February 14, 2020

Ахборот хизмати фаолияти ҳоким эътиборида!

Бугунги шиддаткорлик касб этаётган демократик ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида Давлатимиз раҳбари томонидан очиқлик ва ошкораликка, ахборот хизматлари фаолиятига юксак эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ахборот сиёсати борасидаги янгиланишларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда янги давр одимларига ҳамоҳанг бу йўналишдаги фаолиятни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ташкил этилган ахборот хизматлари фаолиятини шунга мувофиқ ташкил этиш бугунги давр талабидир.
Шу нуқтаи назардан Ахборот хизматларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қулайлик ва имкониятлар, уларнинг моддий-техник воситалари билан таъминланиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан амалий ёрдам бериш йўли билан таҳлилий тарзда ўрганиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли қарори ижросини шаҳар ва туман ҳокимликларида бажарилиши юзасидан навбатдаги ўрганиш Косонсой тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати фаолиятига қаратилди.
Бошқарманинг Ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш сектори мудири Алибек Эргашев туман ҳокимлиги Ахборот хизмати фаолияти билан танишишда янги даврга хос янги соҳа ва унга яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Косонсой тумани ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Рустамхон Темировга туман ҳокимлиги биносидан алоҳида хона, тезкор интернет, энг замонавий компьютер жамланмаси, видеокамера, диктофон, фотоаппарат, ноутбук, телевизор, Wi-Fi қурилмаси аппарати, шаҳарлараро телефон аппарати, нусха кўчириш аппарати ажратиб берилган.

Ўрганиш давомида ҳокимликнинг ахборот хизматини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаётганлиги ва бундай эътибори алоҳида эътироф этилди.
Жамоатчилик билан алоқалар долзарб аҳамият касб этиб бораётган тараққиёт асри талабларига ҳамоҳанг давлат ҳокимияти фаолияти очиқлигини таъминлашга бўлган алоҳида эътибори учун Косонсой туман ҳокими Баҳодир Юсуповга миннатдорчилик билдирилди.
Туман ҳокимининг Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини таъминлашга бўлган эътибори юқори баҳоланди. Шунга мувофиқ туман ҳокимлигининг ахборот хизмати давр одимларига ҳамоҳанг самарали ва тўлақонли фаолият юритиб келмоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органи фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, шаффофликни асосий мезон деб билиш, унинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарали йўлга қўйилиши ва ахборот хизмати фаолиятининг муваффақиятли олиб борилишига хизмат қилади.
Косонсой тумани ҳокимлиги бугунги кунда ахборот борасидаги очиқлик сиёсатига юксак эътибор қаратаётгани туман ҳаётининг барча жабҳалари кенг ва самарали ёритилишида, аҳолининг янгиланишлар жараёнидан хабардорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Наманган вилояти АОКБ Ахборот хизматлари сектори.