Аёллар: Биз зўравонликка қаршимиз!
Аёл ожиза, бироқ кучли, аёл заифа, аммо иродали! Унинг иродаси олдида лозим бўлса буюклар бош эгади. Азалдан эркаклар ҳимоясида бўлган шарқ аёлларининг қадр-қиммати ҳамиша эъзоз-у, эътироф этилган.
Бироқ сўнгги пайтларда хотин-қизларни кучли жинс вакиллари томонидан қадрсизлантириш, уларга тазйиқ ўтказиш, зўравонлик қилиш ҳолатлари ҳам афсуски кўплаб кузатилмоқда.
Мамлакатимизда ушбу салбий вазиятларга чек қўйиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан иккита қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар 2019-йил 23 августдан амалиётга татбиқ этилди.
Қонунда белгиланган моддалар доирасида хотин қизларнинг сиёсий ва ижтимоий майдондаги ўрни ва роли янада оширилди. Гендер тенглигини таъминлаш мақсадида рахбарлик лавозимларига лойиқ кўрилган аёлларнинг номзодлари эркакларники билан ёнма-ён қўйилди. Парламентда аёлларнинг ўрни ортиб бораётгани ҳам юртимизда гендер тенглиги ривожланаётганидан далолатдир.
Шунингдек, Республикамизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар ҳимояси учун турли акция, лойиҳа ва ҳайрия тадбирлари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари зўравонликка учраган аёл-қизларни ҳаётга, келажакка бўлган умидларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари фаолияти йўлга қўйилди.
Биргина Ички ишлар органларини мисол қиладиган бўлсак, тизимда айнан хотин-қизлар масалалари билан ишлаш бўлимлари ташкил этилди. Зўравонликка учраган, тазйиқ остида қолган аёл-қизлар билан бундан буён фақат аёл ходималар профилактик суҳбатлар ўтказиб, жабрланувчиларни ҳимояга оладилар.
Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тарғибот ва тушунтириш ишларини мунтазам олиб боришади, лекин ушбу салбий вазиятларни бартараф этишда, хотин-қизларнинг муаммоларини ваколатли органларга етказишда ОАВ вакилларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Айни шу мақсадда “USAID”нинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури томонидан шу йил 21-22 январь кунлари Тошкент шаҳрида Республика ва ҳудудий журналистлар иштирокида семинар тренинг бўлиб ўтди.
“Гендер тенглиги ва оиладаги зўравонликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари” бўйича журналистлар учун ташкил этилган икки кунлик семинарда Наманган вилоятидан Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати мухбири ва шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати рахбари иштирок этишди.
Семинарда гендер тенглиги ва ижтимоий масалалар бўйича мутахассис, юрист-Малика Инакова иштирокчиларга юқоридаги икки қонун ва унинг ижросини тўлақонли амалда қўллашда ОАВ вакиллариниг ўрни ва ролини ошириш юзасидан аниқ фактларга асосланган маълумотлар берди.
Қизиқарли ўйинлар шаклида бўлиб ўтган тренинг давомида журналистлар ушбу икки қонун ва унинг талаб ҳамда ижроларини фуқароларга етказиш учун тайёрлаган материали энг аввало халқчил бўлиши лозимлиги семинар қатнашчиларига тушунтирилди ва айнан қандай услубда ахборот материаллари тайёрлаш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.
Албатта, тўртинчи ҳокимият мақомига эга бўлган ОАВниг роли гендер тенглигини ривожлантириш ва зўравонлик иллатини йўқ қилишда асосий аҳамиятга эга катта кучдир. Ўйлаймизки бўлиб ўтган семинар тренингдан олинган билимлар орқали келгусида қонунлар ижросини амалда бажарилишида журналист ва блогерлар жонбозликни қўлга олади.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати.