Бугунги куннинг долзарб масаласи озиқ-овқат заҳираси ва нархлар барқарорлиги. Бу борада Тўрақўрғонда вазият қандай?
Бугун, 22 октябрь куни Халқ депутатлари Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама этилди.
2020 йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар белгилиб берилди.
Шундан келиб чиқиб кун тартибидаги масала 2020-2021 йилларда қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида туман раҳбари Зулайҳо Маҳкамова ўз мурожаатномаси асосида маъруза қилди.
Биринчидан, туман аҳолиси эҳтиёжларини ички ресурслар орқали тўлиқ ва сифатли таъминлашга эришиш мақсадида ўтган йиллар давомида озиқ-овқат дастури доирасида ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2017-2020 йиллар давомида 245 млрд. сўмлик жами 102 та лойиҳалар амалга оширилди.
Шунингдек, охирги 3 йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 135 млрд.сўмдан ортиқ кредит маблағлари тижорат банклари томонидан ажратилди. Жорий йилда туманда 4,1 минг гектар майдонга экинлар экилди.
Жорий йилда 11,1 минг тонна гўшт, 19,6 минг тонна картошка, 1,1 минг тонна товуқ гўшти, 4 минг тонна балиқ, 5,7 минг тонна пиёз, 9,6 минг тонна сабзи, 9 минг тонна гуруч, 55,1 млн дона тухум етиштирилиши белгиланган.
2020 йилда умумий қиймати 200 млрд.сўмлик 49 та қишлоқ хўжалиги лойиҳалари фойдаланишга топшириш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 101 млрд.сўмлик, жами 38 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда туман аҳолиси сони 227 минг 400 нафарни ташкил этиб, меъёрга кўра, аҳоли истеъмоли учун келгуси 6 ой давомида 3 минг 183 тонна гўшт, 1 минг 658 тонна товуқ гўшти, 5 минг 981 тонна картошка, 1 минг 114 тонна гуруч, 10 минг 313 тонна ун, 1 минг 250 тонна шакар, 1,03 минг тонна ўсимлик ёғи, 22 миллион 740 минг дона тухум, 761 тонна пиёз, 2 минг 228 тонна сабзи маҳсулотлари талаб этилади.
Туманда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан, гўшт, картошка, тухум, пиёз, сабзи, парранда гўшти ва балиқ, маҳсулотлари тўлиқ қопланади, ун, шакар ва ўсимлик ёғларининг эҳтиёж учун етишмаган қисми бошқа туманлар ва импорт ҳисобидан қопланиши ва туманда фаолият юритаётган тадбиркорлар томонидан олиб келиш режалаштирилмоқда.
Биринчидан, ҳудудий тайёрловчи корхоналар ва ташкилотлари ҳамда Ижтимоий соҳа объектлари томонидан жорий йилнинг 1 декабр кунига қадар 4459 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғаришни режалаштирилган.
Ушбу мақсадлар учун жами 5 млрд.сўм, шундан, 2,9 млрд.сўм корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари, 2,1 млрд.сўм тижорат банклари кредити, 1 млрд.сўм ҳокимлик жамғармалари сарфланиши режалаштирилди.
Ушбу маҳсулотларни заҳирага жамғариш учун жами 10 200 тонна сиғимга эга 23 та омбор ва совутгичли камералар тайёр ҳолатга келтирилган, бундан ташқари йил якунига қадар 7 та, сиғими 2.5 минг тонна бўлган музлатгичли омборлар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Иккинчидан, ҳокимлик томонидан заҳира тадбирларига жалб этилган тайёрлов ташкилотлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида арзон нархларда сифатли маҳсулот етказиб бериш юзасидан истисно тариқасида тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузиш ишлари самарали ташкил этилади.
Учинчидан, туманда истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларини ғамлаш, сақлаш ва истеъмолга йўналтириш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида “Туман озиқ-овқат заҳира” жамғармаси ташкил этилиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан дастлаб 1 млрд.сўм ўтказиб берилади.
Президентимиз томонидан маҳаллий бюджетни орттириб бажарилган қисмини ҳудудларнинг ўзида қолдириш бўйича берган топшириқлари алоҳида ўринга эга.
Ушбу жамғарма ҳисобидан қуйидаги маҳсулотларни танлов ва шаффофлик билан заҳирасини шакллантириш режалаштирилмоқда.
Жумладан, шакар ва ёғ маҳсулоти – Россия ва Афғонистон билан мутахассисларимиз томонидан музокаралар олиб борилмоқда.
Шунингдек, мол гўшти маҳсулотлари етиштириш ва сотиш мақсадида тадбиркорлар томонидан Қирғизистон давлатидан тирик вазнда 38-40 минг сўмдан 150 бош қорамол вазни 360-400 кглик новвослар етказиб келинади.
Парранда гўшти маҳсулотлари етиштириш ва сотиш-“Тўрақўрғон парранда” МЧЖ томонидан таъминланади.
Картошка маҳсулоти – Роосия давлатидан “Денгиз тулпори” МЧЖ томонидан 200 тонна олиб келинади..
Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари учун етиштирилган маҳсулотларини воситачисиз тўғридан-тўғри сотиш имкониятини яратиш мақсадида вилоятдаги 5 та марказий деҳқон бозорларида “Элга хизмат расталари” ташкил этилди.
Тумандаги жами 42,2 минг аҳоли хонадонларида 198,0 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари заҳира қилиш кутилмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан ўз хонадонларида арзон ва сифатли озиқ-овқат заҳирасини яратишларида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, ҳар бир маҳаллада озиқ-овқат савдо дўконлари ва кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан қурилиш ишлари бошланади. Бугунги кунга қадар 11 та дала дўконлари қурилиши бошлаб юборилган ва 2 таси фойдаланишга топширилган.
Туманда 688 гектар майдонда тўқсонбости экин экиш режалаштирилган.
Шундан сўнг туман сектори раҳбарлари – туман прокурори Элёр Талабоев, туман ИИБ бошлиғи Миршоҳид Собиржонов, туман Давлат Солиқ инспекцияси раҳбари Шохруҳ Азбеков, туман ветеринария бўлими бошлиғи Абдуғаффор Розиқов, “Шохидон бургути” фермер хўжалиги раҳбари Абдулходи Азизовларнинг ахборотлари тингланди.
Тадбир давомида сессияда иштирок этган республика, вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар билан матбуот анжумани ўтказилди. Улар сессия олдидан тумандаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб, жойларда пайдо бўлган савол, таклиф-мулоҳазаларини туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамовага ҳавола этишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.