Эргашасизми, эргаштирасизми?(ғимирлаб қолган сиёсий партиялар ҳақида)
Адабиёт халқни ортидан эргаштириши керак...
Санъат халқни ортидан эргаштириши керак...
Илм-фан халқ йўлини ўз нури билан ёритиши, ортидан эргаштириши керак...
Аммо бугун уларнинг ҳаммаси халқ истагидан келиб чиқиб, эргашувчига айланиб қолганига кўникдик.
Биров билиб, бошқаси сезмай қоладиган сайловлар йилида сиёсий партиялар мавзусига бироз диққат билан қараб, сиёсий жиҳатдан халқни ортидан эргаштириши керак бўлган партияларимиз, ҳатто эргаша олмай қолганми, деган ҳадик уйғонди. Нега?
Бугун ана шу ҳадикка асос бўладиган баъзи жиҳатларга батафсилроқ тўхталишга қарор қилдик.
Муқаддима ўрнида
Аввало партия нима, унинг асосий вазифаси-ю, давлат ва жамиятга нега кераклиги хусусида икки оғиз. Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонуни, 1-моддасида бу борада аниқ таъриф келтирилган. Яъни, Сиёсий партия – бу Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи фуқароларнинг кўнгилли бирлашмасидир. Бу ўриндаги “кўнгилли бирлашма” деган тушунчани ёдда сақлаб қолинг...
Ҳозирча, яна бир муҳим қоидани эслатиб ўтамиз. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Шунингдек, Бош қомусимизда ҳар бир фуқаро ўзи истаган сиёсий партияга аъзо бўлиши, шунингдек, сайлаш ва сайланишдек конституцион ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган. Гарчи йиллар мобайнида “халқнинг сиёсий онгини юксалтириш”дек баланпарвоз гаплар турли сиёсий давраларнинг мавзуси бўлган эрса-да, амалда кўпчилик сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролар, ҳатто ўз “маҳаллаком”ининг идораси ёки мактабида бўлиб ўтадиган сайловни сезмай қолишади.
Қишлоқ жойларда “дамасчи”лар кўчада одам кўпайишидан эшитади сайловларни. Ўзини бироз зиёли билганлар эса, биз каби “фақат сайловлар йили келганда эслаб қоламиз”, деб гапиришга тушади. Буларнинг бари йиғилиб, ушбу йўналишда камчиликлар талайгина эканига далолат бўла олади. Агар сиёсий партияларни ичидан кузатиб, сайловга муносабатни ўргансак, бутун бошли халқ тақдирини камида яқин беш йил ичида ҳал этадиган жараён айнан халқ иштирокисиз, муайян гуруҳ: сиёсий партиялар ишчилари-ю, ўзлари истаб-истамай номзоди қўйилганлар ва уларнинг яқинлари учун аҳамиятлидек ўтиб кетишига гувоҳ бўламиз. Кейин эса, 5 йил ўзимиз базўр танийдиган, кўп ҳолларда умуман билмайдиган депутатни ёмонлаб юраверамиз. Шунинг учун
Дўппини бошдан олайлик...
...ва бунинг сабаблари билан бироз чуқурроқ қизиқиб кўрайлик, билганимизча...
“кўнгилли бирлашма” деган тушунчани ёдда сақлаб қолган эдингиз. Биз юртимиздаги кўппартиявийлик тарихини бир бошдан санаб ўтирмадик, шусиз ҳам билганлар билади, билмаганлар барибир қизиқмайди. Аммо икки оғиз айтиш мумкинки, СССР парчаланиб, “коммунизмга жаноза ўқилиши” билан, унинг таъсирида яшаган авлоднинг ёшу қариси қулоғига “демократия” деган “азон” ўқилди. Шунинг ортидан Ўзбекистон ҳудудида илк демократик партия пайдо бўлди. Ўзини “коммунистлар вориси” деб эълон қилишдан ҳам таб тортмаган демократлар партияси кейинчалик пайдо бўлган, тўғрироғи, пайдо этилган сиёсий кучлар учун асос, ўзига хос андоза вазифасини ўтади. Буни ҳозирда қарилик гаштини сураётган ва 90-йилларда айнан шу соҳада ишлаган фаҳрийлар тасдиқлашади. Фахрийларки, бир кечада коммунистдан демократга “айлантирилган” фаҳрийлар... Албатта, давлат ривожланиши, фуқароларнинг сиёсий иродасини ички истагига ҳамоҳанг ифодалаш учун кўппартиявийлик зарур. Ҳатто усиз имкон йўқ, аммо бу асло бюрократик йўл билан амалга оширилмаслиги керак. Акс ҳолда... акс ҳолда, ҳозирги сиёсий партиялар ҳолати пайдо бўлади.
Албатта, уларни бир овоздан айблаш, оқсоқлик қилаётганини урғулаш умрини шу соҳага бағишлаган фидоийларга ҳурматсизлик. Аммо замон, ўзгариш ва ислоҳотлар шиддатидан келиб чиқиб, шу ҳақиқатни (жуда бўлмаганда бугун) тан олиб қўйиш ҳам адолатдан бўлади, назаримизда. Демак, партияларнинг пайдо бўлмагани, аксинча “пайдо этилгани” уларнинг бугунги даражасининг илк асоси, дейишга ҳақлимиз. Яна...
“Қандай омиллар уларга тўсқинлик қилмоқда”,
...деган саволга ҳам жавоб топгунча аввалроқ ечган дўппини киймай турамиз.
Сиёсий партия кўпчилик назарида давлат, аслида нодавлат ташкилот. Шунчаки бошқа нодавлат ташкилотларидан фарқли жиҳати, у ҳокимият учун курашиш ҳуқуқига эга. Англагандирсиз, нега Ўзбекистон Республикасининг “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуни бўла туриб, “Сиёсий партиялар тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилинганининг сабабини.
Аммо иккинчи муҳим омил, ана шу фарқни кўплаб қуйи ташкилотлар, айниқса, партиянинг тириклик манбаи, жон томири – бошланғич партия ташкилотлари тўла англаб етмайди. Ўзингиз ўйланг, сиз яшаётган қишлоқда биронта сиёсий партия тарғибот ўтказмоқчи. Ўта анъанавий тарғибот тадбири кўпчилик ҳолларда мактаб фаоллар залида бўлади. Таклиф этилган десак, билмадиму қанчалик тўғри, жалб этилганлар йиғилишга келади. Одамлар учун бу “мактабда ўтган йиғилиш” сифатида шу кунинг ўзида тарихга айланиб, эртасига унутилади.
Иштирокчиларнинг кўпчилиги шахсий масаласию, эҳтиёжини ўйлаб, ҳатто йиғилиш пайтидаёқ ҳеч нимани тушунмайди. Чунки уларнинг ташвиши бошқа. Минбарда туриб, “нурли келажак” қўшиғини куйлаётган, йўғе... нутқи ирод қилаётган одамники эса, тамомила бошқача.
Мана шу ерда иккита оғриқли жиҳат юзага чиқади: Биринчиси, қуйи ташкилот ходими ўз иродаси билан, мафкурасига мос бўлгани учун, партияга ишга кирмаган. Шунчаки унга иш керак бўлган, холос. Қолгани шундан ўсиб чиқади. Яъни, бу ходим учун партия юқори органидан келган одам - “марказники”. Унга гапириши учун 5-6 та аҳоли вакилини топиб, бир жой қилиш ва албатта кетар чоғида чой қилиш муҳим, ўша кунлар учун асосий иш бу.
Энди йиғилишда айтиладиган гаплар унинг иштирокчиларига қизиқ эмаслиги ҳақида... Бунинг боиси, минбарда турган одам гапираётган гаплар, кўтараётган масалалар уни тинглаётганникидан бироз маданийроқ. “Кечга нима овқат қиламан”, “ўтинни қайдан топаман”, “чироқ ўчса, керосинни фалончидан сўрарман”, “Россияга кетган болам омонмикин” деган хаёллар нотиқ гаплари олдида бироз “пачақроғу”, аммо тинчлик бермайди, қурғур. “Бу одам тезроқ гапини тугатса...” Демак, дастурлар оммалашмаслиги “қуруқ қошиқ оғиз йиртар”, деган мақолга жуда мос тушади. Боиси, дастурлар аҳоли иродасини, дарду ташвишини, мушкулини ўйлаб эмас, замонавий кўппартиявийлик тамойилларига, бир-биридан мураккаб назарий қоидаларга таяниб ёзилган. Унда ҳам етакчи партия дастури билан солиштирса, бошқалариники давлатни ривожлантиришга қаратилган ёндашувдан кўра, уста сиёсатчи ёзган иншога ўхшайди. Ваҳолангки, сиёсий партиялар дастурлари зарур ҳолатда давлатнинг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган стратегик режаси каби мукаммал бўлиши зарур.
Бизда эса, аксинча...
Боиси, дастурлар яратилишининг ўзидаёқ, асл ҳолатдан узоқлашиш бор, таҳлил йўқ. Сўнгги пайтларда сиёсий партияларнинг янги дастурлари муҳокамасига оид турли тадбирлар ҳақида материаллар чиқиб турибди. Унда шусиз ҳам фаол депутатларнинг айнан кўпчиликни қийнаётган масалаларни тилга олаётгани ва унинг ечими бўйича билдирилаётган таклифларини ҳам кузатяпмиз. Бу олдимизда турган сайловларда бироз ҳаётийлашувни кўриш умидини пайдо қилади, албатта. Аммо ушбу жараёнга яхшигина имидж билан бориш учун айни пайтда ва умуман сайловлар оралиғида аҳолини қийнаётган реал муаммолар бўйича муносабат, таклиф бериб бориш, бу борадаги аҳоли қарашларини ифодалаш, электорат манфаатларини ҳимоялаш керак, назаримизда.
Айтайлик, ҳаммага машҳур тонировка масаласи анча вақт муҳокамалар марказида бўлди. Аммо аҳолининг эҳтиёжманд қатлами “ҳимоясини” бўйнига олган Халқ демократик партиясидан таъсирли муносабат ёки таклиф чиқмади. (чиққан бўлса ҳам етарли равишда оммалашмади). Худди қурби етмаслиги аниқ бўлса ҳам, электорати кунга куйишига қарши эмасдек...
Тадбиркорлар додини кимга айтишни билмай юргани ортидан машҳур бўлиб кетаётган пайтда ЎзЛиДеП мум тишлайди. “Миллий тикланиш” партяси эса, “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” ғояси учун асосли мисолга эга эмасдек. Ҳаммаёқни асоссиз жаримаю, қонунбузилиш тутиб кетганига жим қараб турган “Адолат” СДПни эса, фақат қон топшириш акцияси билан билиш мумкин. Янги партия ўз номи билан янги. Ҳар ҳолда улар сафига ҳам оммавий ўтказишга оид бир иккита хабарлар чиқиб улгурди. Шунинг учун энди бироз...
...жиддийроқ гаплар...
...га ўтамиз. 2017 йил 12 июль. Давлат раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида айнан депутатлар ва сиёсий партиялар учун видеоселектор шаклида йиғилиш ўтказди. Унда Президентимиз “Демократия парламентдан бошланади. Парламент демократия мактабидир. Шундай экан, миллий парламентни ҳақиқий демократия мактабига айлантиришимиз керак. Бу ўринда сиз, ҳурматли депутатлар ва сенаторлар бошқаларга ибрат бўлишингиз зарур. Чинакам баҳс, мунозара, принципиал тортишув аввало шу ерда, парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ бўлади... Агар биз сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижросида кутилган натижа бўлмайди”, деган эди.
Шунингдек, “бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда”, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмаганини қайд этган эди. Шу билан бирга, асосли равишда cиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаётгани танқид остига олинди.
Орадан икки йил вақт ўтди ҳамки, санаб ўтилган бирон масала бўйича сезиларли ўзгариш кўзга ташланмади. Айниқса, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш йўналишида. Ваҳоланки, ўша куни айтилган фикр ва таклифларни ҳаётга татбиқ этиш, танқид остига олинган масалаларни бартараф қилишга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Биргина мисол, давлат раҳбари ўзи айтган айнан дастурий вазифаларни бажариш механизми бўйича ҳам таклиф берган. Унга кўра, фракциянинг ижрочи котиби лавозими жорий қилинган. Унинг асосий вазифаси, партия дастурий вазифаларини ҳаётга татбиқ этилишида фракция ва партия ташкилотлари орқали маҳаллий кенгашлар ўртасида боғловчи бўлиш эди. Ҳатто маҳаллий кенгашларда ҳам ушбу лавозим таъсис этилди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда 190 та маҳаллий Кенгашда 6 мингдан зиёд депутатлар ва 1 минг 200 дан ортиқ доимий комиссиялар, 750 дан кўпроқ партия депутатлик гуруҳлари фаолият юритаяпти. Катта куч шундай эмасми? Аммо айнан боғловчи вазифасини ўтовчи ижрочи котиб лавозимининг жорий қилиш билан боғлиқ вазифани бажаришда яхшигина хатоликка йўл қўйилди. Яъни, ушбу лавозим фракцияда жорий этилди-ю, молиялаштириш деган жойи сиёсий партияда қолди. Пировардида, агар ходим расман парламентда ишласа, ойликни “ташқари”дан олишга тўғри келишини англатарди. Бу эса, қонуниликка зид. Шу тариқа, штат Олий Мажлис эмас, Сиёсий партияларнинг марказий кенгашларида очилди. Футболдаги ижарага олган спортчидек, 2018 йилнинг ёз ойларига келиб, тўртта партиядан биттадан ходим парламентга йўл олди.
Шу йўл билан муаммо айланиб ўтилди. Бироқ ходимлар учун энг катта масала кейин бошланди. Сайланиши ва иш фаолияти алоҳида (“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги) қонунлар билан тартибга солинадиган халқ вакиллари ва ижрочи котиб ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқий асосга эга эмаслиги кўриниб қолди. Натижада, фракция раҳбарининг бир ёрдамчиси иккита бўлди, холос. Биттаси партиядан, иккинчиси Олий Мажлисни ўзидан. Буни устига депутатлар сиёсий партиялар олида сайлангандан сўнг ҳисобдор бўлмайдилар. Чақириб олиш институти такомилига на амалда ва на қонунчиликда етказилган. Орадаги бўшлиқ Ижрочи котиб билан ечилмай қолди. Жойларда масалаларни ўрганиб, тўплаб, таҳлил қилиб, фракцияга тақдим этиш шу тариқа фақатгина тавсиявий характер касб этиб қолди. Бунинг ўрнини депутатларнинг ҳар ой 10-12 кун жойларга чиқиши қоплаб кетганини ҳам айтиш адолатдан бўлади.
Дарвоқе, ушбу амалиёт жорий қилиниши ва унинг натижалари бўйича кўрилган чоралар партиялар учун қон-қонига сингиб кетган тадбирбозликдан воз кечиб, жойларга чиқишнинг амалий натижаси қандай бўлишини яққол кўрсатиб берди. Бу борада партияларда бироз силжиш кузатилдию, аммо бугунги кунда ушбу амалиёт ҳам фақатгина муайян саналар муносабати билан ташкил этилади.
Ўрни келганда...
...айнан маҳаллий кенгашлар хусусида батафсилроқ тўхталиб ўтсак. Зеро партия таянчи, суянчи шу бўғиндир. Жойларда муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишдаги оқсашда ушбу жиҳат муҳим. Сиёсий партиялар энг яхши мутахассисларни марказга тортишади. Бунинг эвазига ротация талаб даражасида эмас. Қолаверса, маҳаллий кенгашлар ходимлари ҳам бунга интилишади. Нега? Боиси, ойликлар ва ишлаш учун шароит юқорига чиққан сари яхшиланиб боради. Аксинча бўлиши учун муайян режа ишлаб чиқиб, ҳар йили энг бўлмаганда 5 та асосий туманларга “супер шароит” қилиб бориш ёки бошланғич партия ташкилотларининг фаоллигини оширишга оид мақсадли дастурлар яратиб, ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ, назаримизда. Зеро, вилоятдаги, қишлоқлардаги дарвозалар эшигини марказий ташкилот эмас, маҳаллий ташкилот вакиллари қоқишади... ойлигини амал тақал қилиб, бир костюмини бир йил ҳам йиғилиш ҳам тўйга киядиган туман кенгаши раисининг аҳволини кўрган одам унга ишониши амри маҳоллигини, афсуски, ҳар туманда кузатса бўлади (бу ЎзЛиДеПга таллуқли бўлмаслиги мумкин).
Яна бир маҳаллий даражадаги масала, депутатларнинг ижро органларида фаолият олиб бориши, бошқача айтганда, касбий фаолиятида ҳам вакиллик борасида ҳам ҳокимларга бўйсуниши. Бу масалани ҳам давлат раҳбари кўтариб чиққан эди, ёдингизда бўлса. Ушбу янгилик ҳаётга жорий қилиниши депутатлар ва улар ортида турган сиёсий партиялар амалда ҳозирги ҳокимлардан кучли бўлиш керак дегани. Зеро, бу яхшигина салоҳият талаб этади. Демак бу борада сиёсий партиялар ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши лозим.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Сенаторлар сафидан, ҳеч бўлмаганда вилоят ҳокимларини чиқариш керакдир балки...?! Чунки сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлари жамоатчилик назоратини айнан ижро ҳокимияти устидан амалга оширади. Ўрганишлар қонун ёки қонуности хужжатларида акс этишига ҳаракат қилади. Бироқ лойиҳа пировардида сенаторлар(ҳокимлар) томонидан тасдиқланади...
Аммо бир нарса аниқ ва ўзгармас...
У ҳам бўлса, у ким бўлишидан қатъий назар, ўз манфаатидан келиб чиқиб, ҳаракат қилади. Яъни фуқаро сиёсий партияга аъзо бўлиш ўзига муайян даражада “фойда келтиришига” ишонса, дилдан киришади. Ойлик учун сафга кириш билан буни фарқи катта. Овоз бериш борасида ҳам шундай. Айтайлик, сўнгги икки йилда ОАВ эркинлиги, фикр билдиришда чекловлар бўйича муаммолар бартараф қилинди. Натижада фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги юксалди. Ҳар ким ўзи истаган мавзуга нисбатан муносабатини билдирмоқда. Аҳвол шу даражадаки, фуқаролар ҳар қачонгидан фаол. Бундай вазият эса, тарафдорлари сонини ошириш орқали ўз дастурий мақсадига эришишни кўзлаган сиёсий куч учун айни муддао аслида. Бироқ, юқорида айтганимиз каби, тайёр оммалашаётган масалалар бўйича қатъий позиция, сиёсий ирода бироз етишмаяпти. Бу аҳоли ва сиёсий партиялар ҳам иккита қайиқда қолаётганига мисолдир. Давлат хизматчисининг нохолис ҳатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, ислоҳотларнинг ҳаётийлиги ва манзиллилиги, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат раҳбари томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ижроси, Давлат дастури ижроси каби масалалар билан боғлиқ муаммолар ечимида кўпчиликнинг бошини бириктира оладиган сиёсий партия чинакам кучга айлана олади бугунги кунда.
Сўнгги сўз ўрнида, бу йилги сиёсий партияларнинг раҳбариятида кузатилган ўзгаришлар уларнинг сўнгги ойлардаги фаолияти бироз ўзгаришига, керак бўлса, кучайишига сабаб бўлганидан кўз юммаймиз. Аммо бу сайловлар йили учун вақтинча чора эмаслиги, ниҳоят ислоҳотлар шиддати сиёсий кучларга ҳам янги етакчилар сиймосида кўчганига умид қиламиз. Зора, тошкентликни ҳам у ердан бўлмаганни ҳам бирдек қийнаётган прописка масаласида ёлғизгина блогерлар эмас, йирик партиялар адолатли ечимга келса(ушбу қонунни қабул қилган депутатлари-ю, “муқаддас рўйхат”га ўзини қўша олмаган сиёсий партиялар тарихда қолсин); 45 даража иссиқда жизғанак бўлиб, юз, ҳатто минглаб километр йўл босаётганар муаммосини тушунган, зарур жойларга олиб чиқиб, еча оладиган; бир мансабдор чиқиб, инфляция Венесуеладан яхши дейишига таҳлилий, танқидий ёндашиб, фуқаролар фикрини тўғри ўзанга солиб юборадиган; бошқаси бозорчиларни маънавиятсиз деганида ёнини олишдан чўчимайдиган, аксинча ўша аёллар турмушини енгиллаштириш бўйича президентга суянч бўла оладиган таклифлар ишлаб чиқувчи чинакам сиёсий кучлар юзага келса.
Шунчаки, халқ ортидан эргашадиган эмас, халқни ўзи билан олиб кета оладиган партиялар бўлса...
Муслим Мирзажонов