January 30, 2020

СУПЕРЮЛДУЗНИНГ ҲАЛОКАТИ Ёхуд машҳур актёр Талъат Нигматуллиннинг фожиали қисмати

2-қисм.

Секта балоси

1980 йил бошида Талъат Нигматуллин бир сектага аъзо бўлди. Ушбу мазҳабнинг раҳнамолари асли келиб чиқиши Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридан ҳисобланган Абай Бўрибоев ва нукуслик халқ “табиби”, экстрасенс Мирза Қимматбоев эдилар. Секта таркиби журналистлар, ёзувчилар, рассомлардан иборат эди. Мазкур мазҳабдагилар дзен-буддизм ва эзотерика уйғунлашувидан таркиб топган “Тўртинчи йўл”га эътиқод қилишарди. Ўзига тўқ секта аъзолари “руҳий акалари”дан нима излашгани уларнинг яқинлари учун жумбоқ бўлиб қолган. Афтидан Талъатнинг “ўрганилмаган дунё”га интилиши уни Бўрибоев сектасига етаклаб келган. 1981 йили Талъат илк режиссёрлик иши — “Акс-садо” номли ўн дақиқалик ҳужжатли фильми учун пул топди ҳамда Мирза ва Абайни суратга олди. Аммо фильмга дўстлари ва раҳбарият томонидан яхши фикр билдирмадилар. Лариса Кандалованинг ҳисоблашича, агар у Талъатнинг ёнида бўлганида бу “исқиртлар”га актёрни асло яқинлаштирмасди: “Сектага гиёвандлик аралашган деб ўйлайман, чунки улар ичкиликбозлик қилиш билан чекланмаган. Бирга яшаганимизда Талъатда ҳеч қачон наркотикларни кўрмаганман. Тўғри, у ичарди, аммо бошқа артистлар ҳам бундай гуноҳ қилишган”.

Ҳалима Ҳасанова қайдлари

“Биз ажрашгач, мен айрилиқдан узоқ вақт азият чекдим. Уни ишончсиз қўлларга топширганим ҳақидаги ҳиссиёт онг-шууримни сира тарк этмади. Талъат нима учун бу мазҳабга ўралашиб қолган, сира тушунмайман. Билганим фақат шу: бу фирибгарлар фотосуратимни кўришгач, мен билан ажрашиши кераклигини айтиб Талъатни кўндиришга уринишган. Мен ҳаётини издан чиқармаслиги учун яхшилаб ўйлаб кўришини айтдим, бироқ ҳаракатларим бесамар кетди. Сектадагиларни эса бир марта кўрдим, холос. Улар ўта қашшоқ, заифлиги билан мени ҳайрон қолдиришди. Талъат эса худди офтоб мисоли ажралиб турарди”.
1985 йил февраль ойи бошларида Мирза ва Абай “мактаби”да ихтилоф юз берди: вильнюслик бир нечта ўқувчи секта билан алоқасини узишга қарор қилишган эди. Вазиятни ўрганиш учун ўша жойга Абайнинг ўзи йўл олди. Кейин эса итоат этмаганларнинг “ақлини киритиб қўйиш” мақсадида Нигматуллинни ҳузурига чақирди. Суратга тушиш учун Кишинёвга бориши керак бўлган Нигматуллин Вилньюсга қўниб ўтишга қарор қилди. Абай билан учрашганларида у актёрга савол берди: “Менга қарши чиқаётган одамлар бор. Ёрдам беришни хоҳлайсанми?” Талъат рози бўлди. Устозининг ҳақлигига мутлақо ишонган Нигматуллин сектанинг норози аъзолари билан муносабатларга ойдинлик киритиш учун тегишли манзилга йўл олишди.

Фожиали кеча

Абай шогирдларининг садоқатига ишонч ҳосил қилиш учун камситадиган синов усулларини қўллаган. Масалан, бир зиёфатда Абай барчанинг кўз ўнгида стаканга тупурди ва Талъатга уни ичишни буюрди. Нигматуллин буйруқни бажарди. Шарқ бозорида эса Абай актёрга тиланчилик қилишни амр этди. Нигматуллин бу буйруққа ҳам итоат этди. Абай умумий иш учун пул кераклигини айтганида уч боланинг отаси бўлган ва яхши пул топадиган Талъат ўзидаги бор маблағни қўшқўллаб топширди. Суд ҳужжатларига кўра, танишганларидан буён Нигматуллин Бўрибоевга икки минг рублдан кўп пул берган, ваҳоланки, ўшанда мамлакат миқёсида ўртача иш ҳақи 120 рубль эди. Яъни Талъат Абай билан нафақат фахрланган, балки унга тўла-тўкис итоат этган. Бироқ Абай ўзига бўйсунмаган шогирдларни кўрсатиб, “Мана бу муртадни ур!” деганида Нигматуллин кутилмаганда “Урмайман!” деди. Илк бор буйруқни бажармагани устозни ғазаблантириб юборди. “База”га қайтишгач, Талъатнинг Абайдан эшитгани шу бўлди: “Сен – сотқинсан!” “Сотқин эмасман”, – деди актёр. Шунда устоз амр қилди: “Уни дўппосланглар!” Бу ердагиларнинг барчаси Талъатга ташланди.
1985 йилнинг 10 дан 11 февралга ўтар кечаси Вильнюс марказидаги рассом А.Калинаускаснинг уйида беш нафар “табиб” актёрни шафқатсизларча калтаклашди. Бу ҳолат токи Талъатнинг ички аъзолари тамоман лат егунча давом этди. Фёдор Раззоқовнинг китобида ёзилишича, ур-калтакда бевосита москвалик каратэ устаси В.Пестрецов ҳам қатнашган. Маълум вақтдан сўнг секта раҳбари калтаклашни тўхтатишни буюрди ва сўзларини такрорлади: “Сен – сотқинсан!” Талъат жавоб берди: “Йўқ!” Жисмоний жазо давом эттирилди. Актёр зиғирча қаршилик кўрсатмади, ўзини ҳимоя қилишга ҳам уринмади. Ваҳоланки, каратэ усулларини пухта билган, қора белбоғ соҳиби бўлган Нигматуллин қурол-аслаҳасиз одамларни ҳар томонга учириб юбориши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмай, устозининг кўзларига унсиз тикилди. Синчков нигоҳга дош беролмаган Абай шундоқ ҳам дабдаласи чиққан Талъатга сўнгги бешта зарба берди ва ўлим ҳодисаси рўй берди.

Нигматуллин устози ноҳақлигига амин бўла туриб, нега ўзига берилган ҳамлаларга қаршилик кўрсатмаган? Бунинг сабаби воқеалар жуда тез рўй берганида бўлса керак. Бир соат ичида ўзи салкам сиғинган устозининг аблаҳ одамга айлангани Талъат учун оғир фожиа эди. Кўзлари кеч очилган шогирднинг барчасини англаб етиши учун вақт етишмасди. Агар унинг мулоҳаза учун икки соати бўлганида ўлмай қолиши мумкин эди. Дарҳақиқат, бундай руҳий зарбадан сўнг одам дарҳол ўзини ўнглай олмайди. Баъзида йиллар керак бўлади. Суд материалларида ёзилишича, калтаклаш саккиз соат давом этган. Нималар рўй бераётганини англаганида Талъатнинг қаршилик кўрсатишга кучи ҳам қолмаган эди.

Унинг жасади ювиниш хонасидан топилди. Марҳум танасида 119 та жароҳат бўлиб, 22 таси бош қисмида эди. Мурда шу қадар абгор аҳволда бўлганки, Венера уни кремация қилишга қарор қилди ва бу жараён Каунасда ўтказилди. Талъатнинг хоки Тошкентдаги “Чилонзор ота” қабристонида дафн этилди.

Абай Бўрибоев ва Мирза Қимматбоев суд томонидан 14 ва 10 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинди. Бошқа жиноятчиларга нисбатан қисқа муддатли жазолар тайинланди. Архивдаги расмий маълумотларга кўра, Абай Бўрибоев жазони ўтиш чоғида сил касаллиги туфайли вафот этган, аммо “Талъат Нигматуллин: суперюлдузнинг ҳалокати” фильмида айтилишича, Бўрибоев қамоқда ўлдирилган. Мирза Қимматбоев эса жазони тўлиқ ўтади, озодликка чиқди, яна “табиблик” билан шуғулланиб, 2006 йили жигар циррози билан ҳаётдан кўз юмди...
Машҳур актёр Талъат Нигматуллин ўлганида 36 ёшга тўлишига уч ой қолган эди.

Анвар Намозов.