Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳақида биласизми?
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани рўйхатдан ўтказувчи орган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2750-сон қарорига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга белгиланган талаблар ва инвесторларга берилган кафолатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 30 ноябрдаги “Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида”ги ПФ–1652-сон Фармонининг 1-бандига асосан қуйидаги шартларга жавоб берадиган янгидан ташкил этиладиган корхоналар хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар жумласига киради:
корхонанинг низом жамғармаси 400 миллион сўмдан кам бўлмаслиги (Қорақалпоғистон Республикаси Республикаси ва Хоразм вилояти бундан мустасно);
хорижий сармоялар улуши корхона низом жамғармасининг камида 15 фоизини ташкил этиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 11 июндаги “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кичик корхоналарни ривожлантиришни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–3090-сон Фармонининг 1-бандига асосан устав жамғармасининг миқдори камида 200 млн сўм бўлган ҳамда белгиланган бошқа шартларга жавоб берадиган корхоналар ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида янги барпо этиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунига асосан инвесторларга солиқлар ва тўловларни тўлаш шарти билан чет эл валютасидаги маблағларни Ўзбекистон Республикасига
ва Ўзбекистон Республикасидан чекловларсиз эркин ўтказиш, шу жумладан валютани репатриация қилиш учун айирбошлаш кафолатланади.
Бундай ўтказмалар қуйидагиларни ўз ичига олади:
чет эл инвестицияларини сақлаб туриш ёхуд кўпайтириш учун бошланғич ва қўшимча суммалар;
инвестицияларни амалга оширишдан олинган даромад;
етказилган зарарларнинг ўрнини ушбу Қонунга мувофиқ қоплаш сифатида олинган маблағлар;
шартномалар шартларини бажариш тартибида амалга оширилган тўловлар;
чет эл инвестицияларини тўлиқ ёки қисман сотишдан тушган тушум;
низони ҳал қилиш оқибатида, шу жумладан ҳар қандай суд ёки арбитраж қарори оқибатида юзага келадиган тўловлар;
ходимларнинг иш ҳақи ва бошқа тўловлари;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалардан олинган маблағлар.
Агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестиция қилиш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, инвестиция қилиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари чет эл инвесторларига нисбатан инвестиция қилиш пайтидан эътиборан ўн йил мобайнида қўлланилади. Инвестор ўзининг инвестиция қилиш шарт-шароитларини яхшилайдиган янги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўз хоҳишига кўра қўллаш ҳуқуқига эга.
Инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишларни “ягона дарча” тамойили бўйича ташкил этиш мақсадида давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлайди, шу жумладан тегишли Давлат хизматлари марказлари орқали таъминлайди.
Ишларни “ягона дарча” тамойили бўйича ташкил этиш қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:
мавжуд давлат хизматлари масалалари бўйича қабул қилиш ва маслаҳат бериш;
давлат хизматларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштиришда ёрдамлашиш;
электрон рақамли имзони, электрон аризани ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдамлашиш;
давлат хизматларини олишда инвесторга давлат бошқаруви органларида ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳамроҳлик қилиш.
Инвестицияларни ва инвестиция фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун қўлланиладиган имтиёз ҳамда преференциялар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
давлат мулки бўлган объектларни ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқларни имтиёзли ёки нолга тенг харид қиймати бўйича инвесторга бериш;
солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар бериш;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун инвестор томонидан олинадиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини субсидиялаш.
Имтиёзлар ва преференциялар қуйидагиларга қараб берилади:
инвестициялар ҳажмига;
инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган жойнинг шарт-шароитларига;
кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самарага ва янги иш ўринларини яратишга;
инвестиция лойиҳасини амалга ошириш соҳалари ва тармоқларига.
Солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар қонунда белгиланган тартибда берилади.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш 2 хил йўл билан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
марказга келган ҳолда.
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 9-бандига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза берувчи ўзининг шахсий кабинети ёки “тадбиркорлик субъектининг шахсий кабинети”дан эркин фойдаланиш имконига эга бўлгандан сўнг:
“бизнесни рўйхатдан ўтказиш” — давлат хизматини танлайди;
тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларга тегишли сўровномани шакллантиради;
сўровнома шакллантириш жараёнида ариза берувчи томонидан фирма номини танлаш ва бир хиллигининг текширилиши Тизим томонидан автоматик тарзда амалга оширилади;
сўровномага давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари (ариза берувчи таъсис ҳужжатларини ўз ихтиёрига кўра қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда намунавий шакллар асосида ёки бошқа шаклларда расмийлаштириш ҳуқуқига эга) илова қилинади;
сўровнома охирига етганидан сўнг давлат божи тўлови амалга оширилади.
Сўровномага илова қилинаётган ҳужжатлар:
электрон ҳужжат шаклида,
қоғозда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг “PDF” (portable document format) форматида сканер қилинган нусхалари шаклида илова қилган ҳолда жўнатишга йўл қўйилади.
Давлат рўйхатидан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) учун юборилган сўровномалар муассислари таркибида:
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар кўрсатилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар;
чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар;
бошқа тадбиркорлик субъектлари — юридик шахсларда мажбурий тартибда кўрсатилган шахсларнинг электрон рақамли имзоси билан имзоланади.
Марказ орқали рўйхатдан ўтказиш тартиби.
Ариза берувчилар чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш учун шахсан келган ҳолда марказга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Марказга ўзи келиб мурожаат қилинганида қоғоз ҳужжатларнинг асл нусхалари бир нусхада тақдим этилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган масъул ходимига ҳужжатлар ўзи келиб ариза берувчининг вакили томонидан тақдим этилса:
унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, ҳарбий билет, ҳайдовчилик гувоҳномаси, шахсини ва Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойини тасдиқловчи бошқа ҳужжат);
ариза берувчи вакилининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома, шартнома, тадбиркорлик субъекти — юридик шахс муассисларининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган қарори, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳужжатлар) тақдим этилади.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун марказга:
давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари;
давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни ёки белгиланган давлат божи миқдори тўланганлиги тўғрисида банк тўлов ҳужжатининг нусхаси тақдим этилади.
Маълумот тариқасида, хорижий муассис тўғрисида юридик шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги савдо реестридан кўчирма ёки юридик шахс фаолиятини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, жисмоний шахс — Ўзбекистон Республикаси норезидентиларининг паспорт нусхаларини тақдим этиш талаби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
9 февралдаги 66-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан
2017 йилнинг 1 апрелидан бекор қилинган.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани қайта рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатлар сўровномага илова қилинади:
тадбиркорлик субъекти ваколатли бошқарув органининг таъсис ҳужжатларига устав фонди миқдорининг оширилиши, улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтиши билан боғлиқ бўлган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори;
давлат тилидаги таъсис ҳужжатлари;
топшириш далолатномаси — қўшиб юборилганда ва қайта тузилганда;
тақсимлаш баланси — ажратиб чиқаришда;
тадбиркорлик субъекти ваколатли органининг таъсис ҳужжатларида эълон қилинган устав фонди миқдори шакллантирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат — устав фонди миқдори оширилганда;
тадбиркорлик субъекти — юридик шахс иштирокчилари томонидан қўшимча ҳиссалар ва учинчи шахслар томонидан тўла миқдордаги ҳиссалар киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар — устав фонди миқдори оширилганда;
улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат (шартнома, хат, ҳуқуқий ворислик, мерос, суд қарори ва шу кабилар) — улуш (ҳисса) бошқа шахсга ўтганда.
Таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш таъсис ҳужжатларни янги таҳрирда қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.
Устав фонди миқдорининг оширилиши, улушнинг (ҳиссанинг) бошқа шахсга ўтиши билан боғлиқ бўлган қайта рўйхатдан ўтказиш амалга оширилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган масъул ходими хабарнома олганидан сўнг, тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиши ва қайта ишлаши шарт.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказишда тўланадиган давлат божи миқдорлари:
Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг миқдорларига асосан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона давлат рўйхатидан ўтказилганда:
ўзи марказга келиб мурожаат этганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг
10 баробари миқдорида.
Нодирбек Исомиддинов,
Наманган шаҳар Давлат хизматлари Маркази директори.