва нархларга қандай таъсир қилишини тушунтирди
Жорий йилнинг 28 июнь куни президентнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони эълон қилинди. Унда 2019 йил 1 августдан бошлаб, ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтиши қайд этилган.
Табиий савол туғилади: хўш, бунинг нима зарурати бор? Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларнинг етиштирувчи фермер ва бошқа корхоналарнинг қўшилган қиймат солиғига ўтказилиши туфайли нархлар ошиб кетмайдими? Бу аҳолига қийинчиликлар туғдирмайдими?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев мазкур мавзу юзасидан қисқача тўхталиб ўтган.
Билдирилишича, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нархи ошиши табиий ҳолат. Бусиз иқтисодий барқарорликка эришиш мумкин эмас.
Бироқ президент фармонида илгари сурилган масалаларга тўғри ёндашиш ва ислоҳотлар жараёнида халқ ҳисобидан ортиқча даромад орттириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нархлари сунъий ошишига йўл қўймаслик учун барчамиз масъулмиз. Шунинг учун аҳолимизга кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлатиладиган маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур, дейди депутат.
Қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва фармонлардан қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар фақат ўз манфаатдорлигини кўзламасдан, аввало, халқнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида ўйлаб фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлиши айтилади.
Депутат фермер хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотнинг реализация этилишида ва фармон талабларини тўғри бажариш, энг муҳими, бозорларда айрим тадбиркорлар томонидан маҳсулотларнинг нархлари сабабсиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик ва тегишли назорат органлари томонидан ўрганиш ишларини олиб бориш зарур, деб ҳисоблайди.
Нарх-наво борасида аҳоли ҳадиги нимадан иборат?
Депутат буни бир-икки маҳсулот — чорвачилик фермер хўжалиги томонидан гўшт етиштириш мисолида ҳисоб-китоб қилиб, кўриб чиққан.
Мисол учун, 1 килограмм гўшт маҳсулотини етиштириш таннархи ўртача 38075 сўм. Шундан меҳнат ҳақлари 2300 сўм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 275 сўм, минерал ўғитлар учун 31000 сўм, суғориш харажатларига, электр энергия 200 сўм, бошқа харажатларига (10 фоиз) 4500 сўм, сотиш нархи 45000 сўм, яъни 6925 сўм соф фойдага эришилмоқда. Рентабеллик 18,2 фоизни ташкил қилган бўлса, Фармон қабул қилингандан кейин ушбу фермер хўжалиги учун 1 килограмм гўшт таннархи ўртача 32113 сўмга тушади. Яъни, таннарх 5963 сўмга камайиши керак. Негаки, айрим харажатлар ҚҚС билан амалга оширилган, меҳнат ҳақлари 2300 сўм (ўзгаришсиз), ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 229 сўм (- 46 сўм), минерал ўғитлар учун 25833 сўм (-5167 сўм), суғориш харажатларига ва бошқа харажатларга (10 фоиз) 3750 сўм (-750 сўм), сотиш нархи 48375 сўм, шундан ҚҚС 8062 сўм ҳисобланди.
Энди ушбу ҳисобланган суммадан ҚҚС билан қилинган харажатларни чегириб ташлаш керак. Яъни, 5996 сўм чегирилади. Қолган 2067 сўм бюджетга солиқ тўланиши лозим. Соф фойда эса 8200 сўм (48375-8062-32113)ни ва рентабеллик 25,5 фоизни ташкил қилмоқда.
Бу дегани маҳсулот ишлаб чиқарган ташкилот ҳеч қандай зарар кўрмайди. Лекин аҳолига сотилаётган гўшт нархи 3375 сўмга 7,5 фоизга, яъни 48375-45000 сўмгача ошиши керак.
Иккинчи мисол. Амалда фермер хўжалиги томонидан шоли маҳсулотини етиштириш механизмини таҳлил этадиган бўлсак, 1 килограмм гуручнинг таннархи ўртача 5040 сўм, меҳнат ҳақлари 2500 сўм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари 564 сўм, минерал ўғитлар учун 607,3 сўм, уруғлик учун 468,5 сўм, механизатор харажатларига 200 сўм, бошқа харажатларга (10 фоиз) 700 сўм, сотиш нархи 7000 сўм, яъни 1960 сўм соф фойдага эришилмоқда. Рентабеллик 38,9 фоизни ташкил қилган бўлса, Фармон қабул қилингандан кейин ушбу фермер хўжалиги томонидан етиштирилган 1 килограмм гуручнинг таннархи ўртача 4617 сўмни ташкил қилади. Яъни, нарх 424 сўмга камайиши керак. Негаки, айрим харажатлар ҚҚС билан амалга оширилган (меҳнат ҳақлари 2500 сўм (ўзгаришсиз), ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 470 сўм (-94 сўм), минерал ўғитлар учун 506 сўм (-101 сўм), уруғлик учун 390 сўм (-78 сўм) механизатор харажатларига 167 сўм (-34 сўм), суғориш харажатларига, бошқа харажатларга (10 фоиз) 584 сўм (-117сўм), сотиш нархи 7700 сўм, шундан ҚҚС 1283 сўм ҳисобланди.
Энди ушбу ҳисобланган суммадан ҚҚС билан қилинган харажатларни чегириб ташлаш керак. Яъни, 590 сўм чегирилади, қолган 693 сўм бюджетга солиқ тўланиши лозим. Соф фойда эса, 1800 сўм (7700-1283-4617)ни ва рентабеллик эса, 39 фоизни ташкил этмоқда. Бу маҳсулот ишлаб чиқарган хўжалик ҳеч қандай зарар кўрмайди, деганидир.
Лекин аҳолига олдин 7000 сўмдан сотилаётган гуруч нархи 10 фоизга оширилиб, 7700 сўмга чиқиб кетиши кутилади.
Куни кеча президент томонидан жорий йилнинг 1 августидан эътиборан республика бўйича энг кам иш ҳақи 10 фоизга оширилгани эълон қилинди. Демак, ушбу фармон юқоридаги нархларнинг ошишини аҳоли иқтисодига таъсирини сезиларли даражада камайтиришни таъминлайди, деб ёзади депутат.