Депутат халқ орасида: долзарб муаммоларга тезкор ечим
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутати Абдуғани Умировнинг ўз сайлов округи сайловчилари билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотлари ғоят самарали кечди.
Депутат Абдуғани Умировнинг Қамаши тумани маҳаллаларида бўлиб, фуқаролар билан уюштирган учрашувлари ҳам ҳар галгидан жонли мулоқотларга бой бўлди. Бугун туман аҳолисини ички йўллар, бандлик, оқар сув муаммоси қийнамоқда. Қишлиқ ва Араб қишлоғи фуқаролари эса анчадан буён иккала ҳудудни бир-бирига боғлайдиган кўприк қурилишига эҳтиёжлари бор. Шунингдек, Довуд ва Калта маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам худди шундай муаммодан азият чекмоқда.
Бугун Абдуғани Умиров тумандаги 5-сонли умумтаълим ўрта мактабида ҳам бўлиб, ўқитувчилар билан самимий мулоқот уюштирди. Мактабда ютуқлар билан биргаликда ҳал этилиши зарур бўлган камчиликлар ҳам мавжуд.
— Таълим муассасамизда рус ва француз тиллари ўқитувчиси етишмайди,- деди учрашувда умумтаълим мактаби директори Эшдавлат Хўжаёров.- Ўқувчиларнинг айниқса қиш мавсумида спорт билан шуғулланишлари учун спорт залимиз талабга жавоб бермайди, Спорт зал анчадан буён таъмирлашга муҳтож. Ушбу муаммоларни обдон ўрганган Абдуғани Умиров тегишли давлат бошқарув идоралари билан боғланиб, муаммога ечим топди. Мактаб жамоаси янги ўқув йилини иқтисодиёт коллежида бошлайдиган бўлишди. Мактаб биноси эса маҳалла аъзоларининг таклифига асосан боғчага айлантириладиган бўлди.
Депутат тумандаги даволаш профилактика муассасаларида ҳам бўлиб, тиббиёт ходимлари ва беморлар билан мулоқотга киришди. Эндокринология бўлими бошлиғи Умид Бойсунов яратилаётган шарт-шароитлар хусусида ўз фикрларини баён қилди.
— Бўлимимизда Тиббиёт ходимлари ва беморлар учун етарли шароитлар муҳайё этилган,- деди Умид Бойсунов.- Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасига жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётганлардан бутун аҳолимиз мамнун.
Қамаши туманидаги Қизилтепа маҳалла фуқаролар йиғини аъзолари суюлтирилган газ баллонлари таъминоти яхши эмаслигидан норози. Шунингдек, қишлоқ одамлари партиядошимизга томорқадаги экинларни суғоришда оқар сув муаммо бўлаётганини маълум қилишди. Шу ернинг ўзида Абдуғани Умиров аралашуви билан маҳалладаги муаммолар дарҳол ўз ечимини топди.
— Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган одамлар билан юзма-юз мулоқот ҳар бир ҳудуддаги, қишлоқ, маҳалла, хонадондаги мавжуд аҳволга холисона баҳо бериш ва камчиликларни ўз жойида бартараф этишнинг энг яхши йўлидир,- деди Қизилтепа МФЙ раиси Арслон Аралов. – Албатта бизнинг маҳалламизда ҳам муаммолар бор. Масалан, қишлоғимизда тадбиркорларни кўпайтириб кичик корхона ва маиший хизмат шахобчаларини ишга тушириб, кўпгина одамларимизни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш мумкин. Биз ушбу масала ечимида Абдуғани Умировдан ёрдам сўрадик. Депутат аралашуви билан туман масъуллари бу масалага тез орада ойдинлик киритадиган бўлишди.
Хулоса қилиб айтганда бугун жойларда амалга оширилаётган юзма-юз мулоқотлар натижасида ҳудудий ечимга эга бўлсада йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу каби амалий ҳаракатлар ортиқча овворагарчиликларнинг олдини олмоқда. Энг муҳими фуқароларимизнинг турмуш шароитлари янада яхшиланмоқда.
Комил САХАТОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби