October 22, 2020

Бугунги кунда Наманган шаҳрида озиқ-овқат заҳираси ва нархлар барқарорлиги қандай? Бу борада амалга оширилаётган ишлар

Бугун, 22 октябрь куни Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда 2020 йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида кечиктириб бўлмайдиган бир қатор вазифалар юзасидан 4 та сектор раҳбарлари ахборот берди.

Сессия кун тартибида ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари, 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, Наманган шаҳар сектор раҳбарларининг “ТЕМИР ДАФТАР” руйхатига киритилган аҳолини эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, даромадларини ошириш ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга ошираётган ишлари ҳақида атрофлича муҳокама қилинди.

Наманган шаҳар аҳолисини коронавирус пандемияси даврида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли мониторинг қилиш, назоратни йўлга қўйиш ва нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бугунги кунда шаҳар аҳолисига истеъмоли учун меъёр бўйича келгуси 6 ойида 8,9 минг тонна гўшт, 4,68 минг тонна товуқ гўшти, 2,2 минг тонна балиқ, 16,6 минг тонна картошка, 3,1 минг тонна гуруч, 28,7 минг тонна ун, 3,5 минг тонна шакар, 2,9 минг тонна ўсимлик ёғи, 63,3 млн. дона тухум, 2,1 минг тонна пиёз, 6,2 минг тонна сабзи талаб этилади.

2020 йилда 34,419 минг тонна (103,2%) гўшт, 301,0 минг тонна (100,0%) картошка, 445,8 минг тонна (100,2%) товуқ гўшти, 0,8 минг тонна (100,2%) балиқ, 0,06 минг тонна (100,2%) гуруч, 51,733 минг дона (105,8%) тухум етиштирилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Шаҳар ҳокимлигининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида, шаҳардаги учта йирик бозорлар раҳбарларига “Наманган Чорсу деҳқон универсал бозори” АЖга 300 тонна картошка, 50 тонна пиёз, 120 тонна гуруч, 100 тонна шакар, 60 тонна кунгабоқар ёғи ва 60 тонна пахта ёғи, "Сардоба бозори" МЧЖга 150 тонна картошка, 30 тонна пиёз, 60 тонна гуруч, 100 тонна шакар, 30 тонна кунгабоқар ёғи ва 30 тонна пахта ёғи, "Яшил дехкон бозори" МЧЖга 50 тонна картошка, 20 тонна пиёз, 20 тонна гуруч, 10 тонна кунгабоқар ёғи ва 10 тонна пахта ёғи маҳсулотларини 2020 йил 20 ноябрга қадар омборхоналарга жамғариш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.