Яқиндагина 1000 ойлик билан юзлашгандилар. Бугун улар 84 ёшни қарши олдилар...
Бугун, 19 февраль куни ўзбек футбол журналистикаси фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, "Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби, Халқ таълими аълочиси, таниқли шарҳловчи, деярли барча спорт журналистларининг устози бўлган Ахбор Имомхўжаев 84 ёшни қаршилади.
Ахбор Имомхўжаевнинг набираси, журналист ва спорт шарҳловчиси Диёр Имомхўжаев ўз каналида бобоси билан боғлиқ хотираларини жойлади.
“Яқиндагина 1000 ойлик билан юзлашгандилар. Бугун улар 84 ёшни қарши олдилар. Кўз олдимизда ёш болага айланиб бормоқдалар. Вақт ҳеч кимни аямаяпти...
Уларга уч нарса қаттиқ таъсир қилган. 50 йил бирга яшаганлари ойимнинг вафотлари, кенжа қизлари Олияхон аммамнинг бевақт кўз юмишлари, пахтакорчи дўстларининг бир кунда дунёни тарк этиши...
Оғир ҳарактерлари ҳақида ҳаммадан кўпроқ биламан. Энг қулоқсиз набиралари ҳам ўзим бўлсам керак. Бироқ шундай жиҳатлари борки, шуларнинг ҳаммасини ювиб туради: бу инсон ўз иродаси билан чумолига ҳам озор бермаган. Пасткашлик нима эканини билмайди, керагидан кўп содда, кўнгли аёлларникидан ҳам бўш. Аммо забардаст даврида у ўз мактабига асос сола олган. У ҳаётлигидаёқ ўз соҳасининг унутилмас сиймосига айланган”.