October 7, 2020

Етим ҳақи тикланди

Наманган шаҳрида “Даштбоғ” маҳалласи бор. Фуқаро Шуҳратжон Қурбонов билан Марғуба Иномовалар 1993 йилда турмуш қуришган. Шуҳратжон ўз онаси ва укасига қўшни бўлиш учун 7 пр. Ғирвонсой кўча
35-уйни Маҳмудахон Эргашевадан сотиб олиб, кўчиб келган. 1994 йилда Маҳлиё исмли қиз кўришган. Шуҳратжон Россияга ишлагани бориб, у ерда юрак хуружи билан вафот этган. Хотин эрининг барча маросимларини ўтказгач, тирикчилик истаб яна Россияга, эр ишлаган идораларга бош уриб кетган.

Шуҳратжоннинг укаси Мухторжон ва унинг хотини Фируза у ўтган кундан бошлаб етимнинг хақига кўз олайтиришди. Бунда аканинг улар яшаб турган жойнинг деворора қўшнисидан уй сотиб олгани қўл келди. Шуҳратжон ўз вақтида хотини ёки қизига кадастр қилдирмади. “Онам, укам бор, шуларга ишонмасам кимга ишонаман?” дер эди. Аммо у чучварани ҳом санаган экан. Она вафотидан кейин ўғил жиянига жигарлик қилмади! 2002 йил Маҳмудахон Эргашева номидан харакат қилиш учун Қурбонов Мухтор ва Қурбонов Шуҳратга берилган шартномани Мухтор 12 йилдан сўнг, давлат акцияси вақтида ҳаракатга келтирди. Айрим уйларни бузиб, янгилади. Комиссияга “Мен қурдим” деб кўрсатди. Даштбоғ МФЙ раисидан маълумотнома ҳам олди?! Бу билан Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 23 майдаги 659-сонли қарорини чиқаришга эришди. “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар ва ер участкаларига нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида”ги қарор иловасида марҳум Шуҳратнинг хотини Марғуба ҳам, қизи Маҳлиё ҳам эмас, балки Фируза Абдусаломовна Болтабоеванинг номи муҳрланган эди?!

Бироқ, Наманган шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастр корхонасида 2020 йил 4 мартдаги 1714401/R – А905842-сонли кўчмас мулк объекти рўйхатдан ўтказилганди. Унга кўра Наманган шаҳар Ғирвонсой кўча, 7-проезд, 35-уйга Маҳлиё Қурбоновада мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик ҳуқуқи мужассам. Ушбу уй-жойга нисбатан унинг номига 2020 йил 4 мартда YK-1714401/123197-сонли кадастр паспорти ҳам берилган. Бу хужжатлар томонларнинг тортишуви даврида Махлиёнинг тоғаси томонидан бажарилди. Суд мажлисида юқоридаги ҳолатларнинг барчаси ўрганилди. Томонлар талаби, адвокатлар фикри, прокурор сўзи эшитилди. Суд шаҳар ҳокимининг юқоридаги 659-сонли қарорини бекор қилди. Феруза Болтабаеванинг мулкка бўлган хуқуқи тўхтатилди. Етим ҳақи тикланди.

Жалолиддин Хусаинов,

Наманган шаҳар маъмурий суди раиси

Эркин кузатувчи изоҳи: Суд мажлисида қатнашар эканмиз, ҳар икки томон, жумладан етим ҳақига ҳиёнат қилган амаки ва келинойи, уларнинг адвокати ҳам ўзларини ҳақ ҳисоблашларига гувоҳ бўлдик. Афсусландик. Негаки, Шуҳратнинг укаси Мухтор Қурбонов “ётиб қолгунча отиб қол!”моқчи бўлди.

2020 йил 6 март куни Тўрақўрғон туман маъмурий суди ишни юритишдан тугатиш ҳақида ажрим чиқарган эди. Судда манфаатдор Болтабоева Феруза ва эри Қурбонов Мухтор томонидан “етим ҳақини емаймиз, фақат иморатларни алмаштирамиз” деб оғзаки келишув бўлди. Аммо Мухтор нотариусда ваъдасига вафо қилмади. Энди иш вилоят маъмурий суди аппеляцияси инстанциясида кўрилди. Унда биринчи босқич суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаганлиги маълум бўлди. Шунинг учун Маҳлиё Қурбонованинг аризасини кўриб чиқиш Чуст туман маъмурий судига юборилди. У ерда ҳам адолат бўлмади. Наманган шаҳар маъмурий суди юқоридаги адолатли тўхтамга келди.

Етим ҳақига ҳиёнатнинг мудхиш оқибатини тирик жон ҳаёлига ҳам келтирмайди. Амакиси томонидан мулкдан маҳрум этилган Махлиё тоғаси Адҳам Иномовга ишончнома бериб вакил қилиб олди. Ўз уйининг бегонасига айланган қизнинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини тиклаш учун тоға астойдил ҳаракат қилди. Адвокати Нодира Жўраева ҳам ишнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргангани суд мажлисида аён бўлди. Адолат қарор топди.

Раҳимжон Ирисов,

журналист.